« Back

Хотира ва Қадрлаш куни 11.05.2020 12:41

Сўнмас хотира: Отамнинг туғилган куни 9 май эмас экан...

Эсимни таниганимдан буён 9 май – оиламизда Ғалаба байрами ва отамнинг туғилган куни сифатида нишонланади. Кейинроқ савод чиқариб, отамнинг паспортига кўзим тушганида туғилган куни 1 май эканини билганман. Отамга ҳайрон бўлиб, саволомуз қараганимда, “Шу кун яхши” деб қўя қолган, ортиқча изоҳламаган.

Уруш ҳақида ҳеч бир китобда битилмаган ҳикояларни ҳам отамдан эшитганман. Отамнинг болалиги уруш йилларида кечган, ўзининг айтишича, бобом Тошпўлат Мўмин ўғли Тошкентдаги Ворошилов заводида (кейинчалик у “Ўзбекқишлоқмаш” заводига айланган, ҳозир бу корхона йўқ) юк кўтарувчи бўлиб ишлаб, 14-16 соатлаб вагонларга ўқ-дори ортган. Ишчилар кўпинча корхонанинг ўзидаёқ тунаб қолишар, оиласини баъзида ҳафталаб кўришмас экан.

Шу боис рўзғорга қараш оиладаги тўнғич ўғил – 13 яшар отамнинг елкасига тушган. Ишчиларга кунига 250 граммдан, қарамоғидаги оиласига эса 150-200 граммдан нон бериларкан.

– Яхшиямки, кичиккина томорқамиз бор эди, очликдан бизни шу парча ер қутқарган, – дерди отам. – Болалигимдан деҳқончилик қилганман, менга ўхшаб тирикчиликни катталар қаторида елкасига олган болалар кўп эди.

Назаримда 9 май – Ғалаба куни ўша давр болаларига беташвиш болаликка қайтиш умидини келтирган, шу боис отам шу санани ўзининг туғилган куни, дея белгилаган шекилли.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев халқимизни ушбу қутлуғ кун билан муборакбод этган пайти мен ўзбек халқига мансуб бўлганимдан юрагимда фахр ва ғурур ҳиссини туйдим, боиси мамлакатимизнинг бу урушда қозонилган Ғалабада улкан ҳиссаси бор, жангларда қатнашган 1 миллион 951 минг киши юртимиз ўғлонлари, кўрсатган жасорати Совет Иттифоқи Қаҳрамони деган олий мукофот билан тақдирланган 301 киши Ўзбекистон фарзанди.

Мен ижодкор сифатида халқимизнинг Ғалабани яқинлаштириш йўлидаги қаҳрамонлиги, фидойилигини ҳали ҳам тўлиқ кўрсата олмаётганимизни ўйладим. Ахир бу уруш ҳар бир оилада у ёки бу кўринишда из қолдирган, демак, бу мавзунинг кўлами улкан, мамлакатимизда қанча оила бўлса, шунча тарих, шунча воқеа, фожиа бор. Демак, бу мавзуда ҳали кўп асарлар яратилади.

Дарҳақиқат, бугун халқимизнинг Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги тарихини ўрганиш борасида янги давр бошланди. Биз боболаримизнинг жаҳон тарихида кечган улкан воқеаларда иштирокини шу халқ вакили сифатида ифтихор ила кўрсатишимиз зарур, деб биламан. Бу боболаримизнинг жанг майдонидаги жасоратларини куйлаш баробарида, ўша йиллари фронт ортида меҳнат қилган, уруш кечган ўлкалардан олиб келинган етимларнинг бошини силаган одамлар, далада, корхоналарда эркакларнинг ўрнини босган аёллар, оиласининг оғирига елка тутган, катталар қаторида туриб ишлаган ўсмирлар, бир умр эшикка термулиб, ўғлини, ёрини кутган оналар, келинлар фидойилигини авлодлар учун асарларга муҳрлашдир.

Отам ҳозир 92 ёшда. 9 май куни телевизорда Ғалаба боғининг очилиши ҳақидаги репортажни кўрибди. Менга таассуротларини эринмай ҳикоя қилди.

Карантин тугаганда биринчи бўлиб зиёрат қиладиган жойларимдан бири мана шу Ғалаба боғи бўлади. Пойтахтимизда ўзбек халқининг матонатини тасвир этадиган мана шундай маскан, албатта, бўлиши керак эди. Шу йўлда меҳнат қилган ҳайкалтарошларга, рассомларга, қурувчиларга ташаккур айтаман.

Рисолат ҲАЙДАРОВА, 
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси