« Back

Халқаро эътироф 11.06.2020 12:48

ТОШКЕНТ ДАВЛАТ ЮРИДИК УНИВЕРСИТЕТИ НУФУЗЛИ ХАЛҚАРО АССОЦИАЦИЯЛАР АЪЗОЛИГИГА ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ

Халқаро юридик олийгоҳлар ва уларнинг ассоциациялари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мамлакатимизда олий юридик таълим сифатини таъминлашнинг муҳим омилларидан ҳисобланади. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан Тошкент давлат юридик университетига миллий юридик таълим ва фанни халқаро даражага олиб чиқиш, уларнинг рақобатбардошлигини ошириш бўйича муҳим вазифалар белгиланди.

Белгиланган вазифалар ижроси таъминланиши ҳамда амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида куни кеча Тошкент давлат юридик университети Халқаро университетлар ассоциацияси (International Association of Universities – IAU), Халқаро юридик мактаблар ассоциацияси (International Association of Law Schools – IALS) ва Европа ҳуқуқ факультетлари ассоциацияси (European Law Faculties Association – ELFA) тўлақонли аъзолигига қабул қилинди.

Халқаро университетлар ассоциацияси жаҳондаги университетларни бирлаштирувчи ва уларнинг манфаатларини ифодаловчи етакчи халқаро ташкилот ҳисобланади. Ассоциацияга дунёнинг 130 мамлакатидаги 650 дан ортиқ нуфузли олий таълим муассасалари аъзо бўлган. ЮНЕСКОнинг расмий ҳамкори ҳисобланган ушбу ассоциация ўз аъзолари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда таълим жараёнида янги билимлар ва инновацияларни қўллаш масалаларига алоҳида эътибор қаратади. Таъкидлаш жоизки, Тошкент давлат юридик университети мамлакатимиздаги олийгоҳлар орасида ушбу ташкилот аъзолигига қабул қилинган ягона университетдир. 

Халқаро юридик мактаблар ассоциацияси дунёнинг 55 мамлакатидан 155 дан ортиқ юридик олийгоҳлар ва ҳуқуқ мактабларини ўзида жамлаган ташкилот ҳисобланади. Ассоциациянинг бош вазифаси дунёда юридик мактаблар фаолиятини такомиллаштириш ва юридик таълим тизимини яхшилашдан иборат. Ташкилот жаҳон бўйлаб, 4 500 дан ортиқ ҳуқуқ соҳасида фаолият юритувчи педагогларнинг манфаатларини ҳимоя қилади. 

IALS аъзоларининг йиғилишларида юридик таълимнинг глобал миқёсдаги мақсадлари ва стратегияси белгилаб олинади. Глобал форум доирасида юридик олий таълим муассасалари ва факультетлар раҳбарлари томонидан ўзаро фикр ва тажриба алмашилади.

Европа юридик факультетлар ассоциацияси 150 дан ортиқ аъзоларга эга бўлган Европада юридик таълим сифатини ошириш мақсадида муҳокама ва алмашинув майдончасини тақдим этиш учун ташкил этилган нуфузли халқаро ташкилот ҳисобланади. Ассоциациянинг асосий фаолияти юридик таълимни ислоҳ қилиш жараёнини мувофиқлаштириш, янги стандартарни ишлаб чиқиш, университетлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ҳуқуқшунослар учун иш берувчи ҳисобланган ташкилотлар билан ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат.

Ушбу ассоциацияларга аъзолик Тошкент давлат юридик университетида юридик таълим ва фанни халқаро даражага олиб чиқиш, жаҳоннинг илғор тажрибаларини қўллаш, Европа кредит тизимини (European Credit Transfer and Accumulation System – ECTS) самарали жорий этиш, ўқув дастурларини такомиллаштириш, илмий-инновацион тадқиқотларни фаоллаштириш имконинияратади, шунингдек, университетни дунёнинг энг яхши университетлар халқаро рейтингига киришига хизмат қилади.