« Back

Герб 01.07.2020 12:36

Юрт тимсоли

Туркий халқларда Семурғ, кейинчалик Хумо қушининг алоҳида эъзозланиши бежиз эмас. Бу қуш қадимдан давлат ва бахт рамзи сифатида эъзозланиб келинган. Шарқ халқларининг ушбу тасаввури аста-секинлик билан ғарб салтанатларининг давлат рамзларида ҳам акс эта бошлади. Шундай қилиб, давлатчилик анъаналари ривожланган бугунги кўҳна қитъа бу анъанани Шарқдан мерос сифатида олган эди. 

Яқин кунларда давлатчилигимизнинг қадимий ва муқаддас анъанаси, халқимизнинг асрий эҳтиёжи – мустақил давлат эканимизни ўзида намоён қилган гербимизнинг қабул қилинганига 28 йил тўлади. 1992 йилнинг 2 июль санасида Мустақил Ўзбекистон Республикасининг Давлат рамзи Герб тўғрисида миллий қонунимиз тасдиқланганди. Герб – бу тааллуқлилик белгиси. Герб – бу миллий рамз. Герб – бу миллий ғурур. Ушбу белги туширилган ҳар бир буюм, ҳар бир моддият халқимиз мулки, бойлиги, кўз-қорасидир. Ушбу рамзни кўксига илган ҳар бир шахс, рамз ифодаси тушган макон халқ ва миллат учун, унинг тинчлиги, фаровонлиги, шарафи ва бахти учун масъулдир. 

Ер юзидаги барча мамлакат ўз гербида ватан ва миллати учун муқаддас бўлган тушунчаларни ифода этади. Японлар қўёш ва хризантемани ўз рамзларида уйғунлаштирган бўлсалар, ҳиндлар ўз гербида муқаддас жонзотлари – шер, буқа, от ва филни акс эттиришган. 

Худди шунингдек, ўзбек халқи ҳам ўз гербида афсонавий Хумо ҳамда юлдузлар билан бир қаторда она заминнинг барча неъматларини меҳнаткаш ва бунёдкор халқ ҳаёти рамзи сифатида тасвир этади.

Айём муборак, азиз ҳамюртлар! 

 Алишер Собиров, 
“Маърифат” тарғиботчилар жамияти Хоразм вилояти аъзоси