« Back

Халқаро илмий-амалий конференция 15.05.2020 12:48

Мактабгача таълим тизимида қандай муаммолар бор?

Онлайн конференцияда айни масала муҳокама қилинди.

Инсон капиталини шакллантиришда мактабгача таълим тизими энг муҳим бўғин ҳисобланади. Мазкур таълим ёши гарчи инсон ҳаётининг қисқа фурсати бўлсада, бу даврда бола бутун ҳаёти давомида ўрганганидан кўпроқ нарсани англайди ва ўрганади. Халқаро тадқиқотлар натижаларига кўра, илк ёшдаги болага қилинган инвестициялар сарфланган маблағга нисбатан жамиятга уч баробар кўп фойда келтиради.

Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, турли шаклдаги мактабгача таълим ташкилотларини барпо этиш, уларни юқори малакали, замонавий фикрлайдиган тарбиячилар ва мутахассислар билан таъминлаш, мактабгача таълим сифатини ошириш, таълим-тарбия жараёнига илғор хорижий тажрибаларни жорий этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлари амалга оширилмоқда.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Тошкент давлат педагогика университети ҳамкорлигида “Мактабгача таълимда давлат ва нодавлат секторини ривожлантириш: янги шакллари ва таълим мазмуни” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Мазкур халқаро конференциядан кўзланган асосий мақсад – замонавий мактабгача таълимнинг долзарб муаммолари, асосий тенденциялари ва ривожланиш истиқболларини муҳокама қилиш ҳамда мактабгача таълимда нодавлат секторни ривожлантириш бўйича ўзаро тажриба алмашишдан иборат.

Конференция ZOOM дастури орқали онлайн ташкил этилди. Унда Мактабгача таълим вазирлиги, Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси раҳбарияти, халқаро экспертлар ҳамда БМТ Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси таълим сектори раҳбари, шунингдек, хорижий давлатлар соҳа олимлари, Мактабгача таълим муассасалари раҳбар ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти профессор-ўқитувчилари, магистратура талабалари, мутахассислар ва амалиётчилар иштирок этди.

Халқаро конференцияда тўртта шўъбада маърузалар тингланди. Ўзбекистонда мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш ва ривожлантириш истиқболлари, Беларусда мактабгача ёшдаги болаларнинг этник-маданий таълими, Россия ва Европа мамлакатларида таълимни инсонпарварлаштириш тенденциялари, М.Ауезов номидаги Жанубий Қозоғистон университети тажрибаси: бўлажак мактабгача таълим ташкилотлари педагогларини тайёрлашда замонавий ёндашувлар таҳлил қилинди. Юртимизда нодавлат таълим секторининг роли, тизимни педагог кадрлар билан таъминлаш ва уларнинг сифатини ошириш бўйича эришилаётган натижалар, тарбиячи-педагогларнинг касбий компетенцияларини ошириш, мактабгача таълим соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар билдирилди.

Илмий-амалий конференция иштирокчилари халқаро тажрибалар ва соҳага оид янгиликлар билан танишиш имконига эга бўлди. Бу эса ўз навбатида конференция иштирокчиларига мактабгача таълим соҳасида яхши натижаларга эришиш ва таълим сифатини ошириш имконини беради.

ЎзА