« Back

Халқаро оила куни 15.05.2020 12:43

“Оила – кичик Ватан, оила тинч бўлса, бахтли бўлса, Ватан тинч бўлади”

Оила асрлар давомида шаклланиб келаётган жамиятимизнинг мустаҳкам пойдевори ва уни ҳаракатга келтирувчи қудратли куч ҳисобланади. Оиланинг ижтимоий-маънавий баркамоллиги эса давлат ва жамият фаровонлигининг асосий негизини ташкил этади. Жаҳон маданияти хазинасига ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Амир Темур, Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Аҳмад ал-Фарғоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Маҳмуд аз-Замахшарий каби юзлаб алломаи замонлар, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик каби ватанпарвар қаҳрамонлар, бир қўлида фарзанд, бир қўлида маънавият бешигини тебратган Бибихоним, Гавҳаршодбегим, Гулбаданбегим, Зебуннисобегим, Увайсий, Нодирабегим каби оқила, фозила момоларимиз, Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Усмон Носир, Элбек каби миллат озодлиги курашчиларини дунёга келтирган, тарбиялаган ҳам ўзбек оиласидир.

Дарҳақиқат, илдизи бақувват, пойдевори мустаҳкам, авлод-аждодлари шаънини пок сақловчи, миллий қадриятлар, урф-одатларимизни ўрганиб авлодларга етказувчи садоқатли оила ҳамиша мустаҳкамдир.

Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев таъбири билан айтганда: “Оила – кичик Ватан, оила тинч бўлса, бахтли бўлса, Ватан тинч бўлади”. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида: “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга” эканлиги белгилаб қўйилган. 

Оилада маънавий соғлом баркамол шахсни шакллантиришда китобнинг ўрни ниҳоятда каттадир. Китоб берган маънавий озуқани бирон бир восита бераолмайди. Шунинг учун ҳам Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан 2017 йил 12 январда “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишни қабул қилинганлиги ҳамда 2019 йил 19 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг йўналишиларидан бири ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилишга қаратилганлиги бежиз эмас. Айниқса, 2019 йил 7 июнь куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатилишини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори оилада ҳам китобхонликни кенг тарғибот қилишда асосий ҳужжат вазифасини ўтамоқда.

Маълумки, китобга меҳр қўйган инсондан ёмонлик чиқмайди, бўш вақтини самарали ўтказади, теран фикрлайди, бадиий асарлардаги ижобий образлар таъсирида тарбияланади, салбий образлардан тегишли хулоса чиқаради. Шу боис ҳар бир шахс ўзини ўзи маънавий соғлом қилиб тарбиялаб боради. Бу борада  15 май куни жаҳон миқёсида кенг нишонланадиган Халқаро оила куни муносабати билан Тошкент шаҳар "Bilim" ахборот-кутубхона маркази ўз фойдаланувчиларига онлайн хизмат ташкил этган ҳолда  "Оилам – фахрим" номли акция эълон қилинган.

Лойиҳани амалга оширишдан мақсад - ёшларда оила тушунчасини шакллантириш, катталарга ҳурмат,  кичикларга ғамхўрлик қилишни ўргатиш, оила муносабатларида муомила одобини шакллантиришдан иборатдир.

Лойиҳа шартлари асосан ёшларимизни ўзини устида ишлашга, ижодий изланишга чорлайди. "Оилам – фахрим" мавзуида исталган кўринишда ўзларининг ижодий ишларини ҳавола қилиш билан кучли билими, иқтидорини намоён этишлари мумкин.  Бунда шеър,  қўшиқ,  оила ҳақида чизилган сурат ёки аппликация ишлари билан лойиҳада иштирок этишлари мумкин. Лойиҳа иштирокчилари ёши  чекланмаган.  @bilimaksiya_bot бот орқали ўзларининг ижод намуналарини фото ёки видеоролик кўринишида ҳавола қилиниб, марказимиз ходимлари томонидан яратилган ижтимоий тармоқ саҳифалари орқали кенг китобхонлар оммасига тақдим этиб борилмоқда.

Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, “Китобсиз тараққиётга, юксак маънавиятга эришиб бўлмайди. Китоб ўқимаган одамнинг ҳам, миллатнинг ҳам келажаги йўқ. Энг муҳими, фарзандларимизда ёшлик чоғидан бошлаб китобга меҳр қўйиш, мустақил фикр юритиш, мураккаб ҳаётий вазиятларда тўғри жавоб топиш кўникмасини шакллантиришимиз, бунинг учун тегишли ташкилий ишларни амалга оширишимиз даркор”.

Ҳафиза КАРИМОВА,
Тошкент шаҳар «Bilim»  ахборот-кутубхона маркази директори