« Back

Хабарлар 19.04.2020 13:02

ТОШКЕНТ ШАҲАР ҲОКИМЛИГИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ:

ХАБАРЛАР

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 18 апрель - Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари куни муносабати билан байрам табриги

Жамиятимизда шундай хизмат вакиллари борки,  улар туфайли уйимиз, оиламиз даврасида қулай шароитда яшаймиз. Улар эса кунни тунга, баъзан эса тунни кунга улаб, барчамиз учун меҳнат қилишади. Уларнинг вазифаси вақт, манзил, шароит танламайди. Матонат, бурчга бўлган садоқат, халққа бўлган меҳр уларни зиммаларидаги масъулиятли ишни бажаришга ҳар чоғ чорлайди.

Бугунги синовли кунларда ҳам улар халқ учун ҳозиру нозир. Бугун улар ўз ҳаловатларидан кечиб,  аҳоли ҳаловати учун меҳнатдан қўл узишмаяпти, улар бугун ўз оилалари билан уйда ўтирмай,  ўзга оилаларнинг турмуш шароитини яхшилаш йўлида хизмат қилишмоқда.

18 апрель - уларнинг куни, уларнинг байрами. Коммунал хизмат кўрсатиш ходимларининг ҳар бири, хоҳ раҳбар, хоҳ ишчи бўлсин, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасига дахлдор барча ходимлар, хусусий уй-жой ширкатлари ва бошқарув компаниялари вакиллари бугун эътироф ва эътиборга, самимий қутловга лойиқ.

Азиз ва меҳнаткаш уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси ходимлари!

Сизни – уста чилангарлар ва лойиҳачиларни, механик ва технологларни, кочегар ва операторларни, оддий ишчилар ва муҳандисларни, ҳурматли фахрийларни, халқимизга уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасига дахлдор барча ходимларни бугунги кун билан самимий қутлайман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, машаққатли, аммо олийжаноб фаолиятингизда ва шахсий ҳаётингизда ютуқ ва омадлар, оилаларингизга бахту саодат, файзу барака тилаб қоламиз.

Унутманг, халқ хизматидаги инсон доим халқ эътиборида. Яна бир бор байрам муборак бўлсин!

Тошкент шаҳар ҳокими 
Жаҳонгир Артикходжаев

*   *   *

Коронавирус пандемияси кўплаб соҳа ва тармоқлар фаолиятининг тўхташига сабаб бўлган эди. Бугунги кунда ҳам ҳали вазият барқарорлашмаган бўлсада, аҳолининг озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа эҳтиёжлари инобатга олинган ҳолда баъзи корхона ва муассасалар фаолияти карантин талабларига тўла риоя этилгани ҳолда қайта йўлга қўйилмоқда.

Тошкент шаҳар аҳолиси талаб ва эҳтиёжи ҳамда хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорларнинг мурожаатларини ўрганиш хулосаларидан келиб чиқиб, пойтахтимиздаги кимёвий тозалаш муассасалари фаолиятини қайта йўлга қўйишга рухсат берилди.

Фаолиятини қайтадан бошлайдиган кимёвий тозалаш муассасалари карантин талаблари ва ишни қайта тиклаш бўйича махсус комиссия томонидан ишлаб чиқилган тавсияларга тўлиқ амал қилиши талаб этилади. Шунингдек, иш бошлашдан аввал муассаса ҳамда хизматга жалб қилинган ходимлар СЭОМ текширувидан ўтиши шарт. Аҳоли зарур бўлмаганда кўчага чиқмаслиги лозимлиги талабидан келиб чиқиб, бундай турдаги ташкилотларга буюртмаларни олиб кетиш ҳамда етказиб беришни ташкил қилиш тавсия этилади.