« Back

Ифтихор 06.06.2020 12:56

Адиблар хиёбонидаги ўйлар

Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжоннинг “Кўрдим, Шукур Бурҳон...” шеърини билмаган адабиёт ихлосманди бўлмаса керак. Унда атоқли актёр қиёфасида халқимиздан етишиб чиққан даҳолар сиймоси умумлашма образ сифатида тасвирланади.

“Бу шеърни кўрсангиз, балки койирсиз:

Одамни қўй-да, деб ҳоли-жонига.

Биламан, пиёда, тинч етмоқчисиз,

Ҳув мағрур ҳайкаллар хиёбонига...”

Адиблар хиёбони. Дарҳақиқат, инсоният яралибдики, санъат билан, адабиёт билан ҳамнафас яшайди. Ҳамма замонларда ҳам адабиёт намоёндаларига ҳайкал қўйилган. Аммо афсуски, яқин ўтмишда ижод ҳам у ёки бу шаклда сиёсатга қурбон қилингани рост. Яқинда пойтахтнинг қоқ юрагида бунёд этилган “Адиблар хиёбони”ни зиёрат қиларканман ана шундай ўйлар ўтди хаёлимдан.

Абдулла Қодирий...

Ростгўйлиги, миллатсеварлиги учун қурбон қилинган улуғ адиб.

Саид Аҳмад...

Навқирон ёшида “Халқ душмани”, деган туҳматларга учраб, бадном қилинган, истиқлол йиллари пок номи оқланиб, “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган буюк сўз заргари.

Саида Зуннунова...

Садоқатнинг буюк ҳирқасини елкасига илиб, асрдан асрга ўйчан тикилиб турган, бугунги ўзбек қизларига намуна бўладиган ўзбек аёли, шоираси...

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси яқинида қад ростлаган ўндан ортиқ сиймо буюк бобокалонимиз Алишер Навоий ҳайкали билан бир бутунлик ҳосил қилгани айниқса, эътиборга молик. Гўё ғазал мулкининг султони ўзи бошлаган адабиёт карвонини ортидан эргаштириб бораётгандек. Гўё барча замонларнинг нуктадон ижодкорлари улуғ устоз бошчилигидаги мушоирага йиғилгандек.

Икки ҳайкал олдида узоқ туриб қолдим.

Ойбек...

Бир неча йил аввал биринчи ўзбек кимёгар аёли Зарифа Саидносированинг “Ойбегим менинг” автобиографик мемуарини ўқигандим. Улуғ адибнинг рафиқасига тегишли кўнгил кечинмаларидан қаттиқ таъсирлангандим. Икки қалбнинг бир-бирига ҳурмати, эҳтироми, муҳаббати, ҳамдардлиги... ҳафталаб хаёлимни банд этганди. Хиёбонда Ойбек домла қаршисида турарканман, ўша кечинмалар яна менга қайтгандек бўлаверди. Қаёқдандир қулоғимга вазмин, аммо ҳаётбаҳш овоз келади:

“...Нафис чайқалади бир туп наъматак,

Чўққида, қуёшнинг беланчагида

... Ваҳший қояларнинг ажиб ижоди...”

Сал наридан қувноқ қаҳ-қаҳа янграгандек бўлади. Танийман. Бутун умр содда ва самимий ҳаёт кечирган Ғафур Ғулом қаҳ-қаҳаси. Ҳануз урушни лаънатлаётган, тинчлик, бунёдкорликни улуғлаб, миллатлар ўртасидаги дўстликни куйлаётган ўзбек даҳоси.

“Тошкент – нон шаҳри” фильмини кўпчилигимиз севиб томоша қилганмиз. Юртимиз пойтахти ҳамиша турфа халқу миллатлар учун умумий уй бўлгани ҳақиқат. Бунга Шомаҳмудовлар оиласи асрий ҳайкал бўлиб, турибди. Аслида адабиётимизда ҳам шундай бўлган. Аммо бугунгача миллий сўз санъатимиздаги миллатлар дўстлиги масаласи очилмаган қўриқ ҳолида эди. Адиблар хиёбонидаги бир жиҳат шу сабаб ҳам эътиборимни тортди. Хиёбондан Александр Файнберк сиймоси ҳам жой олгани адолатли ва гўзал иш бўлибди.

ХХ аср ўзбек шеърияти ихлосмандлари Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов ижоди билан албатта, яхши таниш. Адиблар хиёбонида устознинг ўйчан қиёфасига боқинг. Тарихи минг йиллик аруз вазнию, замонавий бармоқ услубини ўйноқи сатрларига жо қилган шоир бугун жисман орамизда йўқ. Аммо хотирамизга михланиб қолган достонлари, шеърлари, баётларини ҳар куни ёд айтамиз. Бундан ярим асрлар аввал яратилган “Руҳлар исёни” достонида шундай эпиграф қўлланганди: “Туғилгансан озод, мудом озод бўлиб қол!”. Эркин Воҳидовнинг ўйчан сиймоси озод Ўзбекистонга боқиб турганида ўзига хос маъно бордек, назаримда.

Устозлар зиёратидан шундай кечинмалар билан қайтдим. Сабоқдош дўстларимиз, устозларимиз билан телефон орқали таассуротларимизни бўлишдик. Олис Қорақалпоғистондан тортиб водий вилоятларида истиқомат қилувчи талаба дўстларим ҳам хиёбон ҳақида ўз фикрларини айтишди. Уларнинг кўпчилиги телевидение орқали намойиш этилган Президентимизнинг хиёбонга ташрифини кўришган экан. Юртимизда карантин якунлангач, факультетимиз талабалари иштирокида хиёбонда турли тадбирлар, давра суҳбатлари, учрашувлар ўтказишга келишиб олдик.

Нилуфар ОМОНОВА,
Ўзбекистон Миллий университети талабаси