« Back

Йиғилиш 20.07.2020 13:23

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ раиси: Халқимизни куз-қиш мавсумида газ билан узлуксиз таъминлаш бўйича барча чоралар амалга оширилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 17 июль куни ҳудудларда ичимлик суви ва канализация тизимини яхшилаш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини жадаллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ раиси Баҳодир ЭШМУРОДОВ куз-қиш мавсумида аҳолини табиий газ билан таъминлаш бўйича тизимда амалга оширилаётган ишлар ҳақида ўз фикрларини билдирди.

- Видеомулоқотда Президентимиз томонидан куз-қиш мавсумига ҳозирдан жиддий тайёргарлик кўриш, аҳоли ва сектор объектларини узлуксиз газ билан таъминлаш бўйича аниқ вазифалар берилди. Дастлабки ҳисобларга кўра, аҳолига 286 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш режа қилинган бўлса, бугунга келиб Президентимиз томонидан шу ҳисобни 400 минг тоннага етказиш бўйича топшириқ берилди.

Олис тоғли ҳудудлардаги аҳолига ўз вақтида ва етарли ҳажмда суюлтирилган газ етказиб бериш, суюлтирилган газ захирасини шакллантириш, газ етказиб бериш техникаларини тайёрлаш ва куз-қиш мавсумида газ таъминотида узлуксиз жараённи таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.

Жамиятимиз ишини қайта кўриб чиқиб мазкур куз-қиш мавсумида барқарор ишлаш бўйича тегишли чораларни белгилаб ишларни тўлақонли амалга оширамиз. Халқимизни келаётган куз-қиш мавсумида табиий ва суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлаш бўйича барча чоралар амалга оширилади.

ЎзA