« Back

Қулайлик 15.06.2020 17:34

Иккинчи босқичда йўловчи поездлар қатнови бошланди

Республика махсус комиссиясининг қарори билан, 2020 йил 15 июндан бошлаб, фуқароларга қулайликлар яратиб бериш мақсадида Республикада эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратилган ҳудудлар ўртасида санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда 7 та йўналишда поездлар қатнови қайта тиклашга рухсат берилди.

“O‘ztemiryo‘yo‘lovchi” акциядорлик жамиятининг матбуот хизматидан маълум қилишларича, рухсат берилган йўналишлар бўйича босқичма-босқич қатнов йўлга қўйишни бошлади.

Ҳаракат жадвалига кўра бугундан Тошкент - Термиз - Тошкент йўналишидаги йўловчи поездлари соат 19:30 да Тошкент жанубий ҳамда соат 18:57 да Термиз вокзалидан;

Тошкент-Нукус-Тошкент йўналишидаги йўловчи поездлари соат 14:16 да Тошкент жанубий ҳамда соат 16:12 да Нукус вокзалидан;

Тошкент - Хива - Тошкент йўналишидаги йўловчи поездлари эса соат 21:00 да Тошкент жанубий ҳамда соат 16:05 да Хива вокзалларидан ҳар куни ҳаракатни амалга оширади.

Шунингдек, Тошкент-Самарқанд-Тошкент йўналиши бўйича санитария-эпидемиологик талабларга қатъий риоя этган ҳолда «Афросиёб» поездларининг қатновлари ҳам йўлга қўйилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳозиргача ҳаракати қайта тикланган поездларга чиқишда, йўловчилар орасида, ўрнатилган тартиб қоидаларга, вокзаллар ҳамда санитария-эпидемиология маркази ходимларининг талабларига бўйсунмаслик ҳолатлари ҳам учраб турибди.

Фурсатдан фойдаланиб, барча йўловчиларимиздан санитария-эпидемиологик талабларга қатъий риоя қилишларини сўраб қоламиз. Агар ўзимизни ҳимоя қилиб, гигиена қоидаларига риоя қилиб, пандемияга қарши биргаликда курашсак, поездларимиз қатнови, хизмат кўрсатиш ҳеч қачон тўхтамайди. Бу эса ўз вақтида узоғимизни яқин қилишга, манзилимизга хавфсиз етиб боришга имкон яратади.

ЎзА