« Back

Китоб 11.08.2020 13:21

Китоб - беминнат устоз

Китобни офтобга қиёс қиламиз, “Билимлар хазинаси” деймиз. “Китоб – беминнат устоз. Ҳар дақиқа у бизни донишмандларнинг билим хазинаси билан ошно эта олади”, деб ёзган эди буюк шоир ва мутафаккир Aлишер Навоий. Китоб кишилик жамияти томонидан яратилган энг буюк ихтиро, бир авлоднинг ўзидан кейинги авлодларга қолдирадиган бебаҳо маданий меросидир. Инсон ҳаётида китобнинг ўрни беқиёс.

Эришган билимларимиз ва маълумотимиз учун биз китоб деб аталмиш билимлар хазинадони олдида қарздормиз. Китоб доим бизни фикрлашга, ҳалол яшашга, Ватанни севиш, жамият тараққиётига хизмат қилиш ва маънавий меъросимизни асрашга, эзгуликка чорлаб келган. “Кўрдимки, энг яхши дўст китоб экан”, – деган эди Нажмиддин Кубро. Китоб мутолааси наинки кишининг билим доирасини кенгайтиради, балки унинг маънавий-руҳий камолотида ҳам муҳим ўрин тутади. Китоб мутолааси кўнгил хоҳиши билан боғлиқ машғулот. Aлбатта, ҳеч ким бировни китоб ўқишга мажбурлай олмайди. Aксинча, мутолаага даъват этиш мумкин, холос. Китоб мутолааси инсонни ҳаёти давомида мукофот билан тақдирловчи шарафли меҳнатдир.   Китоблар инсонга ўзликни, дунёни англаш, ҳаёт мазмунини тушуниш имконини беради.    Китобхонлик тор маънода китоб ўқишни билдирса, кенг маънода танлаб ўқиш, ҳис этиш, англаш ва фикр билдириш тушунчаларини ўз ичига қамраб олади. У бадиий адабиётдан озиқланади. Биз буюк асарларни, китобларни ўқиб, улардаги ажойиб қаҳрамонларни ёқтириб қоламиз. Баъзан берилиб кетиб, уларнинг ҳаётларига аралашиб кетамиз-у, нима биландир уларга ўхшагимиз, уларнинг эзгу ишларидан ибрат олгимиз келиб кетади. Ўзимиздаги айрим қусурларни англаб оламиз ва улардан поклана боришга ҳаракат қиламиз. Буларнинг ҳаммаси, асосан, ижобий қаҳрамон туфайли содир бўлади.

Инсонда дидни, савия ва идрокни адабиёт-у санъат тарбиялайди. Инсон қадим-қадимдан илмга интилиб яшайди. Бу йўлда эса китоб унинг доимий ҳамроҳи. 

Ўтмишда ўзини зиёли, мартабали санаган кишилар албатта маънавий мулк ва ўзига хос кутубхонага эга бўлганлар. Бугунги кунда китобларга, кутубхоналарга муносабат ўзгарган. Бунга биринчи навбатда кундалик ҳаётимизнинг комьпютер, интернет тармоғи билан боғлиқлиги сабабдир. Инсон бор экан, адабиёт ва китоб яшашда давом этаверади. Радио, телевидений, интернет бор-ку, улар маънавий эҳтиёжимизни қондиролмайдими, дерсиз. Улар ҳеч қачон китобнинг ўрнини босолмайди.

Бундан хулоса қиламизки, китобга қизиққан инсоннинг йўли нурли кечади. Яхши китоб унга ҳамиша йўлдош бўлади.

А.Тураева,
Тошкент шаҳар «Bilim» АКМ мутахассиси