« Back

Карантин 23.05.2020 18:54

"Гўзаллик салонлари" ва сартарошхоналарга қўйилган талаблар қандай?

Иш юзасидан кўчага чиқдим. Йўл-йўлакай "Гўзаллик салони"га кирдим. Хизмат кўрсатувчилар ҳимоя кийими ва ниқобда. Киришдан аввал ҳароратимни ўлчашди. Қўлларимга қўлқоп беришди. Масофа сақлаб туришимни тавсия қилишди. Бу каби тартибли ташкил этилган ишни кўриб қувондим, албатта. Бу ҳаммамизнинг саломатлигимизни асраш учун зарур эканини яна бир бор ҳис этдим.

Маълумки, бугунги кунда эпидемиологик вазият яхши бўлган ҳудудларда, барча санитария-гигиена талабларига амал қилган ҳолда, сартарошхона ва "Гўзаллик салонлар"и ҳамда йўналишсиз таксиларнинг ўз иш фаолиятини давом эттиришига рухсат берилган.

Хусусан, "Гўзаллик салонлари" ва сартарошхоналарда иш бошлашдан аввал коронавирусга қарши режимга мувофиқ дезинфекциялаш воситаларидан фойдаланган ҳолда умумий тозалашни амалга ошириш мижозларнинг саломатлиги учун муҳимдир.

Айни вақтда фаолият юритишни бошлаган ана шу каби хизмат кўрсатиш биноларининг кириш қисмига тери антисептиклари билан ишлов бериладиган жойлар, яъни таркибида 70 фоизли этил спирти бўлган ёки изопропил миқдори камида 60 фоизни ташкил қилувчи дозаторлар ўрнатилиб, ишлар бошланган. Аммо бу қатъий талаб эканлиги, ҳушёрликни йўқотмаслик кераклиги муҳимдир.

Хизмат кўрсатишда ташриф буюрувчилар камида 15 дақиқалик вақт оралиғини сақлаши керак. Бунинг учун олдиндан буюртмалар олишни йўлга қўйиш талаб этилади. Келувчиларга алоҳида хонада ёки имкон қадар бир-бирининг ораси ойнакли экран билан тўсилган ўриндиқларда хизмат кўрсатиш, ижтимоий масофани таъминлаган ҳолда ўриндиқларни жойлаштириш кераклиги белгиланган.

Ишчилар ва ташриф буюрувчилар доимий бўлган хоналарни иш куни давомида камида 2 марта кўчма бактериоцид нурлантирувчи лампалар ёрдамида дезинфекциялаш, ишчилар шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиши лозим бўлади.

Хизмат кўрсатувчи шахслар томонидан шахсий ҳимоя воситалари – тиббий халат ёки комбинезон, тиббий ниқоб, юзни тўлиқ тўсадиган ҳимоя ойнаси ва тиббий қўлқопдан фойдаланган ҳолда “1 та хизмат кўрсатувчи шахс – 1 та мижоз” тамойили асосида ижтимоий масофани сақлаган ҳолда ишлашга рухсат берилади.

Ҳар куни ишдан кейин ювиладиган сочиқлар ёки бир марта ишлатиладиган сочиқ ва салфеткалардан фойдаланиш шарт.

Ҳар бир мижоз учун хизматни тугатганидан сўнг, дезинфекциялаш воситаларидан фойдаланган ҳолда барча юзалар, яъни эшик тутқичлари, ўчиргичлар, қўл тутқичларни зарарсизлантириш ҳамда вирусли режимга мувофиқ ҳар бир мижоздан кейин ишлатилган ускуналарда зарарсизлантиришни ўтказиш қоидаларига амал қилиш зарур.

Б.МЕЛИҚУЛОВА,
ЎзА