« Back

Хотиралар 02.06.2020 01:53

БОЛАЛИК ЁДИ: Немис қизи Хильдага мактуб, кутубхонада “асирлик” сири

4-синфлигимда германиялик мактаб ўқувчиси – немис қизи Хильдага мактуб ёзган эдим. Жаҳлим чиққанидан салом билан бошламаганман...

Мана ўша хат:

“Мен ўзбек қаҳрамонининг набирасиман. Бувамни ҳамма паҳлавон, деб ҳурмат қилади. Сенинг немис буванг фашистдан ўтиб кетган фашист экан. Тинч ватанимизга бостириб келгани етмагандай, бизнинг аскарларни қамоқларга ташлаган. Азоблар берган. Буважонимни ва унинг бир нечта ўртоқларини асирга туширган. Бувам ва унинг сафдошлари тутқиндан қочишга эришган. Буважонимнинг баданида чандиқлари кўп. Уни сенинг буванг отган. Чандиқлар ўқлар тешиб ўтган яраларнинг ўрни. Сенларнинг итларинг ҳам ҳақиқий немиснинг ити экан. Буважонимнинг оёқларини тишлаб ташлаган, аммо бувам барибир таслим бўлмаган. Сенинг буванг ўзи қандай одам?

Пушкин эртагида ёзганидек:

На қизалоқ, на ўғлон,
Бадбашара бир ҳайвон.

Мени кечиргину, балки сенинг буванг ўзини сенга қаҳрамон қилиб кўрсатар. Ғирт ёлғон. Сенинг бувангнинг баданида чандиқлари йўқдир, оёқлари оғримас. Менинг бувам бир куни Берлинга яна бормоқчи, балки мени ҳам олиб борар. Сен ўшанда немис бувангни яшириб қўй. Йўқса бувам уни Брест қалъасидан улоқтириб юбормоқчи. Бувам менга “Буваларнинг гуноҳи учун набиралар жавоб бермайди, фақат уялади” дейди.

Моможоним бир куни менга “Мана сен ҳам кап-катта бўлиб қолдинг. Менга анави немиснинг бошлиғи, қонхўр Гитлернинг аниқ отини, гўргинанг куйгурни отасининг отини билиб кел!” деди. “Унинг отасининг оти сизга нимага керак?” деб сўрадим. “Қарғашим учун керак. Зоти, зурриёди билан қўшиб қарғашим ва қарғишим тўғри бориб тегиши учун” деди. “Бусиз ҳам Гитлер ўлиб кетганку” дедим. “Ўлган бўлса ҳам билиб кел, гап бор” деди.

Эртасига билиб келиб “Моможон анави Гитлер отасининг оти Адольф экан. Марҳамат кампирларнинг шоҳи, қарғайверсинлар!” дедим. Момом қилаётган ишидан тўхтаб, “Ай, сен, Адолипти ули Гитлер! Неча-неча кун кўрмай кетган жовқир жигитларди руҳи ҳаққи, бевалару жетимлар ҳаққи, ҳали ҳам эрларини кутаётган содиқлар ҳаққи икки дунёнг куйсин!” деди. “Чалпагини итлар есин” деб қўшиб қўйди.

Бизда ўлган одамнинг арвоҳларига атаб чалпак – ис пиширишади. Жаҳли чиққан момом Гитлерни “Чалпагини ҳам итлар есин” деб қарғади. Бу жуда оғир қарғиш.

Агар “Немис фашистларини қарғаш бўйича Жаҳон биринчилиги” танлови ўтса менинг момом биринчи ўринни олиши аниқ. Момом сенинг момонгни қарғамайди, аммо унинг айтишича сенинг момонг бувангга “Ҳой, яратганнинг бандаси, бировнинг юртида сенга пишириб қўйибдими? Бировни отиб, ўлдириб нима қиласан? Ҳаромдан топганинг буюрмайди” демаганда. “Сен ўзбекларни қарғишини олма!” демаганда.

Дарсдан қайтганимда моможонимга тинчлик ҳақида ёзган шеъримни ўқиб берсам бечорагинам кўзда ёш билан мени роса дуо қилди. Бувамга ўқиб берсам, улар мактабимиз ошхонасидан ширинликлар сотиб олишим учун қўшимча пул берди.

Хильда сенга мактуб ёзишимдан мақсадим, дугона тополмай қолганимдан эмас, аксинча сен ўзингнинг немисларингга биз ўзбеклар ҳақида гапириб бер. Бундан кейин буваларинг қилган хатоларни набиралари такрорламасинлар. Дўст бўлиб яшайлик. Биз тинчлик истаган халқмиз. Сен ўзларинг ҳақингизда ёзиб юбор.

Манзилим: Самарқанд, Нарпай, 9-мактаб, 4-“А” синф. Зулфия Мўминова”.

*  *  *

Бу сарғайиб кетган мактуб орадан йиллар ўтиб момомнинг катта, гулдор сандиғидан топилганига қараганда Хильдага жўнатилмаган, аммо моможонимнинг қимматли буюмлари, суратлари солинган альбомида сақланганидан маълумки мактуб меҳрибонимга нимаси биландир қадрли бўлган...

*  *  *

5-синфдалигимда катта бўлсам албатта кутубхоначи бўламан, деб орзу қилар эдим. Мактаб кутубхоначиси Ойбарчин опа мен учун дунёдаги энг бахтли инсон эди. Унга қандай мазза хоҳлаган китобини ўқийди. Куни бўйи китоблар орасида бўлади, болаларга китоб тарқатади. Шундай осонгина иши учун давлатдан маош ҳам олади. Омади чопганини қарангки, барча янги китобларни аввал ўзи ўқиб чиқади. Сўнгра бизга тавсия қилади. 5-синфда ёшимга муносиб бўлган ҳикоялар тўпламларини, ҳатто иккита роман ҳам ўқиб чиқдим. Бир куни кутубхонага янги китоблар келтиришди. Юқори синф ўқувчилари к

итобларни ташиётганини кўриб қолдим. Ойбарчин опа ҳошиялари гулдор бу китобларни алоҳида жавонга териб қўйди. “Менга ўша китоблардан беринг” десам, у “Йўқ мумкин эмас, тишинг ўтмайди” деб бермади. Негадир мени ўша китобларни бир кўриш истаги тарк этмади.

Охири бир куни кутубхонага кириб яшириниб оламанда, китоблар билан танишиб бўлгач, деразадан чиқиб кетаман, деган фикрга келдим. Дарслар тугагач кутубхонада болалар кўп пайти секин кирдиму, кутубхона бурчагида, Ойбарчин опанинг кўзидан йироқроқ катта голланд печнинг орқасига яшириниб олдим. Ниҳоят ўқувчилар уйларига тарқаб, Ойбарчин опа кутубхонани қулфлаб чиқиб кетди. Югуриб бориб ҳалиги китобларни варақлай бошладим. Китоблар рус тилида бўлиб, КПССнинг нечинчидир съезди материаллари экан. Ҳафсалам пир бўлиб кетди. КПСС учун ҳам шунча пул сарф қилиб, шундай чиройли безак бериладими, деб ҳайрон қолдим.

Бир пайт чиқиб кетиш учун дераза ёнига борсам, деразага темир катакли тўсиқ ўрнатилган экан. Югуриб эшикка бориб итариб кўрдим. Афсус, эшик қулфлаб кетилган. Кутубхона “қамоғи”да қолганимни ҳис этиб қўрқиб кетдим. Қиш фасли бўлгани учун хонани қоронғу боса бошлади. Шунда жон-жаҳдим билан деразага ёпишиб, уни очдимда, темир тутқичаро бақира бошладим: “Эй, ёрдам беринглар. Кутубхонага қараб чопинглар. Бунда бола қолиб кетган”. “Эй, ким бор, ёрдамга чопинглар. Ҳозир ўлиб қоламан!”.

Мактабимиз қоровулхонаси кутубхонага яқин жойда жойлашган эди. Мактаб қоровули Рустам бува ва унинг хотини бир пастда кутубхона деразаси томон етиб келишди. Рустам буванинг хотини “Сен қўрқма, ҳозир Рустам буванг калитларни олиб келади, сени қутқаради. Йиғлама, йиғлама”, деб мени овутиб турди.

Мен кутубхонадан чиққач, улар қандай қилиб қолиб кетганимни сўрашди. Мен уларга ҳақиқатни айтдим. Рустам бува эса “Барибир қизчанинг кутубхонада қолиб кетишига Ойбарчин айбдор. Шу кунларда “беҳуш Лайли” бўлиб юрибди. Бир йигитни севиб қолган. Натижада кутубхонада қизча қолиб кетганини ҳам кўрмай, устидан қулфлаб кетган” деди.

Рустам буванинг хотини эса “Ҳа, бундай пайтда кўзи кўр бўлиб қолади” деганлари рост экан” деди. Мен эса “Ҳа, ҳа кўриб туриб кўрмади” дедим. Бу пайт бизнинг қишлоқ бўйича мени қидирув ишлари бошланган экан.

Рустам буванинг хотини мени уйимизга олиб келаётганида, йўлда акам олдимиздан чиқди. Акамнинг орқасидан ҳаллослаб момом чиқди. Юз-кўзимдан ўпиб, Аллоҳга шукроналар айтди. Ўшанда момом қўярда-қўймай Рустам буванинг аёлига товуқларимиздан бирини бериб юборганини эсласам, мен топилгунимча, уйимизда катта ваҳима бўлгани аниқ эди.

Воқеанинг қолган тафсилотлари ёдимда йўқ, фақат орадан кўп ўтмай кутубхоначи Ойбарчин опамиз тўй-тантана билан Оқтош шаҳрига, севган йигитига узатиб юборилгани эсимда.

Зулфия МЎМИНОВА,
шоира