« Back

Қарор ва ижро 22.05.2020 13:56

Талабалар ва тадқиқотчилар учун стипендия

Математика йўналишида таълим олаётган талабалар ва тадқиқотчилар учун Академик Тошмуҳаммад Алиевич Саримсоқов номидаги стипендия жорий этилди

Маълумки юртимиз не-не олиму фузалолари билан машҳур. Аждодларимиз меросини ўрганиш, уни ҳаётга татбиқ этиш орқали Ўзбекистон номини бутун дунёга ёйишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Бу борада мамлакатимизда илм-фанга қаратилаётган эътибор, Президентимиз томонидан қабул қилинаётган  қарор ва фармонлар муҳим аҳамиятга эга.

Ана шундай қарорлардан бири Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 майдаги “Математика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорини айтиш мумкин. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Математика институти ҳузуридаги Математика фани ва таълимини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш Жамғармаси томонидан Математика йўналишида таълим олаётган талабалар ва тадқиқотчилар учун Академик Тошмуҳаммад Алиевич Саримсоқов номидаги стипендия жорий этилди.

Академик Т.А.Саримсоқов номидаги стипендия квотаси (стипендия миқдори) 2020-2021 ўқув йили учун 5 нафар бакалавриат (10 ой муддатга ҳар ойда 750 минг сўмдан), 5 нафар магистрант (10 ой муддатга ҳар ойда 1 млн. сўмдан) ва 2021 йил учун 5 нафар таянч докторант (10 ой муддатга ҳар ойда 1,5 млн. сўмдан) учун белгиланди.

Батафсил маълумот, стипендия талаблари билан Ўзбекистон Математиклари канали – https://t.me/milliymatematikauz да танишишингиз мумкин.

Юртимизда иқтидорли, изланувчан ёшларимиз сафи кенгайишида бу каби ишларнинг ўрни катта. Албатта келажакда бу ўз самарасини беради. Юрт тараққиёти, илм-фан ривожига ҳисса қўшадиган ёшларимизга муваффақият тилаб қоламиз.

Зиёда РАСУЛОВА