« Back

Интервью 17.04.2020 13:38

Карантин таътил эмас!

Уйда қолинг! Бу чақириқ сўнги ойларда бутун дунё аҳолисини уйда қолишга чорлаяпти. Уйда қолишнинг ягона сабаби эса – коронавирус! Тожли вирус бугун бизни ўзидан ҳимоя қилишга чоғланган бўлса-да, бир-биримизга меҳримизни ҳам қайтарди, десак муболаға бўлмайди. Чунки айни давргача оила даврасида бирга нонушта ёки тушлик қилишни кўпчилик унутаёзган эди. Бугун эса бунинг имкони бор. Хориж психологлари бир-бирини эрталаб, кечқурун ва дам олиш кунлари кўришга одатланган эр-хотинлар ҳамда ёш болали оилалар карантин пайти жиддий муаммоларга дуч келишлари мумкинлигини тахмин қилишган эди. Ижтимоий тармоқлар орқали карантинда оилани асраб қолиш ҳақида кўплаб тавсиялар беришган. Хўш, вазият биз ўзбекларда қандай? Мавзу билан боғлиқ саволларимизга психолог Шоира Исакова жавоб беради:

- Карантиндан кейин Хитойда ажралишлар сони ортиб кетди. Бизнинг Ўзбекистонда карантин қандай кечаяпти? Психолог сифатида бу ҳақда нима дея оласиз?

- Энг аввало, карантин – таътил эмас! Бу ўзингиз ва яқинларингиз, бемор ва кекса ота-оналаримиз ҳаёти ва саломатлигини асраб қолиш учун кўмак ва масъулиятни зиммага олишдир. Ҳақиқатан ҳам кўпгина оилалар бу синовга бардош беради. Лекин Хитойнинг оилавий қарашлари, қадриятлари, урф-одатлари, ота-она ва фарзандга бўлган муносабат бизнинг миллатимиздан бирмунча фарқ қилади. Бизнинг оилалар ота-боболаримиздан мерос бўлиб келган юксак маънавият, сабр-қаноат, вафо-садоқат, сабр-шукур каби ижобий сифатлар билан бирга ўзаро ҳурмат, самимият, катталарни эъзозлаш, бир оила бўлиб аҳил-иноқ яшашдан таркиб топган.

Карантинни айнан салбий жиҳатдан эмас, ижобий ракурс билан кўрадиган бўлсак, “Карантин ойи” эмас, балки “Бахтли оила ойи” деб атаганимиз яхши бўларди. Ҳар бир вазиятга муносабат билдирганда, унинг ижобий ва салбий томонларини таҳлил қилиб кўришимиз керак. Шунинг учун карантин пайтида оилалардаги психологик муҳит, эр-хотин ва оиладаги шахсларнинг ўзаро муносабатларини ўрганишнинг ҳам икки томони борлигини унутмаслигимиз лозим.

Карантин туфайли кўпгина оилалар, айниқса жамиятда фаол, доим турли юмушлар билан банд бўлган эр-хотинлар ва фарзандлар маълум фурсатга бўлса ҳам бирлашдилар. Бундай ҳолат ҳеч қачон бўлмаган. Шунинг учун танганинг икки томонини ҳам кўришимиз керак бўлади. Бир томондан, оилавий муносабатлар янада яхшиланди, оилада ечим кутаётган муаммолар бартараф этилди, фарзандлар билан тарбиявий алоқалар ўрнатилди, улар тарбиясига эътибор кучайди, доимий таъкидлаб келинадиган муаммолардан бири – ота-она ва фарзанд ўртасидаги мулоқот янада яхшиланди. Чунки ота-оналарнинг доимий бандлиги натижасида охирги пайтларда фарзандлар билан мулоқотга ҳам вақт ажратилмаётган ва фарзандлар руҳиятида ота-онага нисбатан руҳий норозилик пайдо бўлиб, муносабатлар бироз салбий томонга ўзгарган эди.

Иккинчи томондан, албатта эр-хотин бир-бирининг яхши ва ёмон томонларини ўрганиб олиш имконияти пайдо бўлди. Хато ва камчиликлар бартараф этилиши устида иш олиб борилмоқда.

- Карантин нафақат ажралишларга балки бошқа руҳий касалликларнинг ҳам пайдо бўлишига имкон яратадими?

- Ҳар бир оилада карантин вақти тўғри ва самарали ташкил қилинса, оила аъзоларидан бир киши уйдаги тартиб-интизом ва вақт тақсимоти, кун тартиби учун масъулиятни ўз зиммасига олса, албатта бу давр самарали ўтади. Энди руҳият билан бўлган муаммоларга келадиган бўлсак, бўлаётган мурожаатлардан стресс, тушкунлик, ваҳима ва қўрқувнинг кучайиб бораётганини ва асаб тизими билан боғлиқ касалликлар пайдо бўлаётганини кўришимиз мумкин. Илгари кузатилмаган болалар тарбияси ва психологияси билан боғлиқ бўлган муаммолар ҳам карантин пайтида намоён бўлиб бораётгани сир эмас.

- Сизнинг-ча, карантин болаларга ва кексаларга қандай таъсир қилаяпти?

- Карантин бошланганида анчагина ваҳима пайдо бўлди. Чунки интернет тармоқларида касалликка чалинишга қариялар кўпроқ мойил дейишгани сабабли уларда қўрқув ва ваҳима пайдо бўлди. Лекин ҳозирга келиб бу ҳолат анчагина мўътадиллашган. Кўпинча ота-оналаримиз кексалар ва болаларнинг руҳияти таъсирчанликка мойиллигини инобатга олмай, касаллик ҳақидаги турли маълумотларни ҳис-ҳаяжон

билан озроқ бўрттирган ҳолда етказганликлари сабабли уларда сиқилиш ва тушкунликка берилиши ҳолатлари кузатилмоқда.

Болалар масаласида баъзи фикрларимни айтиб ўтаман. Болалар ҳам оиладаги кун тартиби, мулоқот маданиятига риоя қилишга одатланиши керак. Нафақат дарсларини бирга тайёрланг, балки ривожлантирувчи машқларни ҳам бажаришга ҳаракат қилинг. Биргаликда таом ва ширинлик тайёрланг, Болалар вақт “елдай” ўтиб кетаётганини ҳис қилишмайди. Шунинг учун уларга алоҳида календар чизиб, ҳар бир ўтаётган кунини белгилаб беринг. Бундай пайтда болалар ота-онасидан кўп эътибор талаб қилади. Ўзи учун нима қизиқарли бўлса шу савол билан қайта-қайта мурожаат қилади. Шундай пайтларда унга бақирмасликка ҳаракат қилинг ва уни жазоламанг, яхши кайфиятда кулиб, мулоқот қилинг ва ижобий позицияни ушлашга одатланинг.

- Карантинда уйда қолган оилаларга қандай маслаҳат берасиз?

- Нафақат карантин пайти, балки ундан кейин ҳам эр-хотинлар оилавий муносабатларга юмшоқроқ ёндашишларини тавсия қиламан. Карантин пайти имкон борича оилавий низолар, келишмовчиликлардан қочиш керак. Уйда аёлларнинг вазифалари жудаям кўплигини унутмаслигимиз керак. Бу уй юмушлари: пишир-куйдир, тозалик, онлайн машғулотлар ва ҳоказо. Бундай вақтда жисмоний чарчоқ билан бирга психик зўриқиш ҳам пайдо бўлади. Оилавий юмушларда иштирок этмаётган эркак эса аёлнинг асабини бузиши табиий ҳол! Шунинг учун биринчи навбатда вазифаларни тақсимлашда адолат мезони бузилмаслиги керак. Ўзингизни тутишга одатланинг, ортиқча асаббузарликка йўл қўйманг! Фарзандларингизнинг онлайн дарсларига ёрдам беринг, уларда қўрқув ва хавотирнинг ўрнига бахтли болалигини ҳис қилишга, ота-онасидек суянчиғи борлигини ҳис қилишга ўргатинг. Китоб мутолаасига берилинг ва фарзандларингизни ҳам шунга даъват қилинг!

Карантин даврида асқотиши мумкин бўлган тавсияларингиз учун раҳмат!

Нилуфар Муродова 
суҳбатлашди