« Back

Қулайлик 25.04.2020 13:51

Адлия вазирлиги: Ҳуқуқий маслаҳат зарур бўлганда бизга мурожаат қилинг!

Карантин даврида кўплаб янги қоидалар ва тартиблар жорий этилмоқда. Бу эса фуқароларда ҳуқуқий маълумот ва маслаҳатга эҳтиёж туғдириши табиий ҳол. Бу эҳтиёжни масофавий тарзда қондириш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий билимларини ошириш мақсадида Адлия вазирлиги қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Энг муҳими, уларнинг барчаси бепул ҳуқуқий маслаҳат беради.

Ҳуқуқий маслаҳат боти. Адлия вазирлиги ташаббуси билан Телеграм мессенжерида @huquqiy_maslahatbot боти очилиб, у орқали фуқароларнинг масофадан туриб йўллаган саволларига ҳуқуқий тушунтиришлар ва маслаҳатлар бериб борилади.

Бот орқали келиб тушган саволларга тезкор ва батафсил жавоб бериш мақсадида 100 га яқин малакали мутахассис, шу жумладан, Тошкент давлат юридик университетининг юридик клиникаси ва “Мадад” ННТ мутахассислари жалб қилинган.

Куни кеча очилган ушбу ботга бир вақтнинг ўзида 500 дан ортиқ мурожаат келиб тушди ва улар бўйича фуқароларга тезкор ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Бундай имконият жойлардаги адлия органларида ҳам жорий этилган.

Нотариуслар маслаҳати. Фуқаролар уйдан туриб нотариат соҳасига оид саволларга жавоб олишларини таъминлаш мақсадида Нотариал палата билан биргаликда телеграмда @notariusmaslahatibot боти ташкил этилган. Ушбу бот орқали келиб тушган саволларга жавоб бериш учун 30 дан ортиқ малакали нотариус бириктирилди.

Давлат хизматлари. Карантин туфайли давлат хизматлари марказлари ҳам бошқа адлия органлари ва муассасалари каби махсус иш режимига ўтганлиги сир эмас. Аҳоли энг кўп мурожаат қиладиган давлат хизматлари соҳасида қабул қилинган маъмурий регламентларни қўллашга доир саволларга жавоб бериб бориш мақсадида @davxizmataloqa_bot ишга туширилди.

“Ҳуқуқий ахборот” канали. Адлия вазирлигининг ўзбек, рус ва инглиз тилларида юритиб келинаётган @huquqiyaxborot, @pravoinf ва @leginf телеграм каналлари қабул қилинаётан қонунларни, шунингдек карантин даврида аҳолини қизиқтирадиган муҳим ва долзарб масалаларни содда тилда тушунтириб келмоқда.

Ҳозирга қадар ушбу каналлар орқали 10 мингдан ортиқ турли ҳуқуқий тушунтириш материаллари тарқатилган.

Брифинг ва интервьюлар. Адлия органларининг масофадан туриб ишлаётган барча ходимлари томонидан ҳам аҳолининг ҳуқуқий билимларини ошириш учун келиб тушган саволлар асосида брифинглар ва видеоинтервьюлар ташкил қилиниб, телевидение ва ижтимоий тармоқларда эълон қилиб келинмоқда.

“Бола ҳуқуқлари” сайти. Бугунги кунда мактаб таълими вақтинча онлайн шаклга ўтказилгани сабабли Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ҳуқуқий-маърифий, кўнгилочар-интерактив “Бола ҳуқуқлари” портали (bolahuquqlari.uz) асосида болажонлар ҳамда уларнинг ота-оналари учун жуда керакли ва фойдали ҳуқуқий билимлар бериб келинмоқда.

“Мадад” муассасаси. Фуқаролар ва тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий масалалар бўйича “Мадад” ташкилотига масофадан туриб мурожаат юбориши мумкин.

Муассасанинг ҳуқуқий ахборот портали (http://advice.uz/) ёки ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали зарур маълумотларга эга бўлишлари ҳам мумкин. www.advice.uz ҳуқуқий ахборот порталида сизга онлайн маслаҳатчи жавоб беради, телеграмда эса @Madadnnt_bot мавжуд.

Юқорида кўрсатиб ўтилган манзиллар орқали ҳар бир фуқаро малакали ва бепул ҳуқуқий маълумот олиш имконига эга.

ЎзА