« Back

Қарор ва ижро 11.06.2020 13:02

"Транспонд": Табиий офатлар оқибатида трансчегаравий ифлосланишни бартараф этиш

Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида “Трансчегаравий ҳудудларнинг радиоэкологик мониторинги: муаммолар ва уларнинг ечимлари” мавзуида видеоанжуман ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЭ) ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда маҳаллий ва хорижлик олимлар, мутахассислар иштирок этди.

Минтақа аҳолиси учун радиация хавфсизлигини таъминлаш муҳим масалалардан ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган 2018-2021 йилларда кимёвий, биологик, радиация ва ядро хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги халқаро ҳужжатларни бажариш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Миллий ҳаракатлар режаси ҳамда "ТРАНСПОНД" минтақавий лойиҳасини амалиётга татбиқ этиш доирасида бир қатор ишларни бажариш вазифаси белгиланган.

Бўлиб ўтган видеоанжуман минтақа манфаатларини ҳимоя қилиш, собиқ кон саноатидан ҳосил бўлган уран ишлаб чиқариш объектларидаги радионуклидларни ўзида тутувчи инсон саломатлиги учун зарарли ва токсик моддалар бўлган, шунингдек, Марказий Осиё давлатларининг тектоник фаоллигига мойил бўлган кўчки зонасида жойлашган чиқиндиларни зарарсизлантириш масалалари ва бу борада мавжуд муаммоларни бартараф этишда ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

– "ТРАНСПОНД" – табиий офатлар оқибатида трансчегаравий ифлосланишни бартараф этиш бўйича муҳим минтақавий лойиҳа ҳисобланади, – деди Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси радиация ва ядро хавфсизлиги департаменти бошлиғининг биринчи ўринбосари Сардорбек Якубеков. – 2017-2020 йилларга мўлжалланган лойиҳа радиоактив ифлосланишни аниқлаш бўйича мониторинг ва ахборот тизимини яратишдир. Шундан келиб чиқиб, лойиҳанинг мақсади илгариги уран конлари объектлари бўйича олиб борилаётган амалий иш асосида радиоактив мониторингнинг "Стандарт иш тартиблари"ни ишлаб чиқиш, радиоактив ифлосланишни аниқлаш бўйича Ўзбекистон ва Қирғизистон учун мониторинг ва ахборот тизимини ташкил этиш, икки давлат мутахассислари фойдаланиши ва кенгайтириши мумкин бўлган мониторинг маълумотлар базасининг асосий модулини ўрнатишдан иборат. Шунингдек, мутахассислар учун турли ўқув курсларини объектларнинг ўзида ҳамда Германия ва Австрияда ўтказиш ҳам лойиҳа режаларидан.

Анжуман иштирокчилари “ТРАНСПОНД” минтақавий лойиҳасининг амалга оширилиши билан яқиндан танишга муваффақ бўлди. Шунингдек, ушбу тадбир манфаатлар муштараклиги, очиқ мулоқотга ва радиациявий хавфсизлик соҳасидаги минтақавий ривожланишнинг энг долзарб масалалари бўйича келишилган қарорларни қабул қилишга пухта замин яратади.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА,
ЎзА