« Back

Қабул – 2020 20.06.2020 13:05

Бугундан бакалавриат таълим йўналишига қабул бошланди

Бугундан мамлакатимизда 2020/2021 ўқув йили учун бакалавриат таълим йўналишига абитуриентларни рўйхатдан ўтказиш бошланди.

Бу жараён бугунги мураккаб пандемия шароитида Республика махсус комиссияси томонидан белгиланган ҳудудларда – Давлат хизматлари марказлари орқали, барча ҳудудларда – Ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг расмий веб-сайти орқали амалга оширилади.

Президентимизнинг 2020 йил 12 июндаги тегишли қарорига кўра, эндиликда абитуриентлар учун бир қатор енгилликлар яратилди. Жумладан, тест синовлари абитуриент танлаган йўналишга мос икки фан бўйича ўтказилади. Ёшларга тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси ҳамда фанлар кетма-кетлиги бир хил бўлган бештагача бакалавриат таълим йўналиши бўйича танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилади.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тавсияномасига эга бўлган хотин-қизлар учун қўшимча тўрт фоизли давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари ажратилади.

Фарғона вилояти Сўх тумани учун бакалавриатнинг кундузги таълим шакли бўйича умумий белгиланган қабул кўрсаткичларига нисбатан қўшимча давлат гранти асосидаги 500 та ўрин миқдоридаги мақсадли қабул параметрлари ажратилмоқда.

Давлат буюртмаси параметрларига кўра бакалаврлар тайёрлаш бўйича кундузги таълим шаклига – 103 минг 575 нафар, сиртқи таълим шаклига – 31 минг 350 нафар, кечки таълим шаклига – 5 минг 25 нафар, магистрликка 10 минг 425 нафар қабул белгиланди.

ЎзА