« Back

Халқимиз хос қадриятлар 14.07.2020 17:46

Етим ва заифларга яхшилик қилиш

Етим дея отаси вафот этган ва вояга етмаганга айтилади. У балоғат ёшига кирса, етимликдан чиқади. Етим ожиз ва заиф бўлади. Етимни хўрлаш, унга зулм қилиш қораланади. Етимларнинг бошини силаш ниҳоятда савобли иш. Уларга овқат, кийим-кечак, таълим ва тарбия бериш ўзига тўқларнинг зиммасидаги бурчдир.Шундай қилинса, етим жамият учун фойдали шахс бўлиб етишади. Агар унга бепарво қаралиб камситилса, разолат ва жиноят кўчасига кириб, ўзи яшаётган жамиятга зарар келтирувчи инсонга айланади. Етимга яхшилик қилувчиларга динимизда катта ваъдалар берилган.

Мол беришни одат қилган одам ҳирс, заифлик, бахиллик сиртмоғидан озод бўлади. Асосийси, у мол-дунёга қулликдан озод бўлади. Турган гапки, бу юксак инсоний фазилатдир. Фақат юксак инсоний фазилатлар соҳибигина етим есирларга холис ёрдам беради. 

Аллоҳ таоло “Бақара” сурасининг 220 оятида айтади: “...Сендан етимлар ҳақида сўрарлар. Сен: “Уларга ислоҳ қилиш яхшидир”, деб айт. Агар уларнинг (молларини) аралаштириб юборсангиз, бас, биродарларингиз. Аллоҳ бузғунчини ҳам, ислоҳчини ҳам билади. Агар хоҳласа, Аллоҳ сизларни қийинчиликка соларди. Албатта, Аллоҳ азиз ва ҳикматли зотдир.”     

Етимларга ислоҳ яъни, яхшилик қилишда хайри барака бор. Етимларга карам кўрсатиши ҳар бир жамиятдаги ижтимоий тенгликнинг муҳим омилларидан биридир. Шунинг учун ҳам Исломда бу масалага алоҳида эътибор берилган. Қуръони Каримда ушбу масала бўйича бир қанча оятлар келган, жумладан, “Анъом” сурасидаги: “Етимларнинг молига яқин келманг...” ояти ва “Нисо” сурасидаги: “Албатта, етимларнинг молини зулм ила еювчилар қоринларига оловдан бошқани емайдилар ва тезда дўзахга кирадилар” ояти ва бошқалар.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтишларича, ушбу икки оят туширилгандан кейин етимларни ўз кафолатига олган кишилар, етимларнинг ҳаққини еб қўймайлик, деб уларнинг овқатларини ҳам, ичимликларини ҳам алоҳида қилиб қўйишган экан. Ҳатто етимдан бирор овқат ортиб қолса, ўзи емаса, бузилиб кетса ҳам, биров емаган.

Бундай қийин ҳолни Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга зикр қилишганида, Аллоҳ таоло: “Сендан етимлар ҳақида сўрайдилар”, оятини нозил қилган экан. Бу оятда етимнинг молини унинг тарбиясини зиммасига олган одам ўз молига аралаштириб юборишига рухсат берилмоқда: ”Агар уларнинг молларини аралаштириб юборсангиз, бас, биродарларингиз”. Яъни, етимларнинг молларини ўз молингизга аралаштириб юборсангиз бўлаверади, чунки улар ҳам сизларнинг биродарингиз. Сизлар уларга раҳм-шафқат қилиб ўз тарбиянгизга олдингиз. Энди уларнинг молини еб қўйиб, азобга дучор бўлмайлик, деб ўзингизни машаққатга солишнинг ҳожати йўқ. Сизда уларнинг молини ейиш нияти бўлмаса бўлгани. “Аллоҳ бузғунчини ҳам, ислоҳчини ҳам билади”.

Етимларнинг молини еб бузғунчилик қилганларни Ўзи билиб жазолайди. Уларнинг молини ўз молига аралаштирса ҳам, емай тақво қилганларни эса, мукофотлайди.

“Агар хоҳласа, Аллоҳ сизларни қийинчиликка солар эди”. Бундай рухсатни бермаса, етимнинг молидан хавотирда қийналиб юраверар эдингиз.”Аллоҳ шундоқ қилиб сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки тафаккур қилсангиз”. Ҳа, дарҳақиқат Аллоҳ азиз, ғолиб, нима қилса, қўлидан келади. Бандаларини қийинчиликка солишга, амрига хилоф қилсалар, иқоб қилишга қодир. У ҳикмат эгаси ҳам, бандаларига беҳикмат амр қилмайди.

Аллоҳ таоло “Нисо” сурасининг 2-оятида: “Ва етимларга ўз молларини беринг. Нопокни покка алмаштирманг. Уларнинг молларини ўзингизнинг молларингизга қўшиб еманг. Зеро, бу катта гуноҳ бўлур” деб айтади.

Ушбу оятдаги хитоб умуман мусулмонлар оммасига, хусусан етимларнинг кафилларига қаратилгандир. Улар балоғатга етгунича  ота томонидан ёки улар бўлмаса, бошқа томондан бўлган қариндошлар ёхуд умуман бошқа бирорта мусулмон ўз кафолатига олади. Кафил бўлган киши унинг барча ишларига, шу жумладан, молу мулкига ҳам раҳбарлик қилади. 

Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида айтади: “Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар, қоринларида оловни еган бўлурлар. Ва, шубҳасиз, дўзахга кирурлар”. Ояти кариманинг услуби ғоятда таъсирчанлиги кўриниб турибди. Аввало, ким етимларнинг молларини зулм ила еса, қиёматда қоринларидаги унарса оловга айланади. Кўриниб турибдики, етим молини ноҳақ еган одам ичию ташидан ўт азобига гирифтор қилинади. Нақадар даҳшатли ҳол! Нақадар аламли!

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: “Ҳалок этувчи етти нарсадан четда бўлинглар”, дедилар. “Улар нималар, эй Аллоҳнинг Расули?” деб сўралди. У зот: “Аллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик, Аллоҳ ман қилган жонни ўлдириш, рибохўрлик, етимнинг молини ейиш, уруш куни қочиш, мўмина покиза аёлларни зинода туҳмат қилиш”, деб жавоб бердилар.

Машҳур тафсирчилардан ас-Суддий: “Қиёмат куни етимнинг молини еган одам оғзидан, қулоқларидан, бурнидан ва кўзларидан олов чиқиб турган ҳолда тирилтирилади. Ҳар бир кўрган одам уни етимнинг молини еганлигини билиб олади”, деган.

Имом ибн Можа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки заифнинг-аёлнинг ва етимнинг молидан узоқ бўлишингизни васият қиламан”, деганлар.

Аллоҳ таоло “Анъом” сурасида айтади: “Етимнинг молига то вояга етгунча яқинлашманг. Магар яхши йўл билан бўлса, майли” (152-оят).

Охират жазосини ёлғонга чиқарувчи нобакор киши етимга қўполлик қилувчи, уни ўз олдидан ҳайдаб солувчи одамдир. Ҳа фақат охират жазосини ёлғонга чиқарувчи шахсгина етимга шу муомалани қилиши мумкин.

Исмоил ибн Умайяядан ривоят қилинади: ”Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: ”Тул хотиннинг, мискин ва мискинанинг ҳожатини чиқариш учун ҳаракат қилиб юрган киши Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилаётган, кундузлари рўза тутиб, кечалари намоз ўқиган кишидекдир. Ўз етимини ёки бегонанинг етимини кафолатига олган киши мен билан жаннатда мана бундоқ туради”, деб икки бармоқларини кўрсатганлари бизга собит бўлди”.

Ушбу ҳадисдан бева, тул, мискин, фақир кишилардан хабар олиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, уларга ўзлари муҳтож бўлиб турган нарсаларда ёрдам бериш учун қилинган ҳаракатлар улкан савобли ишлардан бири эканлигини қайд этилади. “Тул хотиннинг, мискин ва мискинанинг ҳожатини чиқариш учун ҳаракат қилиб юрган киши Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилаётган, кундузлари рўза тутиб, кечалари намоз ўқиган кишидекдир”. Бева-бечоралар, тул, етим-есирларга эҳсон қилиш, ёрдам бериш, уларнинг оғирини енгил қилиш Исломда ана шундай улуғ иш ҳисобланади.

Аён бўлмоқдаки, кечаларни бедор бўлиб, нафл намозлар ўқиб, Аллоҳга илтижо қилиб ўтказишнинг савобини ҳам бева-бечораларга, фақир-мискин, тул, етим-есирларга хизмат қилиб, уларга ёрдам бериб ҳам топиш мумкин экан. Етимнинг риоясини қилиш, унга кафил бўлиш, боқиш, таъминлаш кишини жаннатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлишдек буюк бахтга муяссар қиладиган улуғ бир амаллардандир.

Шундай экан, мўмин-мусулмонлар етимларнинг ҳолидан хабар олишга, уларга ёрдам бериш, тарбиялашга катта аҳамият беришлари шарт.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: ”Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: ”Ким Аллоҳ азза ва жалла учун бир етимнинг бошини силаса, қўли нечта сочнинг устидан ўтса, шунча ҳасанот ёзилади. Ким ўз ҳузуридаги етим қизга ёки болага яхшилик қилса, мен ўша одам билан жаннатда мана бундай бўламан” деб икки бармоқларини яқинлаштирдилар”.

Етимнинг кўнгли ярим, унинг бошини силаш керак. Шариатимизда етим болага худди ўз фарзандимиздек муносабатда бўлишни талаб қилинади. Ўз боласини эркалатган киши етимни ҳам эркалатиши, ўз боласига нимани раво кўрса, етимга ҳам шуни раво кўриши лозим. Мусулмон уммати ўз тарихи давомида етимлар риоясини қойил қилиб ўринлатиб келганлиги ҳаммага маълум. Бунга Иккинчи жаҳон уриши пайтида халқимиз неча-нечалаб ота-онасиз болаларнинг бошини силаганини намуна қилсак бўлади.

Одил ХОЛМУРОДОВ,
Миробод туман имом хатиби