« Back

Келажакка нурли йўл 05.04.2020 13:44

Коронавирус эпидемиясини жиловлаганлар: Тайвань, Канада ва Жанубий Корея тажрибаси

Ҳозирги вақтда АҚШ коронавирус пандемияси эпицентрига айланди. Эълон қилинган эпидемиологик моделга кўра, яқин ойлар ичида миллионлаб америкаликлар вирусни юқтириб олиши, вафот этганлар сони эса 240 минг кишига етиши мумкин.

Нью-Йорк штатида беморлар сони 75 мингдан ошди. Шифохоналар тўлиб кетган ва ҳимоя воситалари, ўпкани сунъий вентиляция қилиш каби жуда муҳим ускуналар етишмовчилигига дуч келган. Қайғули башоратлар эса эпидемиянинг ҳали ўз чўққисига чиқмаганини, вазият эса ёмонлашиб боришини кўрсатмоқда.
Пандемия шароитида АҚШ ва кўплаб бошқа мамлакатлар коронавирусга қарши жуда секин ва самарасиз ҳаракатларни амалга оширгани танқид қилинмоқда. Тайвань, Жанубий Корея ва Канада каби мамлакатлар эса аксинча, эпидемияни жиловлаш учун нисбатан муваффақиятли чораларни қўллашди.

Тайвань
Тайванда коронавирус юқтириб олган илк бемор 21 январь куни аниқланди. Аммо мамлакат касалликка чалинганлар сонини паст даражада ушлаб туришга эришди. 1 апрель ҳолатига Тайванда 329 бемор аниқланган бўлиб, улардан 5 нафари вафот этган.

Тайвань Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) аъзоси эмас. Чунки бу ташкилот ўз таркибига фақат БМТ аъзоларини қабул қилади. Тайвань эса мустақил давлат сифатида БМТ томонидан тан олинмаган. Бироқ, ҳукумат Уҳанда сирли касаллик пайдо бўлгани ҳақидаги хабарлар тарқалиши билан ҳаракатни бошлади.

Хитойдан атиги 100 мил узоқликда жойлашган Тайвань 31 декабрдан бошлаб, мамлакатга ташриф буюраётган сайёҳларни текшира бошлади. Шунингдек, карантинга олинган шахсларни кузатиб бориш, назорат қилиш тизимини ишлаб чиқди. Январь ойида эса тиббий ускуналар ишлаб чиқариш ҳажмини оширди. Бундан ташқари, ниқоблар ва бошқа тиббий буюмлар экспортини тўхтатди.

Тайваннинг жуда эрта, аммо самарали ҳаракатлари аввалги тажрибаларидан келиб чиқмоқда. Мамлакат 2003 йилда атипик пневмония эпидемияси хуружига учраган эди. Ўша пайтда Хитой томонидан тарқатилган ёлғон хабарлар, ҳарбий таҳдид, ҳаёт учун муҳим бўлган муҳим тиббий маълумотларни яшириш ҳолатига учраган Тайвань қўшни мамлакатда юзага келаётган ҳар қандай муаммоларни жиддий қабул қилишни ўрганди.

Жанубий Корея
Хитойдан ташқарида коронавирус эпидемиясининг энг катта ўчоқларидан бирига айланган Жанубий Корея ҳеч қандай чекловлар ва оммавий карантинсиз касалликнинг тарқалиш ҳолатларини камайтирди.

Мамлакатда оммавий тарзда тест ўтказиш ва касалланганларни аниқлаб, зудлик билан карантинга олиш сиёсати эпидемия хуружини пасайтирди. 51 миллион аҳолига эга Жанубий Кореяда кунига 20 мингдан ортиқ одам тест топширмоқда. Бундан ташқари, ЖССТ тавсиясига кўра, касаллик тарқалиш занжирини узиш мақсадида контактда бўлганларни аниқлаш ва карантинга олиш чоралари кўриляпти. 

Бу тадбирлар Жанубий Кореяда касаллик тарқалиш ҳолатларининг камайишига, соғлиқни сақлаш тизимига босимнинг пасайишига, шунингдек ўлим даражаси дунёдаги энг паст кўрсаткич бўлиб қолишига олиб келди.

Канада
Канада қўшни АҚШга қараганда кенг кўламда оммавий тест ўтказган мамлакатдир. Январь ва февраль ойларидаёқ Канада ҳукумати тест ўтказиш ва контактларни назорат қилиш тизимини шакллантира бошлади.
Мамлакат 2003 йилдаги атипик пневмония эпидемияси тажрибасидан келиб чиқиб, бу чора-тадбирларни қўллашни бошлади (Ўша вақтда Канада янги вирусдан ўлим ҳолати қайд этилган, Осиёдан ташқаридаги ягона мамлакат бўлган эди).

Ҳозирги вақтда Канада соғлиқни сақлаш тизими жуда яхши молиялаштирилган ва коронавирусга қарши тест олиш имкониятлари АҚШдан кенгроқ. Мамлакат сўнгги 20 йилни айнан шундай вазиятга тайёрланиш билан ўтказди. Натижада, вируснинг кенг тарқалиши олдини олиб, унинг эпидемияси хуружини жиловлаб келмоқда.