« Back

Илм-фан 25.05.2020 16:52

Янги лойиҳа

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида халқаро янги лойиҳага старт берилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги "Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор ижросини таъминлаш, Президентимизнинг олий таълим соҳасини янада ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кенгайтириш масалаларига бағишланган йиғилишда баён этилган бир қатор камчиликларни бартараф этиш ва замонавий кадрларга бўлган эҳтиёжни тўлдириш, билимли ёшларни стратегик соҳаларга жалб этиш масалаларига бағишланган йиғилишдаги қайд этилган “хорижда докторантура ва магистратурада ўқитиш, малака ошириш ва стажировкани ташкил қилиш бўйича дастлабки эҳтиёж 3,5 мингдан ортиқ” масалаларини бажариш масалалари юзасидан Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида қатор ишлар олиб борилмоқда.

Европа иттифоқининг Греция, Португалия, Латвия, Литва давлатларидан 5 университет ва Жанубий-Шарқий Европа давлатлари илмий тадқиқот маркази, Ўзбекистондан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Андижон машиносозлик институти, Тошкент давлат техника университети, Тошкентдаги Турин политехника университети, Тошкент ахборот технологиялари университети, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ва Фарғона политехника институти  ҳамкорлигида Европа Иттифоқининг Эрасмус+ дастурининг «MechaUz: Ўзбекистонда “Мехатроника ва робототехника” бакалавриат таълим йўналишини инновацион ғоялар ва рақамли технологиялар асосида модернизация қилиш» халқаро лойиҳаси ўз ишини бошлади.

2020-2022 йилларга мўлжалланган MechaUz лойиҳасининг мақсади Европа иттифоқидаги ҳамкор университетлар билан тажриба алмашиш орқали Ўзбекистон олий таълим муассасаларида мехатроника ва робототехника соҳасида кадрлар тайёрлаш жараёнини кенгайтириш ва унинг сифатини оширишдан иборат. Лойиҳа доирасида Ўзбекистонда Мехатроника ва робототехника таълим йўналиши бўйича бакалаврлар тайёрлашга йўналтирилган мавжуд ўқув режалар ва фанлар дастурларини Европа иттифоқи университетлари тажрибаси асосида модернизациялаш, ўқув лабораторияларини замонавий қурилмалар билан жиҳозлашни лойиҳа маблағлари ҳисобидан молиялаштириш, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг ҳамкор университетларга ташрифи асосида тажриба алмашиш ва Республикамизда мехатроника ва робототехника соҳасида малакали кадрларни тайёрлашга асос бўлган мустаҳкам тузилмани шакллантириш каби вазифалар амалга оширилиши кўзда тутилган.

Ушбу лойиҳа барча ҳамкор олий таълим муассасаларининг ўзаро бир-бирини тўлдириши ва лойиҳа ютуқларини республика даражасида оммалашишига замин яратади.

Махмуд АБДУЛЛАЕВ, 
ТошДТУ “Мехатроника ва робототехника” кафедраси мудири