« Back

Инсонпарварлик ёрдами 01.05.2020 12:51

Мамлакатимиздаги Корея Республикаси фуқаролари ҳамжамияти Ўзбекистонни қўллаб-қувватлайди

Ўзбекистондаги Корея Республикаси фуқаролари ҳамжамияти карантин ҳолати чўзилиши муносабати билан Тошкент шаҳри ҳокимиятига 60 миллион сўм миқдордаги инсонпарварлик ёрдамини ажратди. Бир тўплами икки ҳафтага етадиган озиқ-овқат маҳсулотлари йиғиндисидан иборат ушбу кўмак 360 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага тарқатилади. Бу ҳақда Жанубий Кореянинг Тошкентдаги элчихонаси хабарига таяниб, “Дунё” АА маълум қилган.

Пойтахт маъмурияти вакиллари Корея Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонасига миннатдорлик изҳор этиб, ушбу кўмак фуқароларимизга мамлакатимиздаги хорижий жамоатчилик томонидан кўрсатилган илк ёрдам эканини қайд этди.

Шу билан бирга Кореянинг Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган “Farmerʼs Market” компанияси коронавирусга учраган ва ушбу касаллик туфайли карантин муассасаларида бўлиб турган юртдошларимизга 150 килограмм қулупнай етказиб берди. Шунингдек, 260 килограмм сарҳил мева юртимиздаги корейс миллатига мансуб ёлғиз кексалар истиқомат қиладиган “Ариран” пансионатига олиб борилди.

Жанубий Кореянинг яна бир компанияси – “Донгсан” жамоаси ўзбекистонлик тиббиёт ходимларига ўзимизда ишлаб чиқарилган ниқоблар, 100 тўплам ҳимоя кийимлари тақдим этди. Самарқанд вилоятида вақтинча яшаётган Жанубий Корея фуқаролари эса, ўз навбатида 1 400 доллар маблағ тўплаб, вилоят ҳокимияти ҳузуридаги фуқароларни қўллаб-қувватлаш марказига топширишди.

ЎзА