« Back

Йиғилиш 08.07.2020 14:51

Бош прокуратура: Қонунларга риоя этилиши устидан назорат кескин кучайтирилади

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида навбатдан ташқари ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.

Бош прокурор Н.Йўлдошев раислигида ўтган йиғилишда Бош прокуратура масъул ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари, ўринбосарлари, пойтахт туманлари прокурорлари ва соҳага масъул бошқа ходимлар иштирок этди.

Видеоселектор тарзида ўтказилган мажлисда Тошкент шаҳар прокуратураси органларининг пойтахтда жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолияти кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, пойтахтда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш бўйича бошқа идоралар билан ҳамкорликда муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Замонавий ахборот-технологиялари имкониятларини кенг татбиқ қилган ҳолда “Хавфсиз пойтахт” концепцияси ҳам изчил жорий этилмоқда.

Бунинг натижасида ўтган 5 ойда 44 фоиз маҳаллада жиноятлар камайган бўлса, 43 фоизида умуман жиноят содир этилмаган.

Шунингдек, қасддан баданга оғир шикаст етказиш 6 фоизга, номусга тегиш 54, талончилик 55, гуруҳлар жинояти 23, аёллар жинояти эса 32 фоизга камайишига эришилган.

Шу билан бирга, ҳуқуқбузарлик профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш фаолиятини ташкил этишда камчилик ва нуқсонларга йўл қўйилаётгани кўрсатиб ўтилди.

Ҳайъат мажлисида шаҳарда криминоген вазият барқарорлигини сақлаш, жумладан, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва тезкор-қидирув тадбирларини ташкил этиш, жиноятларни рўйхатга олиш ва ҳисобини юритиш борасида йўл қўйилаётган камчилик ва нуқсонлар, бу соҳада прокурор назоратини таъминлашдаги сусткашликлар ҳудудлар кесимида, аниқ рақам ва мисоллар асосида танқидий муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, пойтахт ҳудудида ўтган даврда қотиллик 10 фоизга, ўғирлик 38, безорилик 54, босқинчилик 170, вояга етмаганлар жинояти 53, ўқувчилар жинояти 63 фоизга ошган.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш, шахсларни профилактик ҳисобга қўйиш ва улар билан ишлашда ҳам кўплаб тизимли камчиликлар кўрсатиб ўтилди.

Терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларини ўтказишда йўл қўйилган камчиликлар кескин танқид қилинди.

Ҳайъат йиғилишида Тошкент шаҳар ва туман прокуратураси раҳбарлари ва соҳага масъул ходимларининг йўл қўйилган камчиликлар бўйича ҳисоботлари эшитилди.

Хизмат вазифаларини етарли бажармаган ходимларга қатъий чоралар кўрилди.

Бундан ташқари, жиноятчиликнинг олдини олиш, халқимиз осойишталиги ва тинчлигини сақлаш билан боғлиқ вазифалар ижросига виждонан, ҳалол ва юксак масъулият билан ёндашиш, куч ва имкониятларни тўлиқ сафарбар қилиш зарурлиги таъкидланди.

Барча даражадаги прокурорлардан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг фаолиятида қонунларга риоя этилиши устидан назоратни кескин кучайтириш, айниқса, инсон ҳуқуқларини бузилишининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратиш талаб этилди.

Тадбир якунида бошқа идоралар билан ҳамкорликда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича комплекс тадбирларни амалга оширишга қаратилган зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.

ЎзА