« Back

Илм-фан 20.04.2020 12:26

Олимлар помидор ва бақлажоннинг янги навларини ихтиро қилишди

Яхши нав ва сара уруғ ҳар доим мўл ҳосил омили бўлган. Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти олимлари бу борада тинимсиз изланишлар олиб боради.

Миришкор деҳқонларимиз етиштираётган ва халқимиз севиб истеъмол қилинаётган помидорнинг 20 дан ортиқ, ширин қалампирнинг 5 дан ортиқ нав ва дурагайлари айнан мана шу институт селекционерлари кўп йиллик меҳнати самарасидир.

Яна бир илмий янгилик, қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор Музаффар Арамов ва қишлоқ хўжалик фанлари доктори Жўрхон Наджиевлар кўп йиллик илмий изланишлари натижасида Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб помидорнинг бўртма нематодага чидамли “Дурдона” ва бақлажоннинг “Глобус” навини ихтиро қилди.

Маълумки, бўртма нематода помидор ва бақлажон экинларини илдиз тизимига жойлашиб олиб, ривожланиши ва зарарлаши оқибатида экин ҳосилдорлиги кескин пасайиб кетади, айрим ҳолларда ўсимлик нобуд бўлади.

Помидорнинг янги нави ўзининг юқори ҳосилдорлиги, транспортбоплиги, сифатли мевасининг бир вақтда пишиши ва касалликка чидамли экани билан ажралиб туради. Меванинг вазни 155 грамм атрофида бўлади. Ўсув даври 128 кун бўлиб ўртапишардир. Бу нав бўртма нематодаси билан зарарланган далаларда ҳам юқори ҳосил бера олади.

Бақлажон эса юқори ҳосилдор, эртапишар, меваси сифатли ва аччиқлик таъми йўқ. Ўсимлик мевасининг вазни 200 грамм. Тикансиз. Ўсув даври, яъни кўчатлар униб чиққандан то пишиб етилгунга қадар 95-99 кунни ташкил этади ва эртапишардир.

А.МУСАЕВ