« Back

Қилмиш-қидирмиш 15.07.2020 16:56

АНЖЕЛИКАНИ НИМАГА ПИЧОҚЛАШДИ ЁХУД 240.000 СЎМ ПУЛ УЧУН ҚИЗНИ ЎЛДИРГАН ЙИГИТЛАР

Орамизда шундай ёшлар ҳам борки, улар пул учун ҳар қандай ишни қилишга қодир. Ҳаттоки қотилликни ҳам амалга оширишдан тап тортишмайди.

Эломон (исм-шарифлар ўзгартирилган) мактабни тугатгач, Тошкент шаҳридаги коллежларнинг бирида таҳсил олишни бошлади. Бир амаллаб биринчи босқични ҳам тугатди. 

Ёзги таътилни у ўз хоҳишига қараб ўтказишни афзал деб билди. Эломон тушликдан сўнг кўчага чиқиб, Чилонзор туманидан Учтепа тумани 12 даҳасига борди. 

У ерда ўзига ўхшаган танишлари Рашид, Артур, Андрей ва Наилларни кўрди.

Улар гаплашиб кечаси соат 22:00ларга қадар 12 даҳада ахлатхона олдидаги скамейкада ўтиришди. 

Сўнгра Эломон онасига қўнғироқ қилиб, ундан Артурнинг уйида тунаб қолишга рухсат беришини сўради.

Онаси Артурни танигани учун рози бўлди.

Соат 23:00ларда Рашид уйига кетди. Эломон Артур ва Андрейлар бирга Чилонзор тумани 11 даҳага гаражлар томонга боришди.

У ерда ҳам ўша атрофдаги скамейкаларнинг бирига ўтиришиб, беҳудага вақтларини совуриб, лаққиллаб ўтиришди.

Йигитлар ярим кечагача гаражлар ёнида ўтиришди.  Андрей эса ухлаб қолди. 

Сўнг Эломон Артур билан бирга Чилонзор тумани Ц даҳасига боришиб, у ердаги кўп қаватли уйларни кузатишди. 2-3 соат ўша ерда изғишди.  

Кейин Чилонзор туманидаги гаражлар ёнига қайтиб келишди. У ерда Андрей ҳали ҳам ухлаб ётарди.

Тахминан 15 дақиқадан сўнг улар томонга нотаниш шахс келиб, чироқнинг нурини туширди. Эломон ва Артур қўрқиб кетишди. Улар дарҳол Андрейни турткилаб уйғотишиб, Чилонзор тумани 16 даҳа томонга югуриб кетишди. 

У ерда эрталаб соат 05:00 га қадар бўлишди. Милиция ходимлари ёнларидан ўтиб кетишди, аммо йигитларни кўрмади. Чунки улар гаражлар орқасига беркиниб олишганди. 

У ерда чиқишиб, 12 даҳага боришди. Андрей ахлат йиғиш пунктига кетди. Эломон ва Артур  йўлда таниши Олгани кўриб қолишиб, у билан бир соат гаплашишди.

Сўнг ахлат йиғиш пунктига Андрейнинг олдига қайтишди. У ерда Эломон телефонининг батарейкаси тўлгунча ўтиришди.

Артур Эломонни таниши Мунисанинг уйига олиб борди. Лекин у уйида йўқ эди. Улар унинг укаси Ибрат билан гаплашиб туришди. Муниса дўкондан қайтганидан кейин уни Артур Эломон билан таништирди. 

Йигитлар Андрей билан уччалалари кечаси қаерда бўлишганини Мунисага кулиб, кулиб ҳаллослаб қуёнга ўхшаб қочганигача айтиб беришди. Кейин Ибрат Артур билан ҳазиллашиб курашишди. Уларни Эломон Мунисанинг  телефонининг камерасига олди.

Улар ўтириб гаплашишди. Муниса Артур билан ошхонага чиқиб овқат тайёрлади. Сўнгра ҳаммалари дастурхон атрофида ўтиришиб, овқатланишди.

Сўнг Эломон  Мунисанинг телефонидан танишларига қўнғироқ қилиб ўйнади. 

Бу ҳолат қизга ёқмади. Шунинг учун Муниса Артурга Эломонни уйидан чиқиб кетишини хоҳлаётганини, қилиқлари ёқмаётганини айтди.

Бироздан сўнг Артур Эломонга Мунисанинг гапларини етказди. Эломон ранги ўзгариб, хайрлашишни ҳам унутиб, хонадан чиқиб, уйига кетди.

Муниса у кетганидан сўнггина уйидан ноутбуки, телефони ва картрижи йўқолганини билиб қолди. Эломонни ўғирлаган буюмларини қайтариб олиб келишини кутди.

Сўнг укаси Ибрат ва Артур билан бирга синфдоши Парпининг уйига боксерларни грушасини олиб келиш учун кетишди.

Кейин Артур ҳам ўз уйига кетди. Ўғирланган нарсалари Чилонзор туман ИИБда Мунисага қайтарилди. Шунинг учун у ариза билан мурожаат қилмади.

Рашид 8-синф ўқувчиси Алибекни Эломон билан таништириб қўйди. 

Эломон февраль ойида Аркадийнинг Чилонзор туманидаги хонадонида бўлганди. Аркадий ва Илҳомжонларнинг хонадонни таъмирлаш билан банд бўлганидан фойдаланган Эломон йигитларга тегишли бўлган “NOKIA-1202” русумли уяли телефон аппаратини, планшетни, МР-3 плеер ва эшитиш мосламасини жами 270.000 сўмлик мол-мулкини ўғирлаб, хонадондан чиқиб кетди.

Эломон вояга етмаган Алибек, дастлабки тергов жараёнида шахсини аниқлашнинг имконияти бўлмаган “Тимур” исмли номаълум шахслар билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктирди. Ишламасдан пул топишни ўйлаб режа тузди.

Режага асосан Эломон гуруҳ аъзолари Алибек, “Тимур”га қурол, яъни жабрланувчини соғлиғига шикаст етказиши мумкин бўлган пичоқ тутқазди. 

Вояга етмаган Анжеликанинг хонадонига кириб, у ердан сотишга мўлжалланган буюмларни олиб, қизни ўлдириб, хонадонни ёқиб юбориш учун ёнувчи суюқликни олиб келишни ўзаро тақсимлаб олишди. 

Эломон режага асосан ўзининг шерикларига ҳаракатларини амалга ошириш учун учта пичоқларни тайёрлаб қўйди. 

14 август куни бу пичоқларни Алибек ва “Тимур”га бериб, Тошкент шаҳар, Учтепа туманидаги кўп қаватли уйга келишиб, йўлак рўпарасидаги ўриндиқда Анжеликанинг онаси Еленани уйдан чиқиб кетишини кутиб ўтиришди. 

Ҳеч нимадан хабари бўлмаган онаизор қотиллик куни эрталаб ишга кетаётганида қизи ҳали ухлаётган эди. Унга оқ идишда тушлик учун овқат қолдирди. Овқатни музлатгичга солиб қўйди. Қизини юзидан оҳистагина ўпиб, ишга отланди.

“Тимур” Анжелика билан ишончли муносабатда бўлгани учун хонадоннинг битта калити унда ҳам мавжуд эди. Шундай қилиб учовлон хонадонга киришди. 

“Тимур” шерикларини хонадонга киришлари учун  хонадон эшигини очиқ қолдирди.

Ўз навбатида йигитлар олдиндан тайёрланган ва олиб келинган пичоқлар билан қуролланиб, хонадонга киришди. 

Анжеликани ўлдириш билан қўрқитишиб, азоб беришиб, пул топиб беришни талаб қилишди.

Анжеликани танасига қўлларидаги пичоқлар билан кўплаб оғир тан жароҳатлари етказишди. 

Хонадондаги ит эгасини ҳимоя қилиш учун йигитларга ташланди. 

Эломон итни ўша атрофда турган дазмолнинг сими билан бўғиб, ўлдириб столнинг тагига тепиб киритиб юборди.

Қизга тегишли бўлган, йиғиб қўйган ётоқхонасидаги матрас тагидаги 240.000 сўм пулларни, “SAMSUNG GALAXSY S4” русумли уяли телефон аппарати, 64 Гб ҳажмдаги маълумот сақлаш воситаси (флеш-карта), 8 Гб ҳажмдаги маълумот сақлаш воситаси (флеш-карта), қулоқ карнайи (наушник), қора рангли “TOSHIBA” русумли ноутбук компьютерини эгаллаб, жами 2.367.192,76 сўм миқдорда моддий зарар етказишди.

Режага асосан олдиндан олиб келинган тез ёнувчи суюқлик “разбавитель” билан кийим ва буюмларга сепиб, бошқа шахсларнинг ҳаёти учун хавфли усулда ёқиб юборди.

Ўша куни Алия синглисини Фарғонага кузатди. Уйига келганида мушуги тутунни сезиб унга суйкалди. Кейин ўзи ҳам бу ҳидни сезиб у ёқ бу ёққа аланглади. Хонадонидан чиқиб қўшнинг уйи ёнаётганини кўрди. Эшик тутқичи иссиқ эди. Шу пайт қўшниси Сония ҳам чиқиб, дарҳол ёнғин ўчириш гуруҳига ва уй бошқарувчи Маликага қўнғироқ қилиб рўпарасидаги хонадондан тутун чиқаётганини айтишди.

Малика дарҳол ишхонасидан шошилиб чиқиб, уйига қайтди. Тутун чиқаётган хонадон атрофидаги қўшнилардан нега бундай бўлаётганини сўраб суриштирди.

20 дақиқадан сўнг ёнғин ўчириш гуруҳи ҳам етиб келишди. Ўт ўчирувчи Аброр ҳамкасби Мўмин билан бирга тегишли анжомларни тақиб, 8-қаватга чиқишди. Олов уйнинг ичидан чиқаётганди.  Эшик пастги қисмидан ёнаётганди. 

Аброр шеригига ойнани очишни айтди. Тутун тарқалганидан сўнг улар уйда бир киши бўйнида сим билан ўлиб ётганини кўришди. Дарҳол бу ҳақда бошлиғига хабар берди. 

Олов ўчирилганидан сўнг раҳбарини кутиб бир қават пастда туришди. Раҳбар келиб, воқеа жойини кўздан кечирди. Бошқа жасадлар топилмади.

Ярим соатлардан кейин ўт ўчирувчи келиб, Маликага хонадонда жасад топилганини айтди. У дарҳол милиция ходимларига қўнғироқ қилди. 

Бироздан сўнг сўнг милиция ходимлари етиб келишиб,  хонадонда ким яшашини сўрашди. 

Малика уларга бу ерда бир аёл 18 ёшли қизи билан туришини айтди. Дарҳол қизнинг онаси Еленага қўнғироқ қилишди. 

Бу воқеалардан хабари йуқ онаизор Елена етиб келди. Уни уйга киритишмади. 

Жиноят қидирув ходимлари келиб уни ХУЖМШ биносига сўроқ қилиш учун олиб кетишди. Унга фотосуратларни кўрсатишди. Уларнинг орасидаги фотосуратлардан Эломонни таниб қолди. Чунки бир неча кун олдин уни уйини олдида кўрганди.

Шундан сўнг жиноятчилар топилди.

Суд Эломон Болиевни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 164-моддаси 3-қисми “в,г” бандлари, 97-моддаси 2-қисми “в,ж,д,и,о,п” бандлари, 173-моддаси 2-қисми “б,в” бандлари, 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топиб, 14 (ўн тўрт) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Суд Алибек Тўхтасиновни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 164-моддаси 3-қисми “в,г” бандлари, 97-моддаси 2-қисми “в,ж,д,и,о,п” бандлари, 173-моддаси 2-қисми “б,в” бандлари билан айбдор деб топиб, 236.800 (икки юз ўттиз олти минг саккиз юз) сўм жарима, 12 (ўн икки) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Суд Э.Болиевдан жабрланувчи И.Адҳамов фойдасига 270.000 сўм,  Э.Болиев ва А.Тўхтасиновлардан солидар тартибда Е.Боткиновани  фойдасига 43.967.192,76 сўм моддий зарар ундирилишни лозим топди.

Саёқ юриб, ишламасдан осонгина пул топаман деб ўйлаб, ўта шафқатсизлик билан одам ўлдирганлар энди панжаралар ортида ўтирадиган бўлди.

Муҳтарама ТУРҒУНОВА, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси, 
Хонбиби ҲИММАТ қизи (МАХАМОВА), журналист