« Back

Интернет 01.05.2020 12:56

“UZ” домени иш бошлаганига 25 йил бўлди

“UZ” домен зонаси 1995 йил 29 апрелда рўйхатдан ўтказилган бўлиб, 2003 йил март ойида ICANN халқаро ташкилоти доменнинг бошқарув ҳуқуқини Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратори – “UZINFOCOM”га берди.

Шу асосда “TAS-IX” трафик алмашиш пункти яратилди. Бу эса провайдерлар тармоқлари ўртасидаги пакетлар узатиш йўналишларини қисқартириш ва трафик нархини камайтириш имконини берди ҳамда интернет тармоғида миллий сегментни ривожлантириш учун катализатор бўлди.

Миллий домен пайдо бўлиши билан давлат ва хусусий интернет-лойиҳалар ҳам ривожланди. Давлат, тадбиркорлар ва фуқаролар ўртасидаги мулоқотнинг масофавий шаклларини ривожлантириш мақсадида Ягона интерфаол давлат хизматлари портали яратилди. Ҳозирги кунда мазкур портал аҳолига 176 турдаги давлат хизматини кўрсатади.

Портал фаолияти давомида 15,1 миллионта ариза кўриб чиқилган, бу аҳолининг вақти ва маблағларини анча тежаш имконини берди.

Шунингдек, маҳаллий тадбиркорлар ва ҳорижий сармоядорларнинг мурожаатлари билан ишлашни тезлаштириш мақсадида тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси “business.gov.uz” яратилди. Тегишли вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари томонидан меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг кўриб чиқилиши, электрон рақамли имзодан фойдаланиш ҳамда кенг жамоатчилик ва эксперт муҳокамасини ўтказиш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими – “project.gov.uz” ишга туширилди.

Маҳаллий интернет-провайдерлар ва уяли алоқа операторлари интернетнинг миллий сегменти ривожланишига таъсир кўрсатди. Улар биргаликда ва мувофиқлашган тарзда турли технологик ечимлар ёрдамида хизмат кўрсатиб келмоқда. Дастлабки йирик интернет-лойиҳалар айнан маҳаллий интернет-провайдерлар томонидан яратилган.

Айни пайтда интернет тармоғидан маҳаллий фойдаланувчилар сони 24 миллионга етди.

Роман БОНДАРЧУК