« Back

Катта кучмиз 24.04.2020 12:06

“Саховат ва кўмак” барчани бир нуқтада жипслаштиради

Халқимизнинг азалий қадриятларида бир-бирига ёрдам кўрсатиш, айниқса бошга бирор-бир ташвиш тушганда кўмаклашиш улуғланиб келинган. Бу ижобий фазилатлар ҳатто одамларимизнинг қон-қонига сингиб кетган десак, асло муболаға бўлмайди. Омон-омон замонларда аждодларимиз бир майизни қирқ бўлиб еганликлари ҳам ушбу қадриятларимизнинг нақадар инсонийлик хусусиятига эга эканлигини англатади.

 Шу жиҳатдан қаралганда, бугунги халқимиз бошига тушиб турган оғир ва синовли дамларда яна бир карра ушбу азалий қадриятларимизнинг кучини кўрсатиш вақти келганлигини барчамиз дилдан ҳис этиб турибмиз. Бу эса ҳар биримизга алоҳида масъулият юкламоқда. Яқинда бўлиб ўтган видеоселектордаги маърузаларида муҳтарам Президентимиз таъкидлаб ўтганларидек, саховатга ва кўмакка муҳтож инсонларга ёрдам кўрсатиш, имконияти етган тадбиркор, фермер ва кўнгиллиларнинг бу борада ташаббус кўрсатишлари ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканлигини давр тақозо этмоқда.

Бу борада ҳар бир ҳудудда “Саховат ва кўмак” ҳаракат тузилмаси иш бошлаши зарурий кўрсатма сифатида берилди. Ўз навбатида ушбу ҳаракатга ҳисса қўшганларга иш фаолиятларида бир қатор имтиёзлар ҳам яратилмоқдаки, буларнинг барчаси юртимиз осойишталигини сақлаб қолиш, халқимизнинг оғирини енгил қилишга қаратилгандир. Албатта, бу том маънодаги ҳаётбахш сўзларнинг амалий ифодасини бажаришга биз каби раҳбарлар бурчлимиз.

Шу ўринда, бутун карантин даврида ўз фаолиятини масофадан туриб бўлса-да бир зум тўхтатмаган Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши ва депутатлари ҳам ижтимоий ҳимояга, кўмакка муҳтож инсонларга хайр-саховат улашиб келаётганлигини кичик жумлалар билан айтиб ўтмоқчиман. Айниқса, депутатлар ўз мурувватлари орқали фаолиятларини янада жонлантиришга муваффақ бўлишди. О. Латипов каби депутатларимиз иши билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Хайрияларни мувофиқлаштириш маркази (Ўзэкспомарказда) ташкил этилгандан буён кўнгилли сифатида Марказ ишида иштирок этиб келмоқда. Қолаверса, яна бир депутат Н. Давлятова ўзи алоҳида “Мурувват-фонд” ташкил этиб, унга ҳомийларни жалб этиб, нечалаб рўзғордан қийналган фуқароларга ўзининг беминнат ёрдамини кўрсатмоқда. Албатта, фонд иши белгиланган барча санитария-гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда олиб борилмоқда.

 Юртбошимиз кўрсатма берган ҳаракатнинг ушбу депутат фаолиятида аллақачон бошлаб юборилганлиги амалга ошираётган ишларимизнинг оқилона танланганлигини исботлаб турибди. Бу каби ижобий ишларни келгусида янада кенгайтириш, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш учун кўпроқ ҳисса қўшишга ҳаракат қиламиз. Зеро, ушбу ишлар партиямизнинг улуғвор ғоя ва йўналишларида ҳам акс этганлиги барчамизни бир нуқтада жипслаштиради.

Баҳром ВАЛИЕВ, 
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, 
Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши раиси