« Back

Имтиёз ва қулайликлар 03.05.2020 13:56

Ипотека кредити муддати 20 йилга узайтирилди, яна муҳим ўзгаришлар бор...

Президентимизнинг куни кеча қабул қилинган “Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш ҳамда ипотека кредити бозорини янада кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори аҳолига қандай енгиллик ва имтиёзлар, қўшимча қулайликлар яратиши билан аҳамиятли?

Шерзод СОДИҚОВ, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи:

– Амалдаги тартиб янги қурилган кўп қаватли уй-жойларни пудрат ташкилотлари томонидан реализация қилиш имконини бермас эди. Қабул қилинган қарор эса уларга уй-жойларни реализация қилиш имконини беради. Шунингдек, пудрат ташкилотларини кредитлашга, моддий-техник базасини ривожлантиришга, ишчи ўринлари сақланишига, янги тартибда кўп қаватли уй-жойларни қуриш учун аукционларда иштирок этишга ва иқтисодий барқарорлигини таъминлашга шароит яратади.

2020 йилда тижорат банклари томонидан қурилаётган 103 кўп қаватли уйнинг 68 таси “тўрт девор” кўринишида бўлиши кўзда тутилган. Амалдаги тартибга кўра, тўрт девордан иборат уйларни сотиб олишга ипотека кредити ажратилмас эди. Бу эса ана шу 66 фоиз уйларнинг харидори деярли йўқлигини англатарди. Эндиликда 2020 йил 1 майдан бошлаб Молия вазирлигининг ресурслари ҳисобидан тайёр ҳолда топшириш шартисиз қурилган квартираларни сотиб олиш учун ҳам ипотека кредити ажратилади.

Бобир НУРМУҲАММЕДОВ, “Ипотека-банк” АТИБ департамент директори:

– Қарорга мувофиқ, бозор қоидасига зид яна бир ҳолатга барҳам берилмоқда. Яъни, ипотека кредитларининг энг кўп миқдори ҳам бозорда сотилаётган квартиралар нархидан анча паст. Мисол учун, Тошкент шаҳрида икки хонали квартира учун кредитнинг энг кўп миқдори ҳозирда 198 миллион сўм этиб белгиланган бўлса, бирламчи бозордаги бу нарх 280 миллион сўмни ташкил этмоқда.

Кўриниб турибдики, номутаносиблик сабабли аҳолининг ипотека кредитига нисбатан талаби ўз-ўзидан пасаяди. Шунинг учун қарорда бу масалага эътибор қаратилди ва қуриб битказилган ҳамда тайёр ҳолда топшириш шартисиз қурилган квартираларни сотиб олиш учун бир қарз олувчига ажратилаётган ипотека кредитларининг энг кўп миқдорлари ўртача 37 фоизга оширилмоқда.

Хусусан, қишлоқ жойларида 2 хонали квартиралар учун 174 миллион сўмдан 240 миллион сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 224 миллион сўмдан 320 миллион сўмгача. Шаҳарларда 2 хонали квартиралар учун 180 миллион сўмдан 240 миллион сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 232 миллион сўмдан 320 миллион сўмгача. Тошкент шаҳрида икки хонали квартиралар учун 198 миллион сўмдан 264 миллион сўмгача, 3 ва ундан кўп хонали квартиралар учун 255 миллион сўмдан 352 миллион сўмгача оширилмоқда.

Ипотека миқдорининг ошиши билан бирга уларнинг ойлик тўловларини минималлаштириш мақсадида ипотека кредити муддати 15 йилдан 20 йилга узайтирилди. Бу жуда муҳим фактор. Чунки тўловнинг 5 йилга узайтирилиши тўлов миқдорини ўртача 2,5 фоизга камайтиради. Яъни, кредит олувчи ҳар ойда 110-170 минг сўм кам тўлайди. Янги тартибдан шу кунгача ипотека кредити олган истеъмолчилар ҳам фойдаланиши мумкин.

Андижон, Наманган ҳамда Фарғона вилоятларида мазкур қарор қабул қилингунга қадар тажриба тариқасида жисмоний шахсларга ажратилган ер участкаларида якка тартибда уй-жой қуриш ва қайта қуриш учун кредитлар ажратилиши белгиланди. Бунда кредитлар уй-жой қийматининг 10 фоиздан кам бўлмаган миқдорда 20 йил муддатга ажратилади. Бу, ўз навбатида, қурилиш ҳажмининг ўсишига сабаб бўлади ва аҳолини уй-жой билан таъминлаш имкониятини кредит жалб қилиш орқали таъминлаш имкониятини беради.

Фаррух БОТИРОВ, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бошқарма бошлиғи:

– Қарорга кўра, 2020 йилдан бошлаб мамлакатда уй-жой қурилишини бозор тамойиллари асосида молиялаштириш тизими жорий қилинади. Шунингдек, коронавирус пандемияси шароитида айланма маблағлар етишмовчилиги билан боғлиқ муаммолар юзага келгани туфайли тадбиркорлик субъектларига олинган кредитлар бўйича кафиллик ва фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация тўлаш таклиф этилмоқда. Қарор билан жорий этилаётган янги тартибга кўра, 13,2 минг фуқарога ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадал ва фоиз харажатларини қисман қоплаш учун давлат бюджетидан 780 миллиард сўм субсидия тўлаш режалаштирилган.

Уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож аҳоли қатламини манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллий ҳокимиятларга қўшимча 3,9 минг фуқарога маҳаллий бюджет ҳисобидан 361 миллиард сўм миқдорида субсидиялар ажратиш ваколати берилмоқда.

Нурилло НАСРИЕВ,
тайёрлади