« Back

Қабул 06.06.2020 12:58

Судьялар олий мактаби

Ўзбекистонда ягона бўлган Судьялар олий мактаби магистратурасига ҳужжатлар қабул қилиш давом этмоқда

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида чинакам мустақил суд ҳокимиятини шакллантириш, инсон ҳуқуқ ва мафаатларини ишончли ҳимоя қилиш орқали одил судловни амалга оширишда қонунийликни таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2018 йил 7 декабрда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида судьяликка муносиб топилган номзодларни камида бир йил ўқитиб, тайёр судья сифатида лавозимига тайинлаш тизимини жорий этиш, ҳар қандай ҳолда ҳам қонун, адолат ва инсонпарварлик тамойилларига асососланиб иш кўриш - ҳар бир судьянинг энг устувор вазифаси бўлмоғи  лозимлигини таъкидлаганди. 

 Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 

6 январдаги “Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 

ПҚ-4096-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби ташкил этилди. 

  “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби магистратурасига ўқишга  қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан магистратурага кириш учун тегишли мутахассислик ва чет тили бўйича тест ҳамда эркин мавзуда иншо топширадилар. 

Судьялик лавозимларига номзодларни қабул қилиш фақат судьялик лавозими захирасида бўлган шахслар орасидан танлов асосида, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан биргаликда белгиланадиган квоталар бўйича амалга оширилади.

Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларига қабул қилинган шахслар асосий иш жойи бўйича лавозимидан озод қилинади, бироқ уларнинг эгаллаган лавозими бутун ўқиш даври мобайнида сақланади.

Тингловчиларига судья ёрдамчисининг бир ойлик меҳнатига ҳақ тўлаш фонди миқдорида стипендия тўланади.

2020 йил 1 сентябрдан бошлаб судьялик лавозимларига фақат судьялик лавозимларига Олий мактаб магистратура курсларида ўқишни муваффақиятли тамомлаган шахслар тайинланади.

Судьялар олий мактабининг магистратурасига 2020/2021 ўқув йили учун “Суд фаолияти”: жиноят, маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий ҳуқуқ йўналишлари бўйича бир йиллик магистратура курсларига ҳужжатлар қабул қилиш жараёнлар 2020 йил 1 мартидан 15 июнга қадар давом этади.

Қабул комиссияси