« Back

Интервью 13.07.2020 12:12

Ўсимликларни «даволайдиган» клиника даромадингизни кўпайтиради

Шу кунларда инсоният коронавирусдан қанчалик азият чекаётган бўлса, табиат ҳам шунчалик «изтироб»га тушгандек, назаримда. Об-ҳаводаги ўзгаришлар деҳқонларимиз, томорқа ер эгаларини ҳам синовдан ўтказмоқда.

Ҳозир ҳудудлардаги ўсимликларда касалланиш ҳолатлари кузатиляпти. Буғдойдан тортиб, картошка, олма, анор, помидоргача, ҳатто ёнғоқ, токларда ҳам буни кўриш мумкин. Шу сабаб айни пайтда деҳқоннинг юмушлари янада кўпайгандек. Чунки ўсимлик яхши ривожланмаса, ҳосил кам бўлади, бу эса маҳсулотга бўлган талабнинг ортиб, нархларнинг кескин ошиб кетишига сабаб бўлади.

Ана шундай жиддий муаммоларнинг олдини олиш мақсадида икки йилча аввал Президентимиз ташаббуси билан жойларда «Ўсимликлар клиникаси» ташкил этилган эди. Ўсимликларни «даволайдиган клиника»ларнинг бугунги фаолияти қандай кечмоқда? Ана шу масалада Тошкент давлат аграр университети ректори, академик Ботиржон Сулаймонов билан суҳбатлашдик.

– Аҳоли ихтиёрида ўртача 500 минг гектар унумдор экин майдони мавжуд, – дейди Б.Сулаймонов. – Бу ерлардан жуда кўп ҳосил олиш мумкин. Аммо томорқа эгаларининг зараркунанда ва касалликларга қарши кураш бўйича етарли маълумотга эга эмаслиги туфайли ҳосилнинг 35-40 фоизи нобуд бўлмоқда.

Деҳқончилик ҳам санъат, у ўзига хос ёндашув талаб этади. Томорқа эгалари турли соҳаларда фаолият юритиши, лекин қишлоқ хўжалиги экинлари «тили»ни доим ҳам тушунмаслиги, агротехник тадбирларни билмаслиги мумкин. Мўл ҳосил етиштиришда энг катта тўсиқ бўладиган нарса бу ўсимлик зараркунандалари ва касалликларидир. Яъни парвариш жараёнида уларга қарши етарлича кураш олиб борилмаса, кўзланган ҳосилни олиб бўлмайди. Шу жиҳатни ҳисобга олиб, президентимизга икки йил олдин Сурхондарёдаги учрашувда «ўсимликлар клиникаси» ташкил этиш таклифини берган эдик. Давлатимиз эътибори туфайли ҳозирда 145 туман, яъни кўплаб маҳаллаларда «Ўсимликлар клиникаси» фаолият юритмоқда. Аммо, бу етарли эмас, уларнинг сонини ошириш - кун талаби. Шунинг учун клиниканинг мобил шаклини йўлга қўйдик. Унда барча керакли жиҳозлар бор. Бу борада Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлигимиз ўз натижасини бермоқда.

– Келинг, шу хизмат ҳақида кенгроқ тўхталиб ўтайлик. Унга аҳоли қандай муносабатда бўляпти?

– Бунда мутахассисларимиз томорқа эгалари ҳовлиларида бўлиб, экинлардан намуналар олиб, лаборатория текширувидан ўтказишади. Натижалар бўйича ўз маслаҳатларини беришади. Шу тариқа ҳар бир мутахассис хонадон эгаси билан келишиб, шартнома асосида ишлайди.

Албатта, хонадон эгалари яхши кутиб олмоқда. Ўрик, узум тўкилиб, помидор, бодрингга касаллик тушгани учун ҳосил ололмай ўтирган одамга «мана шу ердан ҳосил олиб бераман, иссиқхонадан мўл ҳосил олишингиз учун йил давомида кўмак бераман», деса ким рози бўлмайди. Мисол учун, йилига ҳашаротлар ва касаллик туфайли ҳосилнинг 40-50 фоизи йўқотилмоқда. Агарда ҳосилни тўлиқ сақлаб қолсак, унинг 10 фоизини пулини бизга берса, ўзига 90 фоизи қолади. Демак, томорқадан унумли фойдаланиш орқали оиланинг даромади ҳам ошади.

– Бугунги кунда «Ўсимликлар клиникаси»да хизмат кўрсатаётган олимлар ва мутахассислар халқнинг ичига тўлиқ кириб борди, деб айта оламизми?

– Йўқ, ҳали тўлиқ кириб боргани йўқ. Қачонки, бу хизматдан аҳоли 100 фоиз фойдаланса, кириб бордик, деб айтиш мумкин. Биз шуни ҳаракатида мобил хизматларни йўлга қўйдик. Аҳолининг хабардорлиги ошса, ишончи ортса ундан фойдаланувчилар кўпаяди. Бироқ бу осон иш эмас. Чунки битта хонадон эгасига кўмак берган билан ёнидаги ҳовлида бу масалада бепарволик бўлса, касаллик ва ҳашаротлар кўпаяверади. Шунинг учун битта маҳаллага борилса, ҳамма хонадонларда бир вақтнинг ўзида ҳимоя ишларини бажариш керак. Сабаби, касаллик ва ҳашаротлар шамол ёрдамида қўшнидан қўшнига ўтиб кетаверади. Ана шу ҳақиқатни томорқа эгаларига тушунтириш ишларини олиб боряпмиз.

Ҳали олдимизда вазифалар кўп. Бундай клиникаларни ҳар бир маҳаллада ташкил этишимиз керак. Агар бугун аҳолига тўғри тушунтирмасак, эртага катта ҳосилни йўқотишда давом этамиз.

– Бу йил ўсимликларни кўпроқ қайси касаллик ёки зараркунандадан ҳимоя қилишга тўғри келмоқда? Ҳосилга уларнинг қайси бири кўпроқ хавф солаётгани борасида кузатишлар олиб борилганми?

– Касаллик ва зараркунандаларнинг ўзининг кўпаядиган вақти бор. Сабаби улар ҳар беш-ўн йилда оммавий кўпаяди. Мисол учун мевахўрлар, ўргимчаккана. Мевага ҳам, сабзавотга ҳам тушади, барча экинларга зарар келтиради. Бундан ташқари ўсимликнинг энг катта душмани, бу кўсак қуртидир. Биз уни ғўзага кўпроқ зарар келтиради, деб ўрганиб қолганмиз, лекин у дастлаб маккажўхори ва помидорда кўпайиб, кейин пахтага ўтади. Аччиқ ҳақиқат: ҳар бир зараркунанда ва касаллик аввал томорқада пайдо бўлади, кейин фермернинг даласига ўтади, пахта ёки ғаллага зарар беради. Шунинг у чун томорқа эгалари билан яқин ҳамкорлик қилмасак бўлмайди.

Озиқ-овқат манбаси ҳисобланган унумдор ер сайёрамизнинг жуда кам қисмини ташкил этади. Бу эса ундан унумли фойдаланишни талаб этади.

Сайёра ШОЕВА,
ЎзА