« Back

Келажак бугундан бошланади 05.05.2020 00:22

Аёл - жамият кўзгуси

Бугунги кунда биз мисли кўрилмаган воқеаларга гувоҳ бўляпмиз. Пандемия кўплаб соҳалардаги фаолиятни тўхтатиб қўйди.

Карантин инсонга умри, ҳаётини сарҳисоб қилиш билан бирга маънавияти, маданиятини яна бир бор синовдан ўтказмоқда. Бундай кунларда кўп нарсалар аёлларга боғлиқ. Шарқ аёллари азалдан юксак эътироф этиб келинган. Шу эътибор ва эътирофга лойиқ бўлиб, ўзбек аёли шаъни, иффати, қадр-қимматини фақат ва фақат юксалтириш учун хизмат қилиш лозим.

Бугунги кунда ҳар бир аёл ўз оиласи, фарзандлари, неваралари билан уйда қолиб, фойдали ишлар билан шуғулланиш, ўз ўрнида устозлик килиш, меҳрини бериши муҳим. Синов даврида фарзандларимиз, набираларимизга панд насиҳат бериб, биргаликда дарс қилиш, уларнинг ёш хусусиятларидан келиб чиқиб ибрат хусусиятини миллий қадриятларимиз эртак, ҳикоя, ибратли сўзлар орқали сингдиришимиз учун берилган вақтдан унумли фойдаланишимиз керак.

Ўзбек халқи қадимдан катталарга ҳурмат, камтарлик, меҳнатсеварлик, меҳмондўстлик, бағрикенглик, софдиллик сингари ахлоқий фазилатларга эътибор берган. Ҳар қайси миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда, шубҳасиз, оиланинг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Чунки, инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари, илк ҳаётий тушунча ва тасаввурлари биринчи галда оила бағрида шаклланади, ривожланади.

Боланинг характерини, табиати ва дунёқарашини белгилайдиган маънавий мезон ва қарашлар пойдевори оилада қарор топиши табиий. Шунинг учун ҳам айнан оила муҳитида пайдо бўладиган ота-онага ҳурмат, уларнинг олдидаги масъулият ҳиссини чуқур англаш ҳар қайси инсонга хос бўлган одамийлик фазилатлари ва оилавий муносабатларнинг негизини, оиланинг маънавий оламини ташкил этади. Кўп йиллик илмий кузатиш ва тадқиқотлар шуни кўрсатадики, инсон ўз умри давомида оладиган барча ахборотнинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврида олар экан. Боланинг онги асосан 5-7 ёшда шаклланишини инобатга оладиган бўлсак, айнан ана шу даврда унинг қалбида оиладаги муҳит таъсирида маънавиятнинг илк куртаклари намоён бўлади.

Ўзбек аёлининг маънавий қиёфаси унинг ўзини ўзи танишида, жамиятда ўзини тутишида, мавқеи, хатти-ҳаракатларининг индивидуаллигида намоён бўлади. Маърифатли аёл яшашдан мақсад нималигини билади, умрини мазмунли ўтказади. Бу гапда чин ҳаётий ҳақиқат бор. Ҳар бир оилада кекса онахонларимизнинг ўрнини алоҳида эътироф этиш мақсадга мувофиқдир. Ёшларимизга ахлоқ, бурч ва масъулият ҳақида уқтириб, тарбия берар эканмиз, аввало буларга ўзимиз амал килишимиз керак.

"Авесто" асаридаги эзгу фикр, эзгу сўз, эзгу амал айнан ҳозир - инсоният ва дунё тамаддуни эпидемия синовидан ўтаётган бир пайтда яна ҳам долзарблик касб этмоқда. Чунки айнан ҳозир эзгу фикрлар сўзга айланиб амалга ошмоғи учун турли соҳа мутахассисларини бир нуқтага жамлайдиган зиёли, ҳунарли, тажрибали инсонлар билан рўёбга чиқадиган фурсатнинг келганидан далолатдир.

Миллатни асрайлик, қизларимиз яъни, бўлажак оналаримизни ҳаёли, иболи, билимли инсон қилиб тарбиялайлик, бунга бефарқ бўлмайлик. Муқаддас динимизнинг энг чиройли, тарбиявий жиҳатларини қизларимиз, аёлларимиз онгига сингдирайликки, келажакда Ўзбек деган, энг буюк инсонлар етишиб чиққан миллатнинг келажагини, халқимизнинг энг ноёб фазилатларини асраб қолишда, авлодларга етказиш оналарнинг вазифаси эканлигини фаолиятимизнинг долзарб масаласига айлансин.

Пандемия ва карантин билан боғлиқ мавжуд қийинчиликларга қарамасдан, халқимиз тушкунлик ва саросимага тушгани йўқ. Ақлий меҳнат, таълим-тарбия билан боғлиқ фаолият турлари масофадан туриб, онлайн режимда олиб борилмоқда.

Энди кўп нарса ўзимизга боғлиқ бўлиб турибди. Бизнинг янги реалликка, эҳтимол, бир неча ҳафталар сақланиб қоладиган ҳолатга кўникишимизга тўғри келади. Вируснинг хатарли томони унинг юқумли экани, кутилмаганда ҳамла қилиши, яқинларимиздан жудо қилиши, айрилиққа гирифтор қилишидадир. Агар ҳар биримиз Президентимиз мурожаатига эътиборли бўлиб, шахсий интизомни намоён қилиб, ўз бурчимизни масъулият билан бажарсак, қисқа фурсатларда мураккаб вазиятдан чиқиб, биргаликда бу муаммони енга оламиз ва вазиятдан ғолиб сифатида чиқамиз.

Мавлюда ҒАФФОРОВА, 
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси 
“Бошқарув социологияси ва психологияси” кафедраси докторанти