« Back

Катта кучмиз 26.04.2020 14:23

“COVID-19”: офат ва ечим

Вирус инфекциясининг дерматологик жиҳатлари

Ҳозир мамлакатимиз бўйлаб минглаб тиббиёт ходимлари коронавирус инфекциясига қарши кураш фронтида ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатмоқда.

Ушбу пандемияга қарши курашда илмий изланишлар алоҳида ўрин тутади. Шу жиҳатдан, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан республикада “COVID-19” коронавирусига қарши самарали курашиш мақсадида давлат дастури доирасида илмий лойиҳалар учун эълон қилинган танловлар Ўзбекистон тиббиёт фани олдига жиддий вазифаларни қўйди.

Бу йўналишда бир қанча илмий-тадқиқот муассасалари, жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вирусология илмий-текшириш институти, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази, Республика санитария-эпидемиология маркази ва бошқа тиббиёт ташкилотлари илмий тадқиқотларини жадал олиб бормоқда.

Бугунги кунда тиббиёт муассасаларида “COVID-19” вирусли инфекция билан касалланган беморларга ташхис қўйиш ва уларни даволашнинг янги усуллари ишлаб чиқилди ва амалда қўлланилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, касаллик профилактикаси масаласи ҳамон долзарблигича қолмоқда. Карантин тугаганидан кейин ниқоб ва қўлқопларда юриш, дезинфекцияловчи воситалардан фойдаланиш каби профилактика чоралари кўрилса-да, аммо касаллик юқиш хавфи йўқолмайди.

Шу масалаларни ҳал этиш йўлида Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази олимлари ҳам “CОVID-19” вирусли инфекциясига қарши курашда қўлланиладиган даволаш-профилактика чора-тадбирларининг янги усуллари устида тадқиқот олиб бормоқда.

Марказда ҳозирги кунда бир қанча фундаментал ва амалий тадқиқотлар якунланмоқда. Уларнинг натижалари тери ва шиллиқ пардалари яллиғланиши билан кечадиган тери касалликларининг янги этиопатогенетик жиҳатларини аниқлаб берди ва ташхис қўйиш ҳамда маҳаллий ресурслардан фойдаланган ҳолда даволаш тактикасининг янги усулларини яратишга асос бўлди.

Маълумки, “COVID-19” инфекцияси одамларга асосан ҳаво-томчи ва контактли юқиш йўллари орқали ўтади. Шу туфайли касалликнинг олдини олиш мақсадида барчамиз дезинфекция воситаларидан, ниқоб ва резина қўлқоплардан мунтазам фойдаланяпмиз. Бироқ дерматологик нуқтаи назардан бунинг натижасида терида яллиғланиш жараёнлари, тери қуриши, ёрилиши, рН муҳитининг ўзгариши каби ҳолатлари кузатилади ва зўрайиш ҳолатлари қайд этилади. Бу микроорганизмларнинг шартли-патоген ҳолатида инсон организмида сақланиш эҳтимолини оширади ва патогенли микроорганизмларнинг кўпайишига мақбул шароит яратади. Бу эса кейинчалик янги вирусли ва микст-бактериал инфекцияларининг ривожланишига сабаб бўлади.

Бугунги кунда “COVID-19” коронавируси тест тизими орқали аниқланиб, касаллик асосан вирус ва бактерияларга қарши ҳамда стероид ёрдамида даволанмоқда. Терапиянинг барча усуллари коронавирус инфекциясининг асоратланган шакллари – бронх-ўпка касалликларини даволашга қаратилган. Бироқ, тери ва шиллиқ пардаларни ҳимоя қилиш бўйича дезинфекцияловчи моддалардан ташқари ҳеч қандай терапевтик ва профилактик чора-тадбирлар ишлаб чиқилмаган.

“CОVID-19” инфекциясининг контакт йўли билан юқишини ҳисобга олсак, тери микробиотаси (теридаги микроорганизмлар мажмуи) ҳолатини, рН муҳитини, липидлар ҳолатини яхшилаш орқали терининг тўсиқ (барьер) функциясини ошириб ва инфекцияларни ташувчи ёки инфекциялардан зарарланганлик даражасини камайтириш мумкин.

Шу боис юртимиз дерматологлари олдига вирусли ва бактериал инфекцияларига қарши курашишда шартли-патоген, жумладан, вирусли микроорганизмлар билан организмнинг зарарланиши учун тўсиқ бўлиб хизмат қилувчи тери қопламлари ва шиллиқ қаватларига доир даволаш-профилактика чораларининг янги технологияларини яратиш вазифаси қўйилди.

Шу йўналишда Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан Ўзбекистон табиий ресурсларидан фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда ташқи муолажаларда ишлатиш мумкин бўлган бактериостатик хусусиятли янги авлодли даволаш маҳсулотларини, шулардан келиб чиққан ҳолда клиник протоколлар, профилактика усулларини яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Бу, ўз навбатида, “COVID-19” коронавируси билан касалланиш кўрсаткичларни пасайишига хизмат қилади.

Шаҳноза МАВЛОНОВА,
тиббиёт фанлари доктори, профессор, 
Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология илмий-амалий тиббиёт маркази лаборатория мудири