« Back

Қалбан биргамиз 15.04.2020 16:45

ҲАММАСИНИ БИРГАЛИКДА ЕНГАМИЗ

Барчани ташвишга солаётган кунда фақатгина ҳамжиҳатлик, сабр билан енга олишимиз мумкинлигини кўрсатмоқда.

Кеча пластигимга устама пули тушди. Бундан ҳам хурсанд бўлдим, ҳам ҳайрон қолдим ва яна бир марта давлатимизга тасанно айтдим. Чунки, ҳаммамиз бу ойда устама бўлмаса керак деб ўйлагандик. Сабаби: короновирус туфайли хориждаги қора кўзларимизни Ватанга қайтариш мақсадида Ўртасаройда жуда катта карантин зонаси қурилди. Бунга давлатимиз ва ушбу ишга хайрихоҳларнинг жуда катта маблағи сарфланаётганини билардик. Шунинг учун бу ойнинг устамасидан кечишга ҳаммамиз тайёр турган эдик. Буни оддий қурилиш деб айтмаган бўлар эдим, буни ўзбек халқининг жипслигини, бир-бирига хайрихоҳлигини, бир мушт бўлиб бирлашса, ҳар қандай муаммони жуда тез ва осон енгиши мумкинлиги ва энг аввало Ўзбекистон ҳукумати ўз халқини ҳеч ерда хор қилиб қўймаслигининг яққол тимсоли дейиш мумкин. Қурилиш жараёнинии ўз кўзим билан кўриб, у ердаги инсонлар ўз жонини қанчалик хатарга қўяётганини қалбан ҳис этдим. Сабаби - карантин туфайли уч кишидан ортиқ тўпланиш мумкин бўлмаган бир вақтда, у ерда қарийиб уч минг киши кечаю кундуз ишламоқда эди. Бу ҳаммаси ҳукуматимизнинг ва ўзбек халқининг ўз ёру биродарларини, вирус эпидемияси бутун дунёда ҳукмронлик қилаётган бир вақтда, бошқа юртларда қолиб кетмаслигини таъминлаш учун эди. Бунинг учун шу юрт фуқароси эканимдан фахрланаман.

Аммо бугун ижтимоий тармоқ орқали бир инсоннинг чиқарган видео ва фотоси, берган интервьюсини ўқиб фуқароларимиз орасида шундай инсонлар борлигидан жуда хафа бўлдим. Нимамиш, "Кечаги ёмғирда контейнердан чакка ўтганмиш".  "Ҳой, ношукр, ношуд, дунёда одамлар учун кўчада ётиши учун чизиқ чизиб қўйишяпти, бир кун вирусдан даволаш учун фалон пул олишяпти. Айрим давлатлар ёши катта инсонлар вирус юқтирган бўлса, "умид йўқ" деб касалхонада даволашга киритишмаяпти жой йўқлигидан.

Сени текинга - душ, иссиқ ва совуқ суви, иссиқ тўшаги, кондиционери, телевизори бор бошпанага жойлаб, уч маҳал иссиқ овқат беряпти, даволаяптику" дегин келади.

Сен учун шу давлат пул ажратди, сен учун жонини хатарга қўйиб минглаб ватандошларинг шу касалхонани қурди. Сен қачон шукр қилишни ўрганасан. Ахир камчиликни ҳеч ким келиб тўғрилаб бермайди-ку, ўзимиз, шу қўлларимиз билан ҳар қандай камчиликни бартараф қиламиз.

Шу камчиликларни бартараф этишда сен ҳам биз томонда бўл, озгина сабрни ўрган, озгина шукрни ўрган!

Эртага ҳаммаси яхши бўлади. Ҳаммасини биргаликда енгамиз. Ахир биз ўзбек халқимиз. Ҳар дам бир-бирини қўлловчи, оғир дамда елка тутувчи халқмиз.

Алишер МУСАЕВ