« Back

Катта кучмиз 25.04.2020 13:45

Актам ҲАИТОВ: “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади"

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатига асос солинди. Бу қарор билан аҳолининг айрим қатламларига ёрдам кўрсатишни мақсад қилган янги тузилма вужудга келди деб қараш, аслида, ушбу саъй-ҳаракатнинг заминида турган жуда чуқур маънони кўра билмаслик бўлади.

Аслида ушбу ҳаракатга асос солиниши мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот замирида, энг аввало, инсон омили, юртдошларимиз манфаати ётганининг яна бир бор амалий исботи бўлди. Бошқача айтганда, синовли кунларда мушкул аҳволда қолган оила ёки фуқароларни ўз муаммолари қуршовида ёлғиз ташлаб қўймасликка, Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси қаерда бўлишидан қатъи назар, доимо давлатимиз ва жамиятимизнинг эътиборини ҳис қилиб туришини таъминлашга ундовчи ва мамлакатимиз бунга қодирлигини кўрсатувчи, яхши кунларда ҳам, бугунгидай оғир кунларда ҳам бутун халқимиз бир бўлиб, мураккаб аҳволда қолган ватандошимизнинг ёнида туришга чақирувчи хайрли ташаббус бўлди.

Баъзида миллатни бирлаштирувчи, юксак марраларга чорловчи мафкуравий қарашлар тўғрисида турли туман назарий чиқишларни кўриш, эшитиш мумкин. Лекин, фикримизча, халқни бирлаштирувчи ҳақиқий мафкура мана шундай амалий қадамларда бунёд бўлади ва биз бугун коронавирус деб номланувчи, ёшни ҳам қарини хам аяб ўтирмайдиган бир офат олдида халқимизнинг турли қатламлари бир-бирига кўмакка қандай бел боғлаётгани, жипслашаётганининг яққол гувоҳи бўлиб турибмиз.

Аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромади кескин камайишининг олдини олиш масалаларига бағишлаб 22 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз бу масалага яна бир бор тўхталиб, ҳозирги шароитда амалга оширилиши лозим бўлган муҳим чора-тадбирларни белгилаб берди.

Ушбу эзгу саъй-ҳаракатнинг муборак Рамазон ойида амалга оширилишида ҳам жуда катта маъно мужассам. Зеро, бу айёмда амалга ошириладиган эҳсон ва хайриялар манзилли бўлади. Шу боис хайрли ташаббус қанот ёйиши биланоқ партиямиз электорати, тадбиркор ва фермерлар имкониятдан келиб чиқиб саховат ишларини амалга ошириш истагини билдирди.

Наманган вилоятидаги “Арт софт” кластери таъсисчилари Наманган шаҳри, Поп, Мингбулоқ ва Янгиқўрғон туманларида 3 минг оилага ёрдам бериш ташаббуси билан чиқди. “Мехмаш” корхонаси эса Наманган шаҳар коронавирусга қарши “Тадбиркорлар саховат жамғармаси”га 130 миллион сўмлик озиқ-овқат ҳамда Давлат санитария эпидемиология марказига 86 миллион сўмлик дезинфекция мосламалари эҳсон қилди. “Саховат ва кўмак” ҳаракатига 350 миллион сўм маблағ ажратилди.

Айтиш ўринлики, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати кўмаги эҳтиёжманд оилаларга етиб бориши, ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмаслиги учун бу жараёнда партиямизнинг барча даражадаги депутатлари фаоллик кўрсатмоқда. Юртимиз бўйлаб йўлга чиққан “Саховат ва кўмак” карвонига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам бош қўшмоқда. Парламент қуйи палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари вақтинча ишламаётган ва кунлик даромад асосида яшаб келган фуқароларни аниқлаб, уларни томорқадан самарали фойдаланишга ва бандлигини таъминлашга кўмаклашмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг хайрли ташаббусига деҳқон ва миришкорларимиз ҳам “лаббай” деб жавоб бериб, далада кўтаринки кайфиятда меҳнат қилмоқда. Бугунги синовли кунларда “Саховат ва кўмак” умуммиллий ҳаракатига ҳисса қўшиш учун ишлаяптилар, баҳоли қудрат қийин шароитдаги оилаларга беғараз ёрдам кўрсатяптилар. Аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш баробарида, ишсиз фуқароларнинг даромад топишига шароит яратиб беряптилар.

Ҳозирги шароитда “Саховат ва кўмак” жамғармаси тузилиши жуда ўринли ва аҳамиятли бўлди. Бу орқали давлатимиз раҳбари бошлаган ташаббусга минглаб тадбиркору фермерлар, саховатпеша инсонлар қўшилишига имкон яратилди. Ишбилармонларимиз қийин шароитга тушган маҳалладошларига ёрдам бериш имконияти яратилганидан мамнун.

Фермерларимиз қишлоғидаги имконияти чекланган оилалар томорқасига экин эктириш ва кўчат таъминотини қилиб, парваришлашда астойдил ёрдам беряпти. Республика бўйича 10 мингдан ортиқ фермерлар “Саховат ва кўмак” умуммиллий ҳаракатида қатнашиш ташаббусини билдирди. Сўнгги уч йилда қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар туфайли фермерлар манфаат кўрди. Уч йил олдинги фермер ва деҳқон билан ҳозиргисининг фарқи катта. Бугун улар оёққа турди, имкониятлари янада кенгайди. Шундай синовли дамларда халқимизга ёрдам беришдан ўзларини бахтиёр ҳис қилишяпти. Эътиборга молик жиҳати шуки, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши томонидан “Саховат ва кўмак” жамғармасига 110 млн. сўм миқдоридаги хайрия маблағи ўтказиб берилди.

Тадбиркорлар уч йил олдин қандай эди, текширишлар чарчатган, ишлашга имконият чекланган эди. Кейинги йилларда тадбиркорлар учун ҳам қатор имтиёзлар яратилди, эркин нафас олиб, оёққа туришди. Шу боис бугунги синовли дамларда давлатимиз, ҳукуматимиз, халқимиз билан бирга қийин вазиятга тушган юртдошлари, маҳалладошларини қўллаб-қувватлашга ошиқяпти.

Шу ўринда партиямизнинг энг фаол қисми бўлмиш азиз тадбиркорларимизни “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатидек олийжаноб мақсадлар йўлида бошланган эзгу ишларда фаол бўлишга чақирамиз. Мингйилликларга бориб тақаладиган тарихимизга назар ташласак, унинг ҳар бир босқичида халқимиз бошига иш тушганда биринчи бўлиб кўмакка ҳар доим тадбиркорлар келганини яхши биламиз.

Бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг локомотиви айнан тадбиркорлар, ишбилармонлар ва фермерлар қатлами бўлиб қолаётгани сир эмас. Шундай экан, келинг, юртимиздаги коронавирус пандемияси туфайли юзага келган шароитда қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган юртдошларимизни қўллаб-қувватлашда ҳам биз жонбозлик кўрсатайлик. Бу партиямиз дастурларидан ўрин олган бизнеснинг жамият олдидаги масъулияти тўғрисидаги фикрларни исботлаш билан бирга, муқаддас рамазон ойида халқимизга хос ҳақиқий меҳр-оқибатнинг бир намунаси ҳам бўлади.

Сизу бизнинг ўрнимиз, халқимизга қанчалик елкадош бўла олишимиз айнан мана шундай кунларда билинади. Ўйлайманки, шундай бир даврда муҳтарам Президентимизга камарбаста бўлиб, ушбу пандемия туфайли бошимизга тушган синовларни биргаликда енгиб ўтамиз. Бу хайрли ташаббусга барчамиз, албатта, муносиб ҳисса қўшамиз.

Актам ҲАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, 
ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари