« Back

Қабул 20.08.2020 23:15

Биринчи Ўзбекистон очиқ кейс-чемпионат иштирокчиларини рўйхатга олиш якунланади 

Банк-молия академиясида ўқиш учун 1400 нафар номзод http://qabul.bfa.uz/ сайтида кейс-чемпионатда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтди. Олий таълим муассасасига қабул биринчи марта жамоавий синовлар, қобилиятлар тести ва иш берувчилар билан интервью тарзида ўтказилмоқда. 

БФА МВА (банк иши) йўналиши бўйича ўқишга 600 дан зиёд киши ариза топширди, бу бир ўринга 20 нафардан ортиқ номзод тўғри келаётганини англатади. Жорий ўқув йилидан бошлаб Академиянинг барча тингловчи-талабаларига битта тилни билиш ва яна икки тил (ўзбек, рус, инглиз тили)ни тушуниш талаби қўйилади.

Ўқув дастури 100 дан зиёд академик фанлардан иборат бўлиб, талабалар ўз амалий фаолиятлари учун улардан энг долзарбларини танлаш имконига эга. FinTech, Data Science, риск-менежмент, киберхавфсизлик, эмоционал интеллект, ўзгаришларни бошқариш ва бошқа қизиқарли фанлар шулар жумласидандир.  

Ўқув жараёнларига Москва, Олма-Ота, Қоҳира, Брюссель сингари дунё пойтахтларидан энг илғор бизнес мактаблари профессорлари ва профессионал амалиётчилари жалб қилиниб, банк ва молия муассасалари раҳбарларининг янги авлодини тайёрлашда иштирок этадилар.

Таъкидлаш керакки, чемпионат иштирокчилари орасида рақобат жуда юқори, биринчи ва иккинчи турда иштирок этишга ариза берган 66 жамоадан атиги 30 таси керакли балл тўплади. Жамоалар молия ташкилотлари келажаги, солиқ тизимини ислоҳ қилиш, камбағалликни қисқартириш ва долларлашув, илғор технологияларнинг иқтисодиётга ва жамиятга таъсири билан боғлиқ кейсларни ечди. 

Сизда мамлакатимиз молия элитаси вакиллари доирасидан ўрин эгаллаш имконияти ҳали ҳам бор. Шундай экан бугун тунгача http://qabul.bfa.uz/  сайтида рўйхатдан ўтинг. Эътиборлиси, магистратурага ҳужжат топширишда базавий таълим ва эгаллаб турган лавозим бўйича барча чекловлар бекор қилинган.