« Back

Ижтимоий сўров 29.05.2020 11:52

Оила изоляциясида ўзаро муносабатлар ва масъулият доираси

«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ушбу мавзуда телефон сўрови ўтказилди.

Мамлакатнинг барча минтақалари, шаҳар ва қишлоқлардан эркаклар ва аёллар, ёшлар ва катта авлод вакиллари иштирок этган сўровда ўзини изоляциялаш тартибининг оилавий ички ва шахслараро муносабатларга таъсири, эр-хотин, фарзандлар ва ота-оналарнинг ўзаро муносабатлари ўрганилиб, оилавий низоларнинг пайдо бўлиши ва кучайишига таъсир қилувчи омиллар аниқланди.

Телефон сўровида 50,2 фоиз иштирокчилар нуклеар, яъни ота-она ва уларнинг фарзандларидан иборат оилаларга эга экани аниқланди. 36,9 фоизи уч авлод вакиллари бирга яшайдиган оилаларда истиқомат қилади, уларда эр-хотин, ота-она, болалар ва кекса авлод вакиллари – буви-боболар умумий хўжалик юритади. 6,4 фоиз респондентлар эса тўлиқсиз оилаларда яшайди. Оиласи икки киши – эр ва хотиндан иборатлигини маълум қилган 3,6 фоиз сўров иштирокчилари асосан катта ёшдаги респондентлар бўлиб, уларнинг фарзандлари оила қуриб, ота-онасидан алоҳида яшайди.

Телефон сўрови ўзини изоляциялаш шароитида бўлган 37,8 фоиз оилада уйдаги мажбуриятларнинг қайта тақсимланиши юз берганлигини кўрсатди. Респондентлар узоқ вақт уйдан чиқмаслик ҳолати уй хўжалигини юритиш ва болалар тарбиясида эркаклар иштироки ошганини таъкидлади. Уларнинг фикрича, ўзини изоляциялаш тартиби уларга болаларнинг таълим-тарбияси билан шуғулланиш, бўш вақтини улар билан биргаликда ўтказишга имкон берган.

Телефон сўровидан маълум бўлишича, фуқароларнинг кўпчилик қисми уйдаги мажбуриятларни тақсимлашда анъанавий меъёрларга амал қилишда давом этмоқда. Жумладан, 60,6 фоиз иштирокчи фикрича, оиладаги барча аъзоларнинг мажбуран уйда бўлиши уй мажбуриятларининг улар ўртасида тақсимланишига таъсир кўрсатмади, оиланинг ҳар бир аъзоси карантингача ўзи бажарган одатдаги уй юмушларини бажармоқда.

Кўпчилик фуқароларнинг фикрича, уларнинг оиласида жипслик, хайрихоҳлик ва хушфеъллик асосидаги ўзаро муносабатлар, ҳимояланганлик туйғуси билан тавсифланадиган ижобий руҳий муҳит ҳукм сурмоқда. Респондентлар берган жавобларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, карантин чоралари ва ўзини изоляциялаш тартибининг жорий қилиниши билан боғлиқ юзага келган вазиятда ўзбекистонликлар учун оила ишончли таянч ва суянч ҳисобланади.

Тадқиқот жараёнида оилавий ички ихтилофлар, ўзаро муносабатлардаги қарама-қаршиликлар муаммосининг турли жиҳатлари ўрганилди.

Сўров натижасига кўра, бу борада энг кўп ҳолларда эр-хотинлар ихтилофга боришади: респондентлар оиласида эр ва хотин ўртасида можаролар бўлиб туришини қайд этди. «Оталар ва болалар» низоси эр-хотин можаросидан кейин иккинчи ўринда туради. Сўралганларнинг бир қисми фарзандлари ўртасида ўзаро тушунмовчилик ва ихтилофлар борлигини айтишди. Қайнона ва келин ўртасидаги келишмовчиликлар энг оғриқли муаммолардан бири ҳисобланади. Иштирокчилар фикрича, бир томондан қайнонанинг зулми, келинини ҳар томонлама назорат қилишга интилиши жанжалнинг сабаби ҳисобланса, бошқа томондан, ёш келиннинг оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги ва хўжаликни уқувсиз бошқариши низоларни келтириб чиқаради.

Телефон сўрови оилавий можароларнинг асосий сабабларини аниқлаб берди. Оила аъзолари ўртасида ўзаро тушунишнинг йўқлиги, маиший асосдаги жанжаллар, моддий қийинчиликлар, ўзининг оилавий мажбуриятларига нисбатан масъулиятсизлик, эр-хотиндан бирининг ўз ҳукмини ўтказиш ва сўзсиз бўйсундиришга интилиши асосий сабаблар ҳисобланади. Интервью давомида фуқароларнинг бир қисми оиладаги барча аъзоларнинг узоқ вақт уйда бирга бўлишини низоли вазиятлар пайдо бўлишининг сабабларидан бири сифатида кўрсатишди.

Пандемия муносабати билан жорий этилган глобал карантин чоралари ва ўзини изоляциялаш тартиби бутун дунёда оилавий можаролар сонининг ошиши ва уйдаги зўравонлик ҳолатларининг кўпайишига олиб келди. БМТ маълумотларига кўра, дунёдаги ҳар учинчи аёл уйида зўравонликка дуч келади.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши кураш даврида аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан ёрдам кўрсатиш хизмати фаолияти йўлга қўйилиб, ўз қариндошлари томонидан тазйиққа учраган оила аъзолари ушбу хизмат орқали малакали ёрдам ва руҳий кўмак олиши мумкин бўлмоқда.

Сўров иштирокчиларининг таъкидлашича, бошқа оила аъзолари ҳам шафқатсиз муносабатга дучор бўлишади. Сўралганларнинг фикрига кўра, кексалар камдан-кам, лекин барибир маиший зўравонлик қурбонларига айланиб туради. Буни ёшга оид ўзгаришлар туфайли кексаларнинг бир қисмида феъл-атвор ўзгариши натижасида уларнинг ўз оила аъзоларига баъзи муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлиги билан изоҳлашади.

Иштирокчиларнинг 63,1 фоизи оила янада жипслашди ва барқарорлашди, оила аъзолари ўртасидаги муносабатлар яхшиланди, деб жавоб берди. Аксарият респондентлар халқимизнинг «менинг уйим – менинг қўрғоним», деган оқилона ибора мазмунини юракдан англаб етиб, чуқур ҳис қилишганини, оила аъзоларини қайта кашф этишганлигини, яқинларининг фикри, қизиқишлари ва шахсий эркинлигини яхшироқ қадрлашни, бир-бирини ҳурмат қилишни ва ўзаро мулоқотдан завқ олишни ўрганишганлигини таъкидлашди. 13,6 фоиз респондентларнинг фикрига кўра, уйда ўзини изоляциялаш тартиби оилалар мустаҳкамлигининг ҳақиқий синови бўлди, чунки улар узоқ вақт давомида доимий равишда бир-бири билан бирга қолиш зарурияти ҳамда вазиятни ўзгартириш имконияти йўқлигининг салбий таъсирини бошдан кечирди.

Телефон сўрови давомида «барқарор, равон, хотиржам кайфиятда» эканлигини таъкидлаган 71,9 фоиз фуқаролар кўпроқ ижобий туйғуларни ҳис қилмоқда.

Сўровдаги маълумотлар 21,9 фоиз аҳолида коронавирус инфекцияси тарқалиши хавфининг объектив сабаблари, айрим корхона ва ташкилотлар ишининг тўхтатилиши, мамлакатдаги эпидемиологик ва иқтисодий вазиятнинг нафақат ҳозир, балки келажакда ҳам оилани боқиш, болаларни тарбиялаш, кекса ота-оналарга ёрдам бериш имкониятига қандай таъсир қилишидан мўътадил хавотирланиш даражасини аниқлади.

Умуман олганда, телефон сўрови натижалари шуни кўрсатдики, ўзбекистонликларнинг аксарияти ўзини изоляциялаш тартибини ёлғизликда эмас, балки яқинлари ва қариндошлари даврасида ўтказмоқда. Бу, шубҳасиз, афзаллик ҳисобланиб, оила аъзоларининг коронавирус инфекциясининг умумий таҳдидига қарши жипслашувини рағбатлантиради, ўзи ва яқинларининг саломатлиги учун масъулият ҳиссини оширади ва ўзини изоляциялаш тартиби қийинчиликларини ҳамжиҳатликда, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан енгиш имконини беради.

Аҳоли ўзини изоляциялаш тартиби, рўзғор мажбуриятларини оила аъзоларининг шахсий хусусиятларига кўра ва мавжуд вазиятга мувофиқ равишда тақсимлаш шароитига муваффақиятли мослашмоқда. Бу ҳол эса уларнинг муносабатларини янада уйғунлаштирмоқда. Айнан оила коронавирус инфекциясига қарши курашнинг ушбу мураккаб кунларида бошга тушган синовларни енгиб ўтишга одамларга ёрдам бермоқда ва куч бағишламоқда.

“Ижтимоий фикр” Республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази материаллари
асосида О.ХАРЧEНКО тайёрлади.

ЎзА