« Back

Хайрли ташаббус 20.06.2020 12:46

Онкологик касал учун 400 000 сўм нафақа етарлими?

photo_2020-06-20_12-48-06 Назира Пирмуҳаммедова 2000 йилдан буён кўкрак саратони хасталиги билан оғриб келади. 2002 йили эса турмуш ўртоғи билан расман ажрашишга мажбур бўлган. Ҳозирда 2 нафар қиз фарзандини турмушга узатиб юборган бемор ёлғиз ўзи боқувчи қарамоғисиз яшамоқда. Боз устига, шифокор яқинда жигар церрози ташхисини ҳам қўйди. Ёлғиз аёл давлат томонидан ажратилган 400 000 сўмлик нафақани қиммат-қиммат дориларига  етказсинми ёки кундалик озиқ-овқати-ю, коммунал тўловларга берсинми? Аёл билан суҳбатлашганда унинг ҳолатини кўриб, наҳотки шу пайтгача кўкрагини кериб юрган неча масъуллар ёрдам қўлини чўзишмаган бўлса, деб ўйланади киши. Афсуски, бемор Н.Пирмуҳаммедовага мурожаат қилиб борган Халқ қабулхоналари-ю, прокуратура органлари каби ташкилотларнинг бирортаси кўмак беришдан бош тортиб, турли хил важлар битилган рад жавобларини жўнатишдан бошқа нарсани билишмади. 

Карантиндан аввалроқ Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Б.Валиев ўз округидаги Халқ қабулхонасида ўрганишлар олиб борганида ушбу беморнинг мурожаатига ҳам дуч келган эди. Депутат бемор аёл мурожаати бўйича қатъий ўрганишлар олиб борганидан сўнг эндиликда бу муаммони навбатдаги сессия кун тартибига киритиб, онкологик хасталиги бор беморлар учун нафақа миқдорини чеклаб қўйишни бекор қилиш ҳамда дори-дармонларнинг бепул берилиши таклифини илгари суриш саъй-ҳаракатида. Сессиянинг тегишли қарори чиқарилишига эришилгач, мутасадди ижро органлари ўз-ўзидан Н. Пирмуҳаммедова каби беморларнинг ҳожатини раво қилишдан бўйин товлай олмайдилар. 

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши матбуот котиби