« Back

Ижтимоий сўров 02.05.2020 13:49

Фуқаролар коронавирусга қарши кураш бўйича чора-тадбирлар ўз вақтида қабул қилинган деб ҳисоблайди

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган навбатдаги телефон сўрови мамлакатимиз фуқароларининг давлатимиз томонидан коронавирусга қарши кураш ва пандемиянинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида фикрини ўрганишга бағишланди.

Сўровда республика барча ҳудудлари аҳолиси, эркаклар ва хотин-қизлар, ёшлар, катта авлод вакиллари иштирок этди.

Ҳозирги пайтда мамлакатимизда пандемияга қарши кураш бўйича зарур механизмлар ишга солинди, ўзини изоляциялаш режими жорий қилинди. Одам ҳаёти ва соғлиғини асраш, шунингдек, фуқароларнинг фаровонлигини таъминлаш энг муҳим вазифалар қаторига киритилди.

Телефон сўрови натижаларига кўра, Ўзбекистонда мамлакат Президенти шахси атрофида жамоатчилик фикрининг жипслашуви кузатилмоқда. Бу давлатимиз раҳбари томонидан коронавирус инфекциясининг тарқалишига йўл қўймаслик, мақбул санитар-эпидемиологик вазият ва аҳоли соғлиғини муҳофаза қилишни таъминлаш, иқтисодиётга коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини юмшатиш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича жорий қилинган чора-тадбирлар самарасидир. Шунингдек, дунёнинг кўпгина давлатларидан фарқли ўлароқ, мамлакатимизда кўплаб кишиларнинг коронавирус инфекциясига чалиниши ва пандемия қурбони бўлишининг олди олинди.

Ўтказилган телефон сўрови давлат раҳбарига ишонч рейтингини аниқлади. Телефон сўрови натижаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзбекистонликларнинг юксак ҳурмати ва ишончига сазовордир. Аҳолининг мутлақ кўпчилиги – 91,9 фоизи давлатимиз раҳбари томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар мамлакатимизни мураккаб вазиятдан энг кам инсоний талафотлар ва иқтисодиётга кам зарар билан олиб чиқишига ёрдам беришига қатъий ишонишини билдирди.

Телефон сўрови натижаларининг кўрсатишича, кўпчилик ўзини изоляциялаш шароитида мамлакатимизда фуқароларга ёрдам бериш ва уларни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни ижобий баҳолайди. Фуқароларнинг 94 фоизи ушбу чораларни етарли ва ўз вақтида кўрилган, деб ҳисоблайди.

Сўров шуни кўрсатдики, ушбу мураккаб даврда Ўзбекистон фуқаролари ўзларининг энг яхши фазилатларини, матонати ва интизомлилик даражасини, некбинлик кайфияти ва марҳаматини, юксак ижтимоий масъулиятини намойиш қилди. Мамлакат аҳолиси, ваҳимага берилмаётгани, ўз яқинлари, қариндошлари, оиланинг кекса аъзолари ҳақида ғамхўрлик намуналарини кўрсатаётганини ҳамда коронавирус инфекциясига қарши курашда барча куч ва имкониятларни бирлаштириб, биргаликда ҳар қандай синовларни енгиб ўтишига ишонишини кўрсатди.

Телефон сўрови ўзбекистонликлар коронавирус инфекцияси пандемияси оқибатида юзага келган мураккаб вазиятдан чиқишни қандай уддалашаётгани, карантин ва ўзини изоляциялаш тартибининг жорий этилгани оилалардаги ўзаро муносабатларга қандай таъсир кўрсатаётганини аниқлаб берди. Оиладаги психологик муҳит, оила аъзоларининг бир-бирларига бўлган муносабатлари тўғрисидаги саволга фуқароларнинг кўпчилиги (88,1 фоизи) ўзаро муносабатлар “яхши ва хайрихоҳликда, хушмуомалалик ва ғамхўрликда, иззат-ҳурматда”, деб жавоб берди. Сўров иштирокчиларининг фикрича, коронавирус пандемияси туфайли юзага келган мураккаб вазият барча оила аъзоларини янада жипслаштирди. Улар эртанги кунга ишончини йўқотмай, матонат, сабр-тоқат ва ҳамжиҳатликни намоён этмоқдалар.

Респондентлар телефон орқали ўтказилган интервьюлар давомида “энг қадрли нарса – бу яқинлари ва қариндошларининг саломатлиги, уларни коронавирус хавфидан ҳимоя қилиш, бир-бирига маънавий кўмак бериш ва оила аъзолари ўртасида тотувликни сақлаш“ эканлигини алоҳида таъкидлашди.

Телефон сўровининг аниқлашича, мамлакат фуқароларининг аксарияти – 82,8 фоизи ўзини ўзи изоляция қилиш шароитида барқарор, вазмин кайфиятда, ваҳимага берилмаяпти, некбин кайфиятни ва коронавирус пандемияси туфайли юзага келган барча қийинчилик ҳамда синовлар яқин вақт ичида муваффақиятли бартараф этилишига ишончни сақлаб турибди.

88,5 фоиз фуқароларнинг фикрига кўра, улар яқин вақт ичида Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши тўхтатилишига муваффақ бўлишига қатъий ишонади. Уларнинг фикрича, мамлакат раҳбарияти томонидан қабул қилинган чора-тадбирлар туфайли Ўзбекистонда коронавирус инфекциясининг авж олишини назоратга олишга, касалланганлар сонининг кўпайиб кетишига йўл қўймасликка, COVID-19га чалинган беморларга малакали тиббий ёрдам кўрсатишга муваффақ бўлинди.

Умуман олганда, телефон сўрови натижалари шуни кўрсатдики, ўзбекистонликлар карантин тадбирлари ва ўзини изоляциялаш тартибининг жорий этилиши, ўзлари ва оила аъзоларининг саломатлигини муҳофаза қилишга бевосита ёрдам беришини, инфекцияни юқтириш хавфи ва коронавирус билан янги касалланишлар сонини камайтиришини англайди. Фуқаролар мамлакатда коронавирус тарқалишининг олдини олиш, мақбул санитар-эпидемиологик вазиятни таъминлаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишга салбий таъсирини юмшатишга қаратилган ҳукумат қарорлари тўғри ва ўз вақтида қабул қилинаётганлигига ишонади.

“Ижтимоий фикр” маркази материаллари асосида 
ЎзА мухбири М.АНИСИМОВА