« Back

Йиғилиш 27.08.2020 14:25

Ўзбек тили нуфузини ошириш борасидаги ишлар таҳлил қилинди

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳамкорлигида видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 декабрда тасдиқланган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатида қўлланилишини кенгайтириш, ривожлантириш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ўқитиш методикасини такомиллаштириш бўйича 2019-2020 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури”нинг амалиётга татбиқ этилиши, бу борада тизимда амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.

Бугунги кунда дунёнинг 60 дан ортиқ олий таълим муассасалари ва марказларида ўзбек тили ўқитилади. “Ўзбек тилини ўқитиш методикаси”ни ўргатиш мақсадида юртимиздаги тажрибали профессор-ўқитувчиларни чет давлатларга юбориш йўлга қўйилди.

2019/2020 ўқув йилида филология ва тилларни ўқитиш, жумладан, ўзбек тили бакалавр йўналишида 7 минг 522 нафар, ўзбек тили ва адабиёти йўналишида 3 минг 895 нафар бакалавр тайёрланган бўлса, лингвистика (ўзбек тили) магистратура мутахассислигида 172 нафар, ўзбек тили ва адабиёти магистратурасида 94 нафар магистр тайёрланди. Ўзбек филологияси йўналишида тайёрланадиган тадқиқотчилар 239 нафарни ташкил этди.

Президентимизнинг “2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги қарори билан 5120200 – Таржима назарияси ва амалиёти (тиллар бўйича) бакалавриат таълим йўналиши, 5А120105 – Фольклоршунослик ва диалектология магистратура мутахассисликларига квота ажратилди.

Нофилологик таълим йўналишларида давлат тилини ўқитиш тизимини такомиллаштириш мақсадида ўқув режаларига “нутқ маданияти”, “давлат тилида иш юритиш” дарсларини киритиш юзасидан билдирилган таклифлар асосида “Ўзбек тилининг соҳада қўлланилиши” фани намунавий ўқув режага киритилди.

Йиғилишда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мақомини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

– Мамлакатимизнинг баъзи туман аҳолисининг 100 фоиз маҳаллий миллатга мансуб бўлишига қарамай “Продаётся”, “Мы открылись”, деган эълонлар осилган бўлади, – дейди Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири Абдуғаффор Қирғизбоев. – Тушунмайман ёки бу сўзларнинг маъносини англатувчи ўзбек тилида сўз йўқми? Яна бир гап: баъзи кўчалар ва айрим маҳаллаларнинг номи жуда ғализ. “Илон ўтти”, “Бўғилди”, буни узоқ давом эттириш мумкин. Шу боисдан тилимизга ҳурмат ва эҳтиромни оиладан, маҳалладан бошлашимиз керак. ОАВда, таълим муассаларида тилимизнинг нечоғлик улуғлигини тарғиб қилишни кучайтиришимиз керак.

Йиғилиш сўнггида муҳокама этилган масала юзасидан тегишли тавсиялари ишлаб чиқилди.

Шаҳноза МАМАТУРОПОВА,
ЎзА