« Back

Қарор ва ижро 10.05.2020 13:32

Замонавий олимлар, аждодларга муносиб авлодлар етиштириш бурчимиздир

Математика ҳамиша фанларнинг отаси, фанларнинг подшоси каби таърифлар билан улуғланиб келинган. Аслида ҳам мазкур фансиз ҳеч бир соҳани мукаммал эгаллаб бўлмайди.

Шу сабабли мамлакатимизда математика 2020 йилдаги илм-фанни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди. Ўтган давр ичида математика илм-фани ва таълимини янги сифат босқичига олиб чиқишга қаратилган қатор тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, математик олимлар учун шарт-шароитлар яратилиб, уларни рағбатлантириш тизими йўлга қўйилди. Шунингдек, яна қатор масалаларда самарали ишлар қилинди.

Шунга қарамай, соҳада ечимини кутаётган масалалар ҳам оз эмас. Президентимизнинг 2020 йил 7 майдаги “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори ана шундай камчиликларни бартараф этиш ҳамда соҳани ривожлантиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Умумий қилиб айтганда, қарор орқали таълимнинг ҳар бир босқичи қамраб олинган. Яъни, мактабгача таълимдан тортиб, илмий изланишларгача бўлган жараёндаги масалаларнинг ечими босқичма-босқич кўрсатиб ўтилган.

Шу ўринда қуйидаги маълумотларни айтиб ўтишни лозим топдик. Айни пайтда юртимизда 357 та ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернати мавжуд бўлиб, уларнинг 229 таси математика ва аниқ фанларга ихтисослаштирилган. Босқичма-босқич математика фанига ихтисослаштирилган мактаблар сони кўпайтирилади. Асосийси, мактаблардаги таълим бериш билан боғлиқ натижалар кўрсаткичи юқори бўлиши керак. Бунинг учун ҳам муҳим чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Қарор эса мазкур йўналишдаги ишларни янада ривожлантириш ҳамда такомиллаштиришда асосий вазифани ўтайди.

Мисол учун, шу пайтгача бўлмаган мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал, олий таълим ташкилотлари ва илмий муассасалар ўртасидаги яқин ҳамкорликни таъминловчи яхлит тизим шакллантирилади. Бу орқали таълимнинг кейинги босқичлари ҳамда ўқувчида тасаввур ҳосил қилинади. Шунингдек, педагоглар ўзаро фикр алмашиб, ўқитишни яхшилаш, кўпроқ янгиликлар жорий этиш имконига эга бўладилар.

Эндиликда фарзандингиз боғча ёшиданоқ математика ҳақидаги тасаввурга эга бўлиб улғаяди. Бунинг учун илғор хорижий тажриба асосида мактабгача ёшдаги болаларда илк математик тасаввурларни шакллантириш бўйича замонавий педагогик технологиялар жорий қилинади. Шу билан бирга, ҳар бир ҳудудда ва таълимнинг ҳар бир босқичида математика фанларини ўқитиш сифатини ошириш, ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини ривожлантириш ҳамда янги мактабларни ташкил этиш ҳам устувор вазифа сифатида белгиланмоқда. Бунинг учун, албатта, бизга малакали кадрлар керак бўлади. Ана шу мақсадда мазкур фан бўйича кадрларни, хусусан қишлоқ жойлардаги мактабларнинг кадрларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини ривожлантириш, математика фани бўйича дарслик ва ўқув қўлланмаларни такомиллаштириш чора-тадбирлари ҳам биринчи галдаги масалалар сифатида баҳоланмоқда.

Қарор кўлами жиҳатдан ва мазмунан жуда кенг ҳамда бой бўлиб, уни соҳа аҳли кўтаринки кайфиятда кутиб олди. Сабаби унда математика фани ўқитувчилари, педагоглар ҳамда олимларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш, ўқувчиларни эса фанга янада қизиқишини ошириш билан боғлиқ ислоҳотлар ҳам акс этган.

Таъкидлаш керакки, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги тасарруфида ҳам математикага йўналтирилган мактаблар мавжуд. Бугунги кунда 4 Президент ва 2 ихтисослаштирилган, яъни, Мирзо Улуғбек ва Ал-Хоразмий мактабларида 1 минг 420 нафар ўқувчига асосан математика фани чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади. Ушбу мактабларга саралаш имтиҳонлари ҳам асосан математика фанидан амалга оширилади.

Ушбу муассасаларда иш самарадорлигига эришиш учун қатор тадбирлар жорий этилган. Жумладан, математика институтининг олимлари мазкур мактабларга бириктирилган. Олимлар ўқувчилар учун махсус маҳорат дарслари олиб боради. Жорий йилнинг февраль ойида Тошкент шаҳридаги Президент мактабида Академик Шавкат Аюпов томонидан маҳорат дарси ўтказилди. Табиийки, бу амалиёт ўқувчиларда ижобий ўзгаришларни ҳосил қилди. Улардаги қизиқиш ва интилиш янада ошгани дарслар давомида кўзга ташланди.

Бундан ташқари, пойтахтимиздаги Президент мактабида Математика инсититути билан ҳамкорликда халқаро математика олимпиадасига республика терма жамоасини тайёрлаш марказини ташкил қилиш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, математика бошқа STEAM фанлари каби инглиз тилида ҳам ўргатилмоқда. Бу, ўз навбатида, ўқувчиларимизнинг келгусида математика соҳасидаги билимини халқаро майдонда намоён қилишига кенг имконият беради.

Яна бир гап. Агентлик ва “SixClouds Pte Ltd Singapore” компанияси ўртасида имзоланган меморандумга кўра, “SixClouds” компанияси 4 Президент ва 3 ихтисослаштирилган мактабга, компания томонидан ишлаб чиқилган математика фани бўйича рақамли ўқув методикаси ва дастури беғараз тақдим этилди. Бу дастур 5-8 синф ўқувчилари учун қўшимча машғулотлар ташкил қилишда қўлланилмоқда.

Албатта, бажарилган ишларимиз ҳали қўл билан санарли. Олдинда қилиниши керак бўлган муҳим вазифалар бисёр. Биз уларни қай тартибда амалга ошириш ҳақида кўпроқ бош қотиришимиз лозим. Иқтидорли ёшларни аниқлаш ҳамда уларнинг математика фани бўйича маҳаллий ва халқаро фан олимпиадаларида муваффақиятли иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллашини таъминлаш муҳимдир. Онлайн платформа асосида таълим беришни амалиётга татбиқ этиш, масофадан ўқитиш тизими самарадорлигини ошириш, баҳолаш мезонининг шаффоф механизмларини жорий қилиш талаб этилади.

Муҳими ҳар бир қўл урган ишимизни сидқидилдан, виждонан бажариш зарур. Зотан, биз буюк алломаларнинг авлодларимиз. Уларга муносиб издошлар, замонавий олимларни яратиш эса ҳам фарз, ҳам қарздир.

Сарвар БАБАХОДЖАЕВ, 
Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги раҳбари