« Back

Инсонийлик намунаси 28.09.2020 22:19

СОҒЛОМ ИЖТИМОИЙ ҲАЁТГА ЙЎНАЛТИРИЛМОҚДА

Президентимизнинг “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармони асосида афв этилган фуқароларнинг 11 нафари Чилонзор туманида истиқомат қилади.

photo_2020-09-28_22-21-33 Президент фармонини тўлақонли бажариш, озодликка чиққан шахсларнинг соғлом ижтимоийлашувини таъминлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш ва оилавий муҳитини, турмуш тарзини яхшилаш мақсадида Чилонзор тумани ҳокими раҳбарлигида ишчи гуруҳ тузилди.  Ишчи гуруҳ томонидан Президентимизнинг Фармонига кўра афв этилганлар хонадонига ташрифлар уюштирилиб, улар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилди, уларнинг ижтимоий аҳволи ўрганилди.

 Ишчи гуруҳ аъзоларининг саъйи-ҳаракати билан  озод этилган шахсларнинг фуқаролик паспорти расмийлаштирилди, уларга бир марталик ёрдам пуллари берилди. Уларнинг соғлиги оилавий поликлиникалар томонидан тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди, даволаш чоралари кўрсатилиб, соғломлаштирилди. Мутасадди раҳбарларнинг саъйи-ҳаракати билан ишга жойлаштирилди. Озодликка чиққан фуқаролар ишчи гуруҳи аъзоларига фақат муаммолар ҳақида гапирмасдан, ўз ўрнида Президентимизга ўзлари ва оила аъзоларининг миннатдорликларини ҳам изҳор этишмоқда. Уларнинг ҳаяжон тўла сўзларига қулоқ тутамиз.

- Қилган жиноятимдан жуда пушаймон эдим, - дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг авф фармонига асосан озод этилган Йўлдошев Аброр Махамад ўғли.  -  Ота-онам, ёру биродарларим, аосийси ватаним олдида ўз айбимни меҳнатим билан ювиш, энди умуман бошқа одам бўлиб тарбияланганимни ҳаммага исбот қилиш хоҳиши пайдо бўлди. Авф этиш тўғрисидаги илтимосим Президентимиз томонларидан қўллаб- қувватлангани мен учун катта ишонч бўлса, Давлатимиз раҳбари томонидан Сергели туманидан имтиёзли равишда хонадон берилганлиги кутилмаган бахт бўлди. Мен бу ишончни ўзимнинг ҳалол меҳнатим билан оқлайман.

Яна бир суҳбатдошимиз Ш.Файзихўжаев  озодликка чиққанидан кейин  Чилонзор тумани Навбаҳор маҳалласида жойлашган “Ҳилол” меҳмонхонасининг қўриқлаш хизматига ишга жойлаштирилганидан мамнун.

- Мен, - дейди у. - кўпгина жиноятларни бекорчиликдан бўлганлигимни ўз кўзим билан кўрганман. Энг ёмони, инсон етишмовчиликдан жиноятга қўл уради. Мен озодликка чиқсам, Президентимиз томонидан билдирилган ишончни қандай оқлайман деган ташвиш ўйлантирар эди. Сабаби ишлайман десам на ҳунарим бор, на касбим. Иш топиш ҳам мен учун катта муаммо эди. Масъул мутасаддиларга минг раҳмат. Мени бундай ташвишдан қутқариб, ҳаётда ўз ўрнимни топишимга, оиламни ҳалол меҳнатим билан боқишимга имкон яратишди. Энди мен ва менга ўхшаган, адашиб жиноят йўлига кирганлигидан пушаймон, авф этилган шахслар жамиятда ўз ўрнини топмоқда. Маҳалла кўй, қариндош-уруғларимиз асосийси Президентимиз бизни кечирди. Энди биз бундай ишончни оқлашимиз керак.

Қилган хатолари кечирилиб, ўз оиласи бағрига қайтган бу фуқароларимиз бугунги кунда уларга кўрсатилаётган бундай эътибордан мамнун бўлган ҳолда берилган имкониятдан тӯғри фойдаланиб, халқимизга ҳалол меҳнат қилиш ниятида эканликларини қайта-қайта таъкидлашмоқда.

Умиджон  ТУРСУНОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази Чилонзор тумани бўлинмаси раҳбари