« Back

Йиғилиш 04.07.2020 12:42

Мурожаат асоссиз равишда бошқа давлат органига юборилмаслиги керак

Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг мажлисида айнан шу масалага эътибор қаратилди.

Видеоконференс-алоқа режимида ўтказилган мажлисда судьялар, суд раислари, Олий суд ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, Конституциявий суд ва Судьялар олий кенгаши вакиллари иштирок этди.

Олий суд раиси Козимжон Комилов бошқарган мажлисда суд тизимини ислоҳ қилишга қаратилган амалий ишлар давом этаётгани таъкидланди. Судлар мустақил, фақат қонунга мувофиқ иш кўрадиган тузилмага айланмоқда.

Йиғилишда Олий суд пленумининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш тўғрисида» ва «Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди пленумининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарорлари лойиҳалари муҳокама қилинди.

Маълумки, фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиз бўлиб, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки чеклашга ҳеч ким ҳақли эмас.

Пленум мажлисида муҳокама этилган «Жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси айнан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қарорда суд ҳимояси деганда, процессуал қонунларда белгиланган тартибда амалга ошириладиган, жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини тиклашга қаратилган судлар фаолияти тушунилиши мустаҳкамланди.

– Судларнинг эътибори мурожаатларни кўриб чиқишда уларни асоссиз равишда бошқа давлат органларига юборишга йўл қўйилмаслигига қаратилди, – дейди Олий суди матбуот котиби Азиз Обидов. – Айтиб ўтиш керакки, судга қилинган мурожаатлар процессуал қонунларга мувофиқ шакл ва мазмунда расмийлаштирилиши керак. Мурожаатлар судга электрон ҳужжат шаклда ҳам юборилиши мумкин.

Пленум қарорида судларнинг эътибори мурожаатларни кўриш муддатлари ва мурожаат бўйича қабул қилинадиган қарорларни баён қилиш ҳақидаги қонун талаблари, ёхуд қонунчилик ҳолатини мурожаатнинг матни ёритилган тилда тушунтиришга сўзсиз риоя этилиши кераклигига қаратилган.

Агар мурожаатларда аниқ бир ишни кўришда суд (судья) томонидан процессуал қонун нормалари бузилганлиги ҳақидаги важлар келтирилган ва шикоятни кўриш жараёнида ушбу важлар тасдиқланганда, апелляция, кассация, назорат инстанцияси судлари ишни кўриш натижаси бўйича хусусий ажрим чиқариши ва унинг нусхасини тегишли судьялар малака ҳайъатига юбориши лозим.

Суд ҳужжатларининг ижроси лозим даражада ижро этилмаётганлиги масалалари бўйича юқори турувчи судларга келиб тушган мурожаатлар «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун талабларига асосан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг тегишли ҳудудий бошқармасига юборилади.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш жадвалига асосан белгиланган кун ва соатларда қабул қилишни тўғри ташкил этиш, сайёр қабуллар ўтказиш вақти ва жойи тўғрисида ўз вақтида хабардор қилиш, шунингдек, қабул қилиш куни асоссиз равишда кўчирилишига йўл қўймаслик керак.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари нафақат уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, балки судлар фаолиятидаги камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш воситаси ҳамдир. Шу сабабли судларга жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини мунтазам равишда таҳлил қилиб бориш тавсия этилмоқда.

Бундан ташқари, мажлисда «Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди пленумининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Пленум мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н.Йўлдошев иштирок этди.

Н.АБДУРАИМОВА,
ЎзА