« Back

Қулайлик 12.06.2020 12:24

Пойтахтимизда «Яшил дўкон»лар фаолияти йўлга қўйилади

Бу дўконларга озиқ-овқат маҳсулотлари «Даладан-дастурхонгача» тамойили асосида «яшил» йўлаклар орқали тўғридан-тўғри, ҳеч қандай тўсиқсиз ва ўртакашларсиз етиб келади.

Аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида пойтахтимиздаги аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда «Яшил дўкон»лар фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг топшириғига мувофиқ ташкил этилаётган бундай дўконлар сони 50 та бўлиб, уларда кундалик зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари мақбул нархларда сотилади.

Ушбу хайрли мақсадни амалга оширишда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент органлари томонидан Тошкент шаҳар прокуратураси ва ҳокимлиги билан ҳамкорликда зарур ишлар амалга оширилмоқда.

Дўконлар қурилишини ташкил этиш борасида дислокацияси лойиҳаси ишлаб чиқилиб, дўконларни барпо қилиш чоралари кўрилмоқда.

Савдо масканларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ҳамёнбоп нархларда аҳолига етказилишини таъминлаш учун ҳудудлардан камида учта кўп тармоқли фермер хўжалиги бириктирилади. Шу мақсадда Департамент раҳбарияти вилоятларга чиқиб, фермер хўжаликларининг салоҳияти, уларнинг мавжуд имкониятларини ўрганмоқда.

Департамент бошлиғининг биринчи ўринбосари У.Муҳамедов Сирдарё вилоятида бўлиб, Сайхунобод туманидаги «Ином» фермер хўжалиги фаолияти билан яқиндан танишди.

Фермернинг 122 гектар ер майдонида боғдорчилик, балиқчилик, бошоқли дон ҳамда полиз экинлари, чорва моллари учун озуқа етиштирилади. Бунда боғ қатор орасига экилган 90 бости экинлари, яъни нўхат, ловия, сабзи, қовун, тарвуз, помидор каби маҳсулотлар ҳам етиштирилмоқда.

Экилган бошоқли дондан бўшаган майдонларда ҳозирда пешма-пеш равишда картошка, сабзи, мош, шолғом, қизил лавлаги ва турп экиш режалаштирилган.

Полиз маҳсулотлари етиштириш учун ажратилган ерлардан 200 тонна полиз маҳсулотлари шу ойнинг охирига қадар аҳоли эҳтиёжини таъминлаш мақсадида бозорларга чиқарилади.

Бундан ташқари, фермер хўжалигида иссиқхона мавжуд бўлиб, ҳозирда помидор, бодринг ва булғор қалампири маҳсулотлари етиштирилмоқда.

«Султон» фермер хўжалиги эса нафақат чорвачилик, балки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш билан ҳам шуғулланади. Жумладан, 30 гектар экин майдонда боғдорчилик, 35,8 гектарда балиқчилик, 130 гектарда бошоқли дон экинлари, 10 гектарда полиз экинлари, 270 гектарда чорва моллари учун озуқа экинлари, 37,2 гектарда шоли ҳамда 141,6 гектар майдонда уруғлик етиштирмоқда.

Даниядан олиб келинган 300 бош наслли қорамолдан кунига олинадиган 9 тонна сут маҳсулотлари асосан тумандаги корхона ва ташкилотларга етказиб берилмоқда. Наслли молларнинг 30 фоизи бўрдоқичиликка мослаштирилган бўлиб, туман аҳолиси ва ташкилотларини гўшт маҳсулотлари билан таъминлаш имконини бермоқда.

Фермер хўжалигига тегишли балиқчилик ҳовузларида экспорт қилишга мўлжалланган «Африка» балиқлари етиштирилмоқда. Полиз маҳсулотлари етиштириш учун ажратилган ерлардан 400 тонна маҳсулот шу ойнинг охирига қадар аҳоли эҳтиёжини таъминлаш мақсадида бозорга чиқарилиши кутилмоқда.

Шундай фермер хўжаликлари эндиликда «яшил» йўлаклар орқали тўғридан-тўғри ҳеч қандай тўсиқларсиз ва ўртакашларсиз «Даладан-дастурхонгача» тамойили асосида маҳсулотларини пойтахтлик истеъмолчиларга етказиб беради. Бунинг учун уларга Департамент ва бошқа мутасадди идоралар томонидан амалий ёрдам кўрсатилади.

Бундан нафақат фермер, балки аҳоли ҳам манфаатдор бўлиши шубҳасиз.

Муаттар Рўзибоева,
ЎзА