« Back

Қулайлик 28.04.2020 12:26

“Иссиқ тармоқ” хизмати фуқароларга қандай ёрдам кўрсатяпти?

Мамлакатимизда карантин тартиби жорий этилиши билан айрим фуқаролар маълум қийинчиликларга дуч келди. Меҳнат фаолиятининг вақтинча тўхтатилиши, оила аъзоларининг бошқа ҳудудларда қолишига тўғри келиши, шошилинч тиббий ёрдам билан боғлиқ муаммолар шулар жумласидан.

Бундай вазиятда пойтахт аҳолисига ёрдам кўрсатиш, зарурат туғилганда мурожаат қилиши учун Тошкент шаҳар ИИББ “102” қисқа алоқа рақами орқали “Иссиқ тармоқ” хизмати фаолиятини йўлга қўйди.

Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ берган маълумотига кўра, 16 апрелдан бугунги кунга қадар алоқа тармоғига 402 мурожаат келиб тушган. 79 ҳолатда аҳоли ИИББ ходимларидан турли ёрдам сўраган, 231 мурожаат ҳуқуқий мавзуга дахлдор бўлган.

34 ҳолатда фуқароларни шаҳарнинг бир нуқтасидан бошқа манзилга етказиб қўйиш сўралган, 38 мурожаат ижтимоий-маиший масалаларга тааллуқли, 7 мурожаат ички ишлар ходимлари ваколатига кирмасада улар бўйича чора кўрилди.

Ҳуқуқий маслаҳат сўраб қилинган мурожаатлардан 107 тасида карантин қоидаларига тегишли саволлар йўлланган. 89 ҳолатда хусусий транспортда ҳаракатланиш билан боғлиқ саволлар берилган, 21 ҳолатда эса автомобилда ҳаракатланишга рухсат (стикер) олиш бўйича савол сўралган. 9 мурожаат фавқулодда вазиятлар билан боғлиқ бўлган бўлса, 5 мурожаатда бошқа идораларга тааллуқли масала кўтарилган. Барча мурожаатлар ИИББ ходимлари ёрдамида тегишли жойга йўналтирилиб, тезкор ҳал этилди.

Кечанинг ўзида ИИББга мурожаат қилган 4 фуқарога шаҳар ичида ҳаракатланишда амалий ёрдам кўрсатилди.

ЎзА