« Back

Қабул 21.07.2020 13:18

Абитуриентлар сони бир ярим миллионга яқинлашди. Рўйхатга олиш якунланди

Давлат тест маркази 2020-2021 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш расман якунланганини маълум қилди.

Қайд этилишича, рўйхатдан ўтган жами абитуриентлар сони 1 484 085 нафарни ташкил этди. Шундан, жорий йил битирувчилари 536 144 нафардир (36,13 %).

Бу рақамлар рекорд янгиланганидан далолат беради.

Эслатиб ўтамиз, 2019/2020 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриатига 1 млн. 66 минг 925 нафар абитуриент рўйхатдан ўтказилган эди.

Шундан кундузги таълим шаклига - 718 097 нафар, кечки таълим шаклига - 13 821 нафар, сиртқи таълим шаклига - 335 007 нафар абитуриент ҳужжат топширган.

Давлат тест маркази бироз аввалроқ жорий йилда энг ёши катта абитуриент 95 ёшда, энг ёши эса 13 ёшда эканини маълум қилган эди.

Карантин шароитида имтиҳонлар қолдирилмайдими?

Ҳозирча имтиҳонлар қолдирилгани ҳақида маълумотлар берилгани йўқ. Давлат тест маркази хабарида айтилишича, синовларни санитария-гигиена талабларига риоя этилган ҳолда ўтказиш бўйича барча ишлар Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва Республика махсус комиссияси билан келишилган ҳолда, уларнинг тавсиялари асосида амалга оширилмоқда.

Олдинроқ, Давлат тест маркази синовларни пандемия шароитида ўтказиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги ижтимоий тармоқлардаги фикрларга ҳам муносабат билдирганди.

Унда 2020 йилда ҳам тест синовларини катта сиғимли биноларда видеокузатув остида онлайн транслация қилинган ҳолда ўтказиш режалаштирилгани ва ҳозирги кунда жараённи санитария-гигиена талабларига риоя этилган ҳолда ўтказиш бўйича тайёргарлик ишлари олиб борилаётгани маълум қилинган.

Қайд этилишича, ҳозирги кунда тест синовлари ўтказиладиган бинолар совутиш ва вентилация тизимлари билан таъминланган бўлиб, биноларда абитуриентларнинг ижтимоий масофа сақлашлари учун ҳар бир абитуриентга 3 квадрат метрдан кам бўлмаган жой ажратилмоқда ва биноларнинг ҳолати бўйича Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигидан тегишли хулосалар олинмоқда.

«Давлат тест маркази томонидан режалаштирилган тест синовлари нафақат адолатли ва шаффоф ўтишини, балки абитуриентларнинг соғлиғи ҳам биринчи ўринда туришини маълум қиламиз ва буни имкони борича таъминлашга ҳаракат қиламиз», дейилади хабарда.

Бу йил рўйхатга олиш 20 июндан 20 июлга қадар барча ҳудудларда Давлат тест марказининг расмий веб-сайти ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали, республикамизнинг 8 та туманида эса Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилди.

Н.Тошпўлатова,
ЎзА