« Back

Қоидалар асосида 16.05.2020 13:41

Фақат коронавирус тестидан ўтганлар поездга чиқарилади

18 майдан Тошкент шаҳридан вилоятларга темир йўл қатнови қайта йўлга қўйилади, йўловчилар нималарга эътибор бериши лозим?

Мамлакатимизда коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш юзасидан бир қатор тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йил 13 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишда “яшил” ва “сариқ” ҳудудларда санитария-гигиена талабларига қатъий амал қилган ҳолда хизмат кўрсатиш турларига босқичма-босқич рухсат бериш мумкинлиги белгиланди.

Шунга мувофиқ, 2020 йил 18 май кунидан бошлаб, Тошкент шаҳридан Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига “Афросиёб” тезюрар поезди ҳамда Фарғона водийсига темир йўл қатнови (бориш ва қайтиш) қайта йўлга қўйилади.

Шу билан бирга темир йўл қатновларини ташкил этишда барча карантин қоидаларига амал қилиш, шу жумладан, йўловчилар сонини камайтириш, дезинфекция қилиш ва бошқа санитария талаблари сўзсиз бажарилиши талаб этилади.

Ушбу вақтинчалик тартибга барча тўлиқ риоя қилиши шарт.

Поездларга чиқишда йўловчилар санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлиги томонидан коронавирус инфекциясига тест таҳлиллари олинганига 120 соатдан кўп бўлмаган ва таҳлил натижаси “манфий” эканлиги ҳақидаги маълумотномага эга бўлишлари керак. Темир йўл вокзаллари ҳудудига киришда барча йўловчилар бир марталик ҳимоя ниқоблари ва қўлқопларда бўлишлари, вокзалларда ижтимоий масофани сақлашлари ҳамда йўналтирувчи махсус тасмалар бўйлаб ҳаракатланишлари шарт.

Йўловчилар поезд вагонларига ижтимоий масофани сақлаган ҳолда жойлаштирилади. Поездларга электрон чипталар онлайн тарзда сотилади. Электрон чипта олиш имконияти бўлмаган йўловчилар, ўрнатилган тартибда дезинфекция ишлари амалга оширилгандан сўнг, темир йўл вокзаллари кассаларидан чипта олишлари мумкин бўлади. Чипта олган йўловчилар томонидан йўловчилар сўровномаси (маршрут варағи) тўлдирилади.

Республика махсус комиссияси томонидан карантин даврида маҳаллий йўналишларда темир йўл қатновларини йўлга қўйишнинг вақтинчалик тартиби тасдиқланди. Мазкур вақтинчалик тартиб талаблари билан “Ўзбекистон темир йўлари” АЖнинг расмий веб сайти орқали тўлиқ танишиб олишингиз мумкин.

Тошкент шаҳридан Навоий, Бухоро, Қарши шаҳарларига “Afrosiyob” тезюрар поезди ҳамда Тошкент – Андижон йўналишида қатнови йўлга қўйиладиган поездлар ҳаракат жадвали қўйидагича:

2020 йил 18 май куни эрталаб соат 7:00 дан Тошкент – Навоий –Бухоро йўналишида 762-сонли, ўша куни соат 16:28 дан Бухоро – Навоий – Тошкент йўналишида 761-сонли;

2020 йил 18 май куни эрталаб соат 8:00 дан Тошкент–Қарши йўналишида 760-сонли, ўша куни соат 17:58 дан Қарши – Тошкент йўналишида 759-сонли “Afrosiyob” юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар;

2020 йил 18 май куни эрталаб соат 8:05 дан Тошкент Жанубий вокзалидан Тошкент–Андижон йўналишида 60-сонли ва ўша куни соат 15:33 дан Андижон –Тошкент йўналишида 59-сонли йўловчи поездлар ҳаракати бошланади.

“Oʻztemiryoʻlyoʻlovchi” АЖ