« Back

Ижтимоий сўров 16.06.2020 13:02

КАРАНТИН ШАРТЛАРИНИ ЮМШАТИШ – ЖАМОАТЧИЛИК ФИКРИ НИГОҲИДА

«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази “Мамлакат фуқароларининг коронавирус инфекциясига қарши курашиш ва минтақаларда карантинни босқичма-босқич юмшатиш чора-тадбирларига муносабати” мавзусида телефон сўрови ўтказди.

Мамлакатимизнинг барча минтақалари аҳолиси, жумладан, эркаклар ва аёллар, ёшлар ва кекса авлод вакиллари иштирок этган тадқиқотда аҳолининг мамлакатда коронавирус тарқалишининг олдини олиш, Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ва ҳар бир фуқаронинг ҳаётига пандемиянинг салбий таъсирини камайтириш, карантин чекловларини босқичма-босқич юмшатиш, санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда саноат корхоналари, қурилиш тармоғи ва инфратузилманинг тўлақонли фаолиятини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга муносабати аниқланди.

Телефон сўровининг кўрсатишича, фуқароларнинг ярмидан кўпи (67 фоизи) ижобий эпидемиологик вазиятдаги минтақалар, туманлар ва шаҳарларда карантин чораларини янада юмшатиш, иқтисодий фаолиятни қайта тиклаш бўйича чора-тадбирларнинг зарурлигини қўллаб-қувватлади. Иштирокчилар яна шуни қайд этишдики, ишини қайта тиклаган корхоналар санитария-гигиена талабларига қаттиқ риоя этиши, иш жойларида ижтимоий масофани ҳисобга олиши ва ходимларни тиббиёт ниқоблари, санитария воситалари, зарурат бўлса, ҳимоя комбинезонлари ва тиббиёт қўлқоплари билан таъминлаши керак.

18,8 фоиз респондентлар ўзини яккалаш тартибидан босқичма-босқич чиқиш ва карантин чораларини юмшатиш бўйича қарорга қисман қўшилади. Сўров иштирокчилари масофадан туриб ишлаш имконияти мавжуд ташкилот ва идоралар имкон қадар одатдаги иш тартибини қайта тикламаслиги кераклигини қайд этишди.

Қарийб ҳар ўнинчи респондент (9,4 фоиз) карантинни босқичма-босқич юмшатиш чора-тадбирларига қўшилмайди. Бинобарин, уларнинг ҳисоблашича, инфекцияга чалиниш хавфи мавжуд ва шунинг учун чеклов чораларини бекор қилишга шошилмаслик керак. Чунки бу вазиятнинг ёмонлашувига ва касалликнинг янги ўчоқлари пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Иштирокчилар шунингдек, аксарият фуқаролар эҳтиёткорликни тўла унутиши ва санитария-гигиена талабларига риоя қилмаслиги мумкинлигини қайд этди. Ҳолбуки, ҳали зарарланиш хавфи мавжуд, ўзини ортиқча мулоқотлардан асраш ва одамлар гавжум жойларга бормаслик керак.

Сўров давомида 43,8 фоиз респондентлар оила аъзоларининг ўз меҳнат фаолиятини одатдаги тартибда қайта тиклагани ва мунтазам ишга бораётгани ҳақида маълум қилди. Телефон сўрови иштирокчиларининг фикрича, кўп фуқароларнинг уйдан – ўзини яккалаш тартибидан чиққанлиги муносабати билан кенг аҳоли қатламлари ўртасида коронавирус инфекцияси эпидемияси даврида белгиланган хатти-ҳаракат қоидалари бўйича тарғиботни кучайтириш керак. Фуқароларнинг қайд этишича, инсоннинг ҳаёти ва саломатлиги, аввало, унинг ўзига, ўз оиласи учун масъуллигига боғлиқдир.

Телефон сўровидан аниқланишича, кўпчилик оилаларда эркаклар ишга чиқишган, бу тушунарли, албатта. Чунки мактабгача таълим муассасалари ва мактаблар ёпилган айни карантин шароитида балоғат ёшига етмаган фарзандлари бор ишловчи аёллар тўлақонли меҳнат фаолиятига қайта олмайди. Тадқиқотнинг кўрсатишича, ишлайдиган аёлларнинг бир қисми ҳам одатдаги меҳнат фаолиятига қайтган.

Олинган натижалар коронавирус инфекциясига қарши курашиш даврида ва пандемия тугагандан сўнг ҳам аёлларни иқтисодий рағбатлантириш зарурати борлигини кўрсатади. Жумладан, иш жойига қараб мослашувчан иш жадвалидан фойдаланиш мумкин. Кўпгина ташкилотлар ва компаниялар масофадан туриб ишлашга мослашди, муайян доираларда бу меъёрий ҳолатга айланиши ҳамда аёлларга хизмат вазифасини ва оилавий мажбуриятларини қулай ҳолда уйғунлаштиришга ёрдам бериши мумкин.

Ушбу мониторинг ўзбекистонликлар оилаларидаги руҳий муҳитга берилган баҳоларнинг барқарор ижобий даражасини аниқлаб берди. Коронавирус пандемияси ва ўзини яккалаш тартиби ички оилавий муносабатларга ҳамда оилалардаги ахлоқий ва руҳий муҳитга принципиал жиҳатдан таъсир кўрсатмаяпти.

Ўзбекистонликларнинг оилалари ўзини яккалаш давридаги мавжуд барча қийинчиликларга қара

масдан янги турмуш шароитларига мослашмоқда ва вақтини оилада мақбул муҳитни сақлаб туриш, барча оила аъзоларининг саломатлигини таъминлаш, уларнинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш учун янги имкониятлар ва ресурслар яратишга сарфламоқда.

Телефон сўровига кўра, фуқароларнинг аксарияти барқарор, вазмин кайфиятни сақлаб турибди, ваҳимага берилмаяпти. Коронавирус пандемияси туфайли юзага келган барча қийинчилик ва синовлар яқин вақт ичида муваффақиятли бартараф этилишига ишонч руҳини сақлаб қолмоқда.

16,3 фоиз телефон сўрови иштирокчиларининг фикрига кўра, одатда уларнинг “кайфияти яхши”. Лекин, шу билан бирга, респондентлар "ўзини яккалаш тартиби туфайли баъзан таранглик ва жиззакиликни бошдан кечиришини", тан олмоқда. 6,8 фоиз респондент дунёда коронавирус тарқалишининг тезлиги ва кўлами ҳақида салбий маълумотларнинг кўплигидан ташвишда. Уларнинг таъкидлашича, мавҳум касаллик туфайли хавотирлари ортиб, ўзлари, қариндошлари ва яқинларининг саломатлиги ҳақида қайғурмоқда.

64,9 фоиз фуқароларнинг фикрига кўра, коронавирус инфекцияси билан боғлиқ вазият анча мураккаб, лекин касаллик авжидан кейин, албатта, унинг пасайиши юз беради. Ушбу жараённи фақат барча санитария қоидалари ҳамда вирусологлар ва эпидемиологларнинг тавсияларига амал қилган ҳолда, сабр-тоқат ва вазминлик билангина тезлаштириш мумкин. Телефон сўрови давомида фуқаролар шуни таъкидладики, мамлакатда амалга оширилаётган чора-тадбирлар Ўзбекистонда коронавирус кенг тарқалишининг олдини олиш ва унинг мамлакат иқтисодиёти ҳамда фуқаролар ҳаётига салбий таъсирини энг кам даражага келтириш имконини беради.

Респондентлар "умуман олганда, мамлакатимизда келгуси уч-тўрт ҳафта ичида коронавирус инфекциясининг тарқалишини тўхтатишга муваффақ бўлинишига ишонаман, лекин вазият жуда жиддий ва уни олдиндан башорат қилиб бўлмайди", деб ҳам фикр билдиришди. Уларнинг фикрига кўра, CОVID-19 инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ хавф-хатарлар даражаси ҳали юқори, касалланганлар сони камаймаяпти, шунинг учун чекловчи карантин чора-тадбирларини бекор қилишга ҳали эрта.

Умуман олганда, телефон сўрови натижалари мамлакат аҳолисининг CОVID-19 инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш бўйича тиббий, ижтимоий ва иқтисодий йўналишлардаги узоқ муддатли ечимлар тизимини қамраб олган давлат сиёсатини қўллаб-қувватлашини кўрсатди. Аксарият фуқароларнинг фикрича, карантин чекловларини босқичма-босқич юмшатиш ва иқтисодий фаолиятни қайта тиклаш даврида ҳар бир муайян минтақа, туман, аҳоли пунктидаги эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб ҳаракат қилиш, янгича шароитда яшаш ва ишлаш учун эса санитария хавфсизлигининг оддий, аммо самарали қоидаларига риоя этиш зарур.

«Ижтимоий фикр» маркази материаллари асосида
М.АНИСИМОВА тайёрлади

ЎзА