« Back

Қулайлик 14.07.2020 12:19

Ниҳоят Тошкент кўзи ожизлар учун ҳам қулайлашади

Тошкентда кўзи ожизлар учун махсус йўл белгилари ташкил этилмаганини ЎзА ахборот агентлиги танқид қилиб чиққан эди.  "Қора ойналар ортидаги муаммолар: Тошкентда кўзи ожизлар қандай яшайди?" мақоласида ЎзА мухбири шаҳар кўчаларини кўзи боғлиқ ҳолда айланиб ижтимоий экспремент ўтказганди. Ва пойтахтимизда махсус кўзи ожизлар кўп ҳаракатланувчи қисмларида ҳам улар учун етарли шароит қилинмагани, Тошкент кўзи ожиз замондошларимиз учун ниҳоятда қўрқинчли шаҳар экани ҳақида бонг урилган эди.

Бу борада шаҳримизда амалий ишлар бошлангани ҳақида Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар тарқатди: "Пойтахтимиздаги пиёдалар йўллари тартибга келтирилмоқда, велойўлаклар ва махсус ногиронлар йўли ташкил этилмоқда. Хусусан, қурувчилар ва ободошлаштириш тизими мутахассислари қатор кўчалар бўйлаб ободонлаштирилган эни 1, 5 метр бўлган пиёдалар йўли, 0,80 метр кенгликдаги махсус ногиронлар йўли ҳамда 1 метр кенгликдаги велойўлакларни барпо этиш йўлида ҳаракатдалар."

Бундай ишлар бугунги кунда қуйида кўчаларда амалга оширилмоқда.

* Ҳайдар Алиев кўчасининг Сарикўл кўчасидан Озарбайжон маданият марказигача бўлган 2 километрлик қисмида 90 фоизга;

* Шаҳрисабз кўчасининг Катта Миробод кўчасидан Истиқбол кўчасигача бўлган 2,3 километр оралиғида 50 фоизга;

* Истиқбол кўчасидан Нукус кўчасигача бўлган 1,6 километр масофада 30 фоизга;

* Фарғона йўли кўчасининг Кичик автомобиль ҳалқа йўлидан Қўйлиқ бозоригача бўлган 7 километрлик қисмида 15 фоизга бажарилди.

P/S: Бугун пойтахт кўчаларида ана шундай йўл белгилари ётқизила бошлангани қувонарли ҳол. Лекин улар фақатгина марказий кўчаларда эмас, ўйлаймизки, ана шундай қулайликлар биринчилардан бўлиб, муҳтож бўлганлар ҳудудларида ҳам амалга оширилади ва кўзи ожизлар ётоқхонаси, мактаб ва иш жойлари жойлашган кўчаларда махсус йўл белгилари ва овозли светофорлар ҳам ўрнатилади.

ЎзА