« Back

Қилмиш-қидирмиш 28.07.2020 12:24

КЎЗНИ КЎР ҚИЛГАН СЕВГИ

Содир этилган қотиллик бир йигитни 21 йил озодликдан маҳрум бўлишига сабаб бўлди.

Шоғулом Раҳимов (исм-шарифлар ўзгартирилган) холасининг уйида яшайдиган Мафтуна Ризаевани 2014 йилдан яхши кўриб қолиб, у билан гаплашиб юрарди.

У Мафтунага уйланмоқчи бўлганида онаси қаршилик қилди. Шоғулом барибир севгилисидан кўнгил узолмади. Доимий ишқий учрашувлар ўз самарасини берди. 2018 йил февраль ойларида қиз ҳомиладор бўлиб қолди. Йигит ноилож  бу ҳақда онасига айтди. 

Онаси қизнинг ҳомиладорлигини, кўчада уйсиз юрганлигини кўриб, ўғлининг уйланишига рози бўлди. 2018 йил 8 май куни уйларида қўни-қўшни, қариндош-уруғларини чақириб кичикроқ тўй ўтказишди.

2018 йил 24 октябрь кунига келиб, Шоғулом ва Мафтуна қиз фарзандли бўлишди. Исмини Хадича деб қўйишди.

Улар бошида яхши яшашгандек эди гўё. Аммо Мафтунанинг онаси Гавҳар опа маҳаллада пайдо бўлгач, уларнинг турмушига аралаша бошлади. Хотини ҳам унинг ёнига тез-тез чиқадиган бўлиб, муносабатлари ёмонлаша бошлади. Хотинининг онаси ва синглисига муносабати ўзгариб, уларни ҳурмат қилмай қўйди.  Ўрталарида кунаро жанжал чиқарди.

Мафтуна ҳеч кимдан сўрамасдан фарзандини олиб кетиб қоладиган одат чиқарди.

2019 йил 29 июль куни Шоғулом ишга навбатчиликка кетганида хотини онасига ҳам индамай қизини олиб, уйдан чиқиб кетиб қолганини ишдан қайтганидагина билди. 31 июль куни хотинини олиш учун қайнонаси яшайдиган уйга борганида қайнонаси қизининг уйида йўқлигини айтди. Бир неча кундан сўнг онаси билан хотинини излаб, Мафтунанинг опасини уйига ҳам боришди. Опаси уларга синглисининг қаерда эканидан хабари йўқлигини айтиб, синглисига телефон қилиб берди. Шоғулом у билан гаплашиб, уйга қайтишини айтди. Кейинроқ Мафтунанинг ўзи бегона рақамдан телефон қилиб, Қўқон шаҳрида эканлигини, уйга қайтмаслигини билдирди.

2019 йилнинг 13 август куни соат 9 00 ларда қайнонаси телефон қилиб уни чақирди. Борса хотинини қизи билан кўрди. Қизини қўлига олганида, хомуш, ўзини олдириб қўйган бир аҳволда эди.

“Куёв бола кўрдингизми қизингиз аҳволини, - деди қайнона, сиз болангизни боқолмаяпсиз, бошқа келманг энди”.

Шоғуломнинг бундан жаҳли чиқди. Онасига бўлган воқеани айтиб берди. Онаси неварасини олиб келишини айтиб чиқиб кетди. Ўша пайти борманг, деди Шоғулом онасига, аммо онаси ҳам гапга кирмасдан чиқиб кетди. 

Орадан 5-10 дақиқа ўтиб, кўчадан онаси билан қайнонасининг бақир-чақирини эшитди.

Шоғулом онасига бўлаётган муомалани эшитиб, қаттиқ жаҳли чиқди, қўлига ошхона пичоғини олиб, кўчага чиққанида онаси ва қайнонаси гаплашиб туришар, 5-6 метрлар нарида Мафтуна кетиб борарди. Шоғулом Мафтунага етиб олиб, “тўхта” ишорасини қилди. Хотини айтганига кўнмади. Кетаверди... Шундан пичоқ қиндан чиқди. Ошиқ куёв хотинининг бир неча жойига пичоқ санчди... 

Буни узоқроқдан кўриб турган қайнонанинг оғзидан ҳақорат гаплар чиқа бошлади. Шоғулом бу ҳақоратларга чидаб тура олмади. Навбат қайнонага келди, унга ҳам қўлидаги пичоқни тиқди. “Мана сенга!!!” Хайриятки, буларни кўриб югуриб келган укаси ва қўшниси Миржалол ака келиб йигитнинг қўлидан пичоқни олиб қўйди.

Шоғулом суд мажлисида қайнонасига неча маротаба пичоқ урганини эслай олмаслиги, уни ўлдириш нияти ҳам бўлмагани, ўзи нима қилиб қўйганини ҳам англаб етмагани, кейин ички ишлар органи ходимларига ўзини ихтиёрий равишда топширгани, ҳозирда қилмишидан пушаймон экани ҳақида айтиб, суддан енгиллик беришни сўради.

Энди кеч эди. 

Нима бўлганда ҳам бир она ва бола совуқ жисм таъсирида хўрланган, бу ёруғ ҳаёт билан видолашган эди. Шоғулом Раҳимов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “а, ж” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, 21 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шу тариқа жиноятга жазонинг муқаррарлиги таъминланди.

Элбек Турғунбоев,
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси