« Back

Илм-фан 09.05.2020 13:48

Математикасиз ҳеч бир фанни мукаммал эгаллаб бўлмайди

Давлатимиз раҳбари 7 май куни “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекди.

Қарорда таълимнинг барча босқичларида математика фанини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, педагогларнинг самарали меҳнатини қўллаб-қувватлаш, илмий-тадқиқот ишлари кўламини кенгайтириш ва амалий аҳамиятини ошириш, халқаро ҳамжамият билан алоқаларни мустаҳкамлаш кўзда тутилмоқда.

Ҳужжатнинг мазмун-моҳияти, унда белгиланган вазифалар хусусида бир қатор мутахассислар фикрларини билдириб ўтди.

Шароф РАЖАББОЕВ, Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари в.б.:

– Математикасиз ҳеч бир фанни мукаммал эгаллаб бўлмайди. Шу боис мамлакатимизда математика 2020 йилдаги илм-фанни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди.

Президентимизнинг ушбу йўналишдаги қарори билан эса математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий фаолиятни ривожлантириш бўйича 10 та муҳим устувор йўналиш белгилаб берилди. Бу йўналишлар таълимнинг барча босқичини қамраб олади. Мактабгача таълимдан бошлаб умумтаълим, ихтисослаштирилган мактаблар, олий таълим, математика соҳасидаги илмий ташкилотлар ва таълим муассасаларини жаҳондаги энг нуфузли етакчи марказларга айлантириш вазифаси қўйилган.

Шавкат АЮПОВ, Ўзбекистон Фанлар академияси Математика институти директори, академик:

– Математикада илм-фанни ривожлантириш учун албатта салоҳиятли кадрлар керак. Бу борада биз олимлар, хусусан, Фанлар академияси Математика институти олимлари олдига жуда катта вазифалар қўйилди. Мактабдаги таълим дастурларини қайта кўриб чиқиш, олий таълимдаги математика фанини ўқитиш дастурлари, улар бўйича экспертлар хулосасини бериш учун биз мутасадди этиб белгиланмиз. Буни бажариш мақсадида Президентимиз қарори билан Математика институтида махсус лаборатория ташкил қилиняпти.

Абдулла АЪЗАМОВ, Ўзбекистон Фанлар академияси Математика институтининг лаборатория мудири, академик:

– Рақамли иқтисодиёт, умуман IT технологиялар, компьютер технологиялари барчаси математикага асосланган. Шунинг учун Президентимизнинг бу қарори ҳам бугунимиз, мамлакатимиз эртаси учун, айни пайтда уни узоқ асрларга мўлжалланган келажакка пойдевор қўйишга қаратилгани билан аҳамиятли десак муболаға бўлмайди. Қарорга биноан ҳар бир туман ва шаҳарда математика фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилади. Бу жараёнда мавжуд ихтисослаштирилган мактаблар фаолияти танқидий ўрганиб чиқилади. Зарур ҳолларда эса янгидан ташкил этилади. Бу қарор илм-фан аҳли учун ниҳоятда қувончли бўлди.

ЎзА мухбири
Нурилло НАСРИЕВ тайёрлади