« Back

Интервью 06.07.2020 20:10

ЖСТга аъзо бўлишда интеллектуал мулк ҳимояси нима учун керак?

Интеллектуал мулк ҳуқуқлари ҳимояси кўлами ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти дунёда бир-биридан фарқ қилади. Кундан-кунга янги савдо белгилари, хизмат кўрсатиш турлари ва барча соҳаларда инновациялар сони кўпайиб, Ўзбекистонда ҳам интеллектуал мулк ҳуқуқларини муҳофаза қилишда оптимал ҳимоя режимини яратишга эҳтиёж пайдо бўлди.

Айни шу мавзулар доирасида Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш марказининг масъул ходими Шаҳноза АЛМОСОВА билан суҳбатлашдик.

– Бу масала кўплаб мамлакатларда контрафакт товарлар кенг тарқалганлиги ва қароқчиликдан азият чекаётган бир даврда глобал даражада ҳар доимгидан-да долзарблик касб этмоқда, – дейди Ш.Алмосова. – Маълумки, ҳозирги кунда дунё савдосининг 90 фоизидан ортиғи Жаҳон савдо ташкилоти доирасида олиб борилади. Шу сабабли, бу ташкилотга аъзо бўлиш Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий сиёсатининг асосий йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда. Шу муносабат билан, Ўзбекистон қонунчилигини ЖСТнинг асосий битимлари талаблари, жумладан, интеллектуал мулк ҳуқуқларининг савдога оид жиҳатлари тўғрисидаги битими (ТРИПС) нормалари билан уйғунлаштириш масалалари муҳим аҳамият касб этмоқда.

“Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурида ҳам интеллектуал мулк фаолиятини ривожлантиришга алоҳида ўрин ажратилган. Жумладан, мамлакатимизда интеллектуал мулк муҳофазасини таъминлаш, ижодкорлик муҳитини қўллаб-қувватлаш, илм-фан, санъат, адабиёт ва инновациялар соҳасини ривожлантириш каби йўналишларда муҳим ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Шунга қарамай, бу соҳада қилиниши керак бўлган ишлар ва ечилиши лозим бўлган муаммолар талайгина. Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, охирги 5 йил давомида республикамиз бўйича ноҳалол рақобат бўйича келиб тушган шикоятлар сони 7 мартага кўпайган.

Ўзбекистон Республикаси интеллектуал мулк ҳуқуқлари муҳофазаси тизимининг яна бир оғриқли нуқтаси бу соҳадаги ҳуқуқбузарликлар учун етарли мулкий жавобгарлик белгиланмаганлиги ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши давомийлигини келтириб чиқармоқда. Бундан ташқари, ҳуқуқ эгасига етказилган зарар ўрнини қоплаш бўйича ҳам ўрнатилган амалиёт мавжуд эмас. Божхона маъмуриятининг ҳам контрафакт ёки қароқчилик асосида ўзлаштирилган интеллектуал мулк объектлари бўйича тўғридан-тўғри таъсир чораларини қўллаш борасидаги ваколатлари етарли эмас.

Шу ўринда, қонунларимизни жаҳон стандартларига уйғунлаштириш нафақат республиканинг йирик молиявий ташкилотларга интеграциялашувида, балки оптимал муҳофаза режимини яратишда муҳим эканлигини таъкидлаш лозим.

– Жаҳон савдо ташкилоти интеллектуал мулк объектлари муҳофазаси борасида нималарни назарда тутади?

– ТРИПС – ЖСТни таъсис этиш ҳақидаги Марокаш декларациясининг ГAТТ, ГAТС каби иловаларидан бири бўлиб, ташкилот доирасида интеллектуал мулк ҳуқуқлари масалаларини тартибга солиб, интеллектуал мулк объектлари савдосида аъзо давлатларга қулайлик яратишга хизмат қилувчи битимдир. Мазкур битим интеллектуал мулк ва савдонинг ўзаро боғлиқлиги ҳуқуқий тан олинишидир. Унинг Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти эмас, балки Жаҳон савдо ташкилоти таркибий қисми эканлиги ушбу битимни императив нормалар ва мажбуриятлар билан мустаҳкамлайди ва ЖСТнинг низоларни ҳал қилишнинг интеграциялашган ва ҳамма учун мажбурий тизимига боғлайди.

ЖСТ аъзо давлатларга интеллектуал мулкнинг деярли барча объектларига муҳофазанинг минимум стандартларини аниқ муддат доирасида жорий қилади. ТРИПС биринчилардан бўлиб хусусий секторда яратилган интеллектуал мулкка катта урғу берди ва ҳуқуқ эгаларининг шахсий номулкий ҳуқуқларидан кўра, мулкий ҳуқуқларига алоҳида эътибор қаратади.

Бундан ташқари, ТРИПСнинг преамбула қисмидаги аъзо давлатларга ўз миллий ҳуқуқий тизимлари ва амалиётларидан келиб чиқиб битим қоидаларини имплементация қилиш ҳуқуқи берилади.

Яна бир шундай банд давлатларнинг соғлиқни сақлаш ва озиқ-овқат тизимини ҳимоя қилишга қаратилган чоралар кўриш, ижтимоий-иқтисодий ва технологик ривожланиш учун муҳим бўлган соҳаларга қизиқишни қўллаб-қувватлашга бўлган ҳуқуқларни назарда тутади.

– Ўзбекистон Республикасида Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мос муҳофаза режимини яратиш учун қонунчиликда қандай ўзгаришлар амалга оширилиши керак?

– Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини таъминлашда интеллектуал мулк соҳасидаги қонунчиликни ташкилотнинг ТРИПС битими билан уйғунлаштириш норматив-ҳуқуқий ҳужжатларимизга бир неча масалаларда қўшимча ва ўзгартиришлар киритишни тақозо қилади. Булар:

биринчидан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси ва махсус қонунларга битимнинг 3-4-моддаларида кўзда тутилган бошқа аъзо давлатлар фуқароларига ўз фуқароларидан кам бўлмаган муносабат кўрсатиш ва савдолашувчи давлатлар фуқароларига нисбатан дискриминацияга йўл қўймаслик (бир-биридан ажратмаслик)ни тарғиб қилувчи режим ҳақидаги норма киритилиши;

иккинчидан, ТРИПСнинг 25-моддаси 2-қисми текстиль дизайни ҳимоясини талаб этади ва аъзо давлатлар уни ё муаллифлик ҳуқуқи асосида, ё саноат намунаси сифатида қанунчиликда ҳимояни назарда тутишлари лозим.

учинчидан, “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида”ги қонунда товар белгисининг ҳаммага маълум товар белгиси сифатида эътироф этилиши учун зарур мезонлар тўла кўрсатилиши ва ушбу қонунда интеллектуал мулкнинг товар келиб чиққан жой номлари ва жуғрофий кўрсаткичлар (Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида жуғрофий кўрсаткичлар интеллектуал мулк объектлари қаторида келтирилмаган) каби алоҳида объектларини ажратиб кўрсатган ҳолда улар муҳофазасининг аниқ чегараларини белгилаш;

тўртинчидан, "Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида"ги қонунга микроорганизмлар, биологик бўлмаган ва микробиологик жараёнларни патентга лаёқатли объектлар қаторига қўшиш, шунингдек, суд органларининг усулга оид ҳуқуқбузилиш билан боғлиқ маълум процессуал ҳолатларда исботлаш мажбуриятини даъвогардан жавобгарга кўчириш ҳуқуқи, яъни жавобгарнинг ўз янги маҳсулотининг янги патент билан ҳимоя қилинмаган усулда олинганлигини исботлаш мажбуриятини кўзда тутувчи банд билан тўлдирилиши;

бешинчидан, Жиноят кодексининг 149-моддасини (Муаллифлик ва ихтирочилик ҳуқуқларини бузиш) товар белгиларига бўлган ҳуқуқлар ва патент ҳуқуқларининг бузилишини келтириб чиқарадиган хатти-ҳаракатлар юзасидан жиноий ҳимоя воситалари билан тўлдириш;

олтинчидан, божхона қонунчилиги бўйича божхона органларига тахмин қилинаётган ҳуқуқбузарликка қарши ех officio ҳаракатини жорий этиш (ҳуқуқ эгасининг аризасидан қатъи назар, ўз ташаббусига кўра товар чиқиб кетишини тўхтатиб туриш чорасини қўллаш ваколатини бериш);

еттинчидан, қонунчилигимизда товар белгиларига нисбатан контрафакт товар тушунчасини шарҳлаш ва уни муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объектларининг сохта нусхаларидан фарқлашдан иборат.

Бундан ташқари, мамлакатимизда Ўзбекистон фуқаролари ва хорижий фуқаролар учун патент божлари миқдори ҳам бир-биридан фарқланади. ТРИПС бандлари билан мувофиқлаштирилиши учун улар ҳам босқичма-босқич тенглаштирилиши талаб этилади. Бунда битимда назарда тутилган марказий режалаштирилган иқтисодиётдан эркин бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнидаги ЖСТнинг аъзо давлати интеллектуал мулк тизими ислоҳотини амалга оширишда соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ва уларни амалиётга татбиқ этишга доир муаммоларга дуч келиши муносабати билан тақдим этиладиган ўтиш даври муддатидан фойдаланиш айни муддао.

Хуллас, ЖСТга аъзо бўлиш Ўзбекистон учун ислоҳотларни самарали амалга ошириш ва соғлом рақобатга асосланган бозор иқтисодиётини барпо этиш учун жуда зарур.

ЎзА мухбири
Барно МЕЛИҚУЛОВА суҳбатлашди